Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:52

Боқимандаликка қарши Кетмонов, ишсиз қолган шифокорлар ва вальс тушаётган келин-куёвлар


Порахўр мансабдор жиноятини босди-босди қилиш эвазига ўзи бошқага 9500 доллар пора берди. Президентликка номзод Кетмонов боқиманда кайфиятга барҳам беради. Наманганда 475 нафар тиббиётчи ишидан мосуво бўлди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Президентликка номзод Кетмонов боқиманда кайфиятга барҳам беришини маълум қилди”

Ўзбекистон президентлигига Халқ-демократик партиясидан номзод Ҳотамжон Кетмонов аҳоли ўртасида боқимандалик кайфиятига барҳам бериш лозимлигини таъкидлади (“Ўзбекистон овози”, 19 февраль).

18 февраль куни Тошкент шаҳридаги сайловчилар билан учрашган Кетмонов, шунингдек, моддий ёрдам ҳақиқатда кам таъминланган оилалар, қариялар ва болаларга берилишига эришиш, кам таъминланган оилаларга ҳар ойда тўланадиган моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларни бир марталик тўловга алмаштириш механизмини ишлаб чиқиш зарурлигини айтган. Газета хабарида мазкур механизмга оид бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 29 март куни ўтадиган Ўзбекистон президентлиги сайловида қатнашиш учун Ҳ.Кетмоновдан ташқари Ислом Каримов (Ўзбекистон либерал-демократик партияси), Акмал Саидов (“Миллий тикланиш” партияси) ва Наримон Умаров (“Адолат” партияси) номзод сифатида рўйхатга олинган.

“Порахўр мансабдор жиноятини босди-босди қилиш эвазига ўзи бошқага 9500 доллар пора берди”

Тошкент туманлараро почта алоқа тармоғи бошлиғи Исмоил Раҳимовга порахўрлик ва пенсионерларнинг ҳақини ўзлаштириш айби билан иш очилган (“Ҳуқуқ”, 19 февраль).

Шундан кейин Раҳимов жазодан қутулиб қолиш ва ишни босди-босди қилиш учун ўзини подполковник деб таништирган Улуғбек Инагамовга пора берган. Инагамов ишни ёпиб бериш ва Раҳимовни жарима билан қутултириб юбориш эвазига дастлаб 20 минг доллар пора талаб қилган. Раҳимов эса Инагамовга бўлиб-бўлиб 9500 доллар берган.

Кейинроқ Инагамов подполковник эмас, фирибгар экани маълум бўлган. Суд ҳукмига кўра, порахўрликда айбланган почта тармоғи раҳбари Раҳимов 10,6 йил, фирибгарликда айбланган Инагамов 7 йил озодликдан маҳрум этилган.

“Наманганда 475 нафар тиббиёт ходими кутилмагандан ишдан бўшатилди”

Намангандаги тиббиёт муассасаларида фаолият юритиб келган 475 нафар тиббиёт ходими ишдан бўшатилди, уларнинг айримлари ишлаш учун Россияга кетишга мажбур бўлди (“Новий век”, 19 февраль).

Тиббиётчиларнинг ишдан бўшатилишига улар Ногинск тиббиёт билим юрти филиалини битиргани важ қилиб кўрсатилган. Гап шундаки, Намангандаги Ногинск билим юрти филиали 1991 йилда очилган ва унда юзлаб кадрлар таҳсил олган. 1997 йилда билим юрти молиявий жиноятлар сабабли ёпилган бўлса-да, билим юртининг таълим сифати ва дипломига эътироз билдирилмаган.

Аммо орадан 20 йил ўтиб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билим юрти дипломларини яроқсиз деб топган. Ходимларнинг бу тариқа кўчага ҳайдалиши асоссиз деб баҳоланган.

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) минтақавий вакили Олимжон Нуриддинов Ногинск билим юрти дипломига эга мутахассислар малакасига эътирозларни “абсурд” деб атаган.

“Тўйда келин-куёвнинг қучоқлашиб ғарбча валсга тушиши ўзбекона одатга ёт деб баҳоланди”

Тўйларда келин-куёвнинг бир-бирига ёпишганча қучоқлашиб ғарбча валс тушиши ўзбекона қадриятларга ёт одат деб баҳоланди (“Инсон ва қонун”, 17 февраль).

Шу билан бирга, тўй пайти келиннинг дугоналарига гул отиш одати ҳам миллий анъаналарга бегона экани айтилган.

“Бу одатнинг маъноси – гулни биринчи бўлиб тутиб олган қизнинг бахти тезда очилиб, қаллиқ топиб, турмушга чиқиб кетармиш... Уларнинг бу тортишуви гўё “энди эрга тегиш навбати меники” дегандек”, деб ёзади Адлия вазирлиги муассислигида чиқадиган газета мухбири.

Муаллиф минг йиллар давомида шаклланган маънавий қадриятларни сақлашга даъват этади. Айни пайтда, “Биз дунёвий давлат фуқароларимиз. Кимнинг қандай кийиниши, ўзини қандай тутиши унинг шахсий иши, виждонига ҳавола масала” экани қайд этилади.

“Уйида қимор ўйини ташкил қилган фуқаро икки йилга қамалди”

Наманган вилояти Уйчи туманида туғилган Наримон Фозилов уйида қимор ўйини ташкил қилгани учун икки йилга озодликдан маҳрум қилинди (“Диёнат”, 19 февраль).

Қайд этилишича, Фозилов уйида зиёфат уюштириб танишларини чақирган. Зиёфат пайти қарта билан қимор ўйналган.

“Хонадонга билинтирмасдан кириб келган қонун посбонлари қиморбозларни қимор пайтида қўлга олишди”, деб хабар беради газета.

Суд Н.Фозиловни Жиноят кодексининг 278-моддасига кўра айбдор деб топган. Қимор ўйинида иштирок этганларга қандай чора кўрилгани очиқланмаган.

“Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Эмикдош сингилга уйланиш ҳаром”

Ўзбекистонлик таниқли уламо, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мусулмонлардан бирининг саволига жавоб бераркан, эмикдош сингилга уйланиш ҳаром эканини таъкидлади (“Оила даврасида”, 19 февраль).

“Мен туғилганимдан сўнг онамнинг тоби қочган ва бир аёл менга ўз кўкрагини тутган, тўрт-беш марта эмган эканман. Тақдир тақозоси билан ўша аёлнинг қизига совчи қўймоқчиман. Шундай қилиш мумкинми?” деган саволга жавобан уламо ҳадисга асосланиб, насаб жиҳатидан қайси тоифадаги аёлларга никоҳланиш ҳаром бўлса, сут қардошлик туфайли ҳам ўша тоифаларнинг никоҳи ҳаром бўлади, деб айтган.

“Эмиш шарти шуки, икки ёшдан кичик бўлган гўдакнинг қорнига ўз онасидан бошқа бир аёлнинг сути етиб бориши керак. Ана ўшанда у аёл боланинг онасига, эри эса отасига, болалари ака-укаси ва опа-cингилларига айланишади”, дея масалага аниқлик киритган шайх.

“Йигитали Мамажонов хонанда Райҳон истаган бахтли ҳаётни бера олмаганини тан олди”

Актёр Йигитали Мамажонов хонанда Райҳон Ғаниева билан оиласи бузилиши сабабини изоҳлади (“Даракчи”, 19 февраль).

“Ҳеч кимнинг бошига бундай синовлар тушишини хоҳламайман. Балки у хоҳлаган бахтли ҳаётни бера олмагандирман. Шунинг учун ҳам кўнглимда армон бор. Балки мен машҳур эмас, оддий инсон бўлганим учун шундай бўлгандир”, деган Райҳон билан бир неча йил яшаган Й.Мамажонов.

Айни пайтда Москвада кино санъатини ўрганаётган Йигитали Мамажонов эгизак фарзандлари – Исломбек ва Имронбекларни анчадан бери кўрмагани, уларни жудаям соғинганини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG