Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:32

Виртуал президент сайловида овоз бериш бошланди


ВСК томонидан рўйхатга олинган номзодлар
ВСК томонидан рўйхатга олинган номзодлар

Ўзбекистон президенти лавозими учун виртуал оламдаги муқобил демократик сайловда овоз бериш жараёни бошланди. Бу ҳақда Озодликка Виртуал сайлов комиссияси матбуот котиби Улуғбек Бакиров маълум қилди.

Бакировга кўра, виртуал сайловда овоз бериш жараёни 1 март куни Тошкент вақти билан 04.00 да бошланган, бироқ кўп ўтмай Виртуал сайлов комиссияси сайти ишламай қолган.

- Виртуал сайлов комиссияси аввалдан маълум қилганидек, 28 февралдан 1 мартга ўтар кечаси Париж вақти билан тунги 12.00 да овоз бериш жараёни расман бошланди. ВСК раиси Мўътабар Тожибоеванинг расмий нутқи билан бошланган. Виртуал сайлов комиссияси аъзолари биринчилардан бўлиб ўзимиз истаган номзодга овоз бердик. Шундан сўнг Фейсбук ижтимоий тармоғида ҳам бу масала фойдаланувчилар томонидан муҳокама қилинди. Бир неча соат ўтганидан кейин эса Фейсбук, Одноклассники ва бошқа тармоқлар орқали сайловчилардан Интернетдаги веб-саҳифамиз очилмаётгани тўғрисида, сайловчилар овоз беролмасдан, техник муаммолар чиқаётгани тўғрисида бизга хабарлар келди. Мана, ҳозир Европада соат ўн икки ярим бўлди, шу пайтгача – 12 соат давомида бизга номаълум сабабларга кўра очилмаяпти, - дер экан Улуғбек Бакиров айни пайтда ВСК техник ходимлари сайтдаги носозликни бартараф этиш устида ишлаётганларини таъкидлади.

Бакировнинг айтишича, носозликлар бартараф этилиши билан Интернет фойдаланувчилари ВСК сайтига кириб, онлайн овоз беришда иштирок этишлари мумкин.

Ўзбекистондаги президент сайловига параллел равишда глобал тармоқда ўтказилаётган сайловда иштирок этиш учун Виртуал сайлов комиссияси томонидан 12 номзод рўйхатга олинган.

Улардан 3 нафари Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган номзодлар, қолган 9 нафари эса Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида расмий Тошкент сиёсатига нисбатан мухолиф қарашда бўлган номзодлардир.

Виртуал сайлов комиссияси шу йил 29 мартида Ўзбекистонда ўтказилажак президент сайловларида қатнашиш учун Марказий сайлов комиссияси томонидан номзод ўлароқ рўйхатга олинган амалдаги президент Ислом Каримовни виртуал сайловга номзод сифатида рўйхатга олишдан бош тортган ва бунга Ислом Каримовнинг Ўзбекистон конституциясининг 90-моддасини қўпол равишда бузганини асос ўлароқ келтирган. Ўзбекистон қомусининг мазкур моддасида “айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас”, деб кўрсатилган.

Виртуал сайлов комиссияси матбуот котиби Улуғбек Бакировга кўра, ВСК рўйхатга олган номзодлар учун бугундан, яъни 1 мартдан бошлаб 29 мартгача Интернет орқали овоз беришлари мумкин бўлади.

- Виртуал сайлов комиссияси сайтида сайловчиларнинг овоз бериши 1 мартдан 29 мартгача давом этади, яъни 29 мартдан 30 мартга ўтар кечаси Париж вақти билан тунги соат 12 гача давом этади. Сўнгги натижалар ВСК томонидан 30 март куни матбуотда эълон қилинади. Лекин у пайтга қадар сайловнинг дастлабки натижалари, яъни роппа-роса бир ҳафтадан кейин ҳафтанинг ҳар якшанба кунлари Париж вақти билан соат 20.00 да матбуот орқали эълон қилиб борилади, - деди Улуғбек Бакиров.

Виртуал сайлов комиссияси матбуот котиби виртуал сайловда бир кишининг икки ёки ундан кўп марта овоз беришининг олдини олиш учун овоз бериш жараёни фақат ВСК сайтидагина ўтказилажагини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Виртуал сайлов комиссиясининг Интернетдаги манзили http://saylov2015.org.

XS
SM
MD
LG