Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:27

Ўзбекистонда товуқ гўшти 3,5 минг сўмга қимматлади


Шу йилнинг 20 мартидан Ўзбекистонда товуқ гўштининг чакана нархи 8500 сўмдан 12 000 сўмга кўтарилди. Товуқ гўшти билан савдо қилувчи тужжорлар бу ҳолни бройлер фабрикалардан бозорга маҳсулот келиши кескин камайгани билан изоҳлашмоқда.

“Озодлик”нинг мобил мухбирларига кўра, бугунги кунда пойтахт ва вилоятлар марказларидаги бозорларда бу турдаги парранда гўшти аввалгига нисбатан камайиб кетган.

Тошкентнинг “Чорсу” бозоридаги товуқ гўшти растаси сотувчиси Роҳатой Чиналиевага кўра, товуқ гўштини улгуржи харид қилиш учун ҳатто таниш-билишчилик қилишга тўғри келяпти.

“Янгийўлдаги бройлер фабрикадан маҳсулот олардик, негадир маҳсулот келиши деярли тўхтаб қолди. Шунинг эвазига товуқ 12-13 мингга чиқиб кетди, шу ҳам таниш-билишларга. Ҳатто ўтган ҳафтада товуқни 8000 дан сотган пайтларимиз ҳам бўлди. Билмайман, товуқдан касаллик чиқибди, фабрикаларни текшираяпти, деган гаплар ҳам бор. Бир йили “птичий грипп” чиққанида ҳам шундай бўлганди”, дейди Роҳатой.

Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ходими товуқ гўшти бўйича маҳаллий истеъмолчилар томонидан шикоятлар кўпаяётгани боис мутахассислар томонидан қаттиқ текширилаётганини таъкидлади.

“Товуқнинг шубҳали қисқа муддатда - сўйиш ва сотиш учун атиги 1,5 ойда тайёр бўлаётгани истеъмолчиларни хавотирга солмоқда. Шу боисдан ҳам текширишлар ўтказилаяпти. Модомики, текшириш натижалари бўйича генетик жиҳатдан модификациялашган ҳамда товуқнинг ўсишига таъсир қилувчи трансген моддалларнинг мавжудлиги аниқланса, ишлаб чиқариш дарҳол ёпилади ва маҳсулот олиб қўйилади. Маҳсулот камайишига сабаб бизнинг текширишларимиз эмас, балки хориждан мамлакатимизга экспорт ҳажмининг камайгани бўлиши мумкин”, деди “Озодлик” билан микрофонсиз суҳбатда қўмита ходими.

Ҳолбуки, Россия санкциялари ортидан Украина Ўзбекистонга товуқ гўштини экспорт қилиш ҳажмини 2,6 баробар оширганди. Украина Аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазирлигига кўра, ўтган йилда Ўзбекистон Украинадан 15 минг тоннадан кўпроқ товуқ гўшти импорт қилган.

“Озодлик”нинг бу борадаги сўровини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва балиқчиликни ривожлантириш бош бошқармаси жавобсиз қолдирди.

Айни пайтда Украинадан Ўзбекистонга етказилиши керак бўлган товуқ гўшти Россия чегарасидан ўтказилмай қолаётганига оид хабарлар ҳам тез-тез пайдо бўлиб турибди.

XS
SM
MD
LG