Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:02

Зарбдор марказидаги ҳашаматли тўйхона ëниб кул бўлди


Зарбдор туман марказидаги уч юз одамга мўлжалланган “Мафтуна” тўйхонаси аҳоли гавжум масканлардан ҳисбланиб келинган.
Зарбдор туман марказидаги уч юз одамга мўлжалланган “Мафтуна” тўйхонаси аҳоли гавжум масканлардан ҳисбланиб келинган.

Жиззах вилояти Зарбдор туман марказидаги “Мафтуна” ҳамда унга туташ “Версаль” тўйхонасига ўт кетиши натижасида уч одам жароҳат олди. Гувоҳлар 24 март куни рўй берган бу ёнғин ошхонада газ баллони портлаши оқибатида келиб чиққанини айтишмоқда:

- Ҳозир биласиз, газ йўқ, свет йўқ, асосан газ баллонларидан фойдаланилади. Ёнғин ўша тўйхонанинг ошхонасидан чиққан, газ баллон портлаб кетган, дейди ўз исмини айтмаган зарбдорлик йигит.

Зарбдор тумани Ёнғин хафсизлиги бўлими ходими Озодлик билан суҳбатда тўйхонадаги ёнғин сабаблари ўрганилаётганини айтди:

- Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмагани сабаб шу келиб чиққан, энди бу тахминий сабаб, ҳозир бу ўрганилаяпти. Ёнғин газ баллонидан келиб чиққан, деган версия ҳам бор. Ёнғин оқибатида ошхонанинг 130 квадрат метрлик майдони, тўйхонанинг 120 квадрат майдони, том бостирмаси ва шифр қопламаси, ҳаммаси ёниб кул бўлди. Ўт ўчирувчиларимиз кеча ўтни вақтида ўчиришди, деди Зарбдор тумани Ёнғин хафсизлиги бўлими ходими.

Зарбдор туман марказидаги уч юз одамга мўлжалланган “Мафтуна” тўйхонаси аҳоли гавжум масканлардан бири бўлган. Тўй-маъракалардан деярли бўшамай келган бу бинода ёнғин пайти ҳеч қанақа тадбир бўлмаган.

Гувоҳларга кўра¸ ёнғин кучли бўлган ва офат бошланиши билан одамлар ўз вақтида эвакуация қилинган. Ёнғиндан куйиш жароҳатини олганларнинг эса тўйхона ходимлари экани айтилмоқда:

- Бахтга кўра, ўша куни тўйхонада ҳеч қанақа тадбир бўлмаган. Тўйхона ходимлари, ошпазлар, ҳаммаси бўлиб уч киши енгил куйиш жароҳати олган. Улар ёнғин пайти тўйхонадаги қиммат жихозларни олиб чиқаман, деб куйиш жароҳати олишди, дейди Зарбдор туманидаги ёнғин гувоҳларидан бири.

Шу кунларда Ўзбекистоннинг турли вилоятларида газ баллонлар ёки қўлбола иситиш ускуналаридан фойдланиш натижаларида кўплаб ёнғинлар содир бўлмоқда.

Жиззаxлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевга кўра, электр ва газ таъминотидаги узилишлар ёнғинларни келтириб чиқармоқда:

- Жиззах вилоятида электр энергияси ва газ тез ўчиб туради. Шу сабабдан ёнғинлар кўп бўлaяпти. Жиззах ҳокимияти биносидаги ёнғинга ҳам свет ўчиб туриши сабаб бўлган эди. Печками, нимадир очиқ қолиб кетган. Электр ўчиб кейин ёнганида очиқ қолдирилган электр печкасидан бинога ўт кетган эди, бунақа hолатлар жуда кўп бўлaяпти, дейди жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев.

Баъзи холларда бундай ёнғинлар оқибатида инсонлар нобуд бўлмоқда.

Ўтган ҳафтада Самарқанд шаҳридаги хонадонлардан бирида электр сув қайнатгичдан ёнғин содир бўлди.

Уй эгаси тутундан димиққан ҳолда шифохонага олиб борилди ва шифохонада ҳаётдан кўз юмди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг ёнғин хавфсизлиги бошқармаси маълумотига кўра, шу ойни ўзида мамлакатда 150дан зиёд ёнғин қайд этилган ва оқибатда камида уч одам нобуд бўлган.

XS
SM
MD
LG