Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:52

Бутун оиласи учун овоз берган сайловчилар кўп бўлди


Овоз берганлар орасида ҳеч қайси номзодни қўллаб-қувватламаган ва овоз бериш бюллетенини чизиб ташлаган сайловчилар ҳам бўлган.
Овоз берганлар орасида ҳеч қайси номзодни қўллаб-қувватламаган ва овоз бериш бюллетенини чизиб ташлаган сайловчилар ҳам бўлган.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Тошкент вақти билан соат 17.00да сайловчиларнинг 85 фоизидан ортиғи овоз бериб, бирорта қонунбузарлик бўлмаганини иддао қилаётган бир пайтда Озодликка Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан қонунбузарликлар тўғрисида кўплаб хабар келди.

Тошкент вақти билан соат 17.00да, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси матбуот вакиллари учун ўтказилган брифингда президент сайловида жами сайловчиларнинг 85,2 фоизи овоз бериб бўлгани иддао қилинди.

Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов овоз бериш жараёнида қонунбузарликлар содир бўлганига доир хабарлар келиб тушгани йўқ, дея билдирди.

Айни пайтда, Озодликка маълум бўлишича, кўплаб сайлов участкаларида бир хўжалик, баъзан эса бутун бошли кўчадан бир одамнинг бориб бир неча киши учун овоз бераётгани ёки салойв участкаси вакиллари бир номзод учун овоз беришни қатъий тавсия қилаётганига доир ҳолатлар кузатилмоқда.

Озодликка Фарғона вилояти Бешариқ туманидан қўнғироқ қилган сайловчи ўз оиласиниг беш аъзоси учун овоз бериб келганини билдирди.

“Энди бизда одатда сайловга ҳамма боролмайди. Бугун якшанба, иш юмушлари кўп, шунинг учун ўзим бориб беш киши учун овоз бериб келдим. Мен каби оила аъзолари, қариндошлари учун овоз берадиганлар кўп”, дейди бешариқлик сайловчи.

Унинг айтишича, сайлов участкасидаги комиссия вакиллари бир одамнинг бир неча киши учун овоз бераётгани қонунга хилоф эканини тушунтираётгани йўқ.

“Йўқ, ундай эътирозлар йўқ. Ўзлари кўрсатиб беряпти "мана бу ерини белгилайсиз", деб. Бу қонунга зид эканини айтишганам йўқ”, дейди сайловчи.

Суҳбатдошимиз, бутун оиласи номидан Халқ демократик партияси номзоди Хотамжон Кетмонов учун овоз берганини қўшимча қилди.

“Ўша ерда ёшлар Кетмоновнинг имконияти кўп бўлса керак, деб унга овоз беришганларини айтишаётган эди. Мен ҳам Кетмоновга овоз бериб келдим”, дейди сайловчи.

Айни пайтда, Самарқанд вилоятидан Озодликка боғланган сайловчи ўзи яшайдиган кўчадан сайлов участкасига бир киши вакил бўлиб кетганини билдирди.

“Кўчамизда 5-6 хўжалик бор. Битта қўшнимиз ҳамманинг ҳамманинг сайлов таклифномаларини тўплаб кетди. Мен ўзим ҳам бормадим, Кетмоновга овоз беринг, деб таклифномани бериб юбордим”, дейди самарқандлик сайловчи.

Шунингдек, баъзи сайлов участкаларида, сайлов куни бир номзод учун тарғибот олиб борилаётгани хабар қилинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Зангиота тумани Эркин маҳалла фуқаролар йиғинидан Озодликка боғланган сайловчи гапириб берди. Айни пайтда бу сайловчи ҳам бутун оиласи учун овоз берганини айтади.

“Оиламиз номидан президентлик сайловига боганимда, маҳалламиз домкоми келаётган фуқароларга бирин-кетин Ислом Каримовга овоз беришимизни талаб қилди, даъват қилди. Кейин кечаги куни маҳалламизнинг имом хатиби ҳам Ислом Каримовнинг номзодини маъқул кўриши ва унга овоз беришимиз тавсия қилишини айтди”, дейди зангиоталик сайловчи.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Тошкент вақти билан соат 17.00гача сайловчиларнинг 85,2 фоизи овоз бериб бўлгани тўғрисидаги иддаолар ҳам ана шундай қонунбузарликларга асосланган, дейди Россиядан қўнғироқ қилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири. Акаси билан Россиянинг Ёқутистон вилоятида юрган бу суҳбатдошимиз Қашқадарёдаги отаси улар учун овоз бериб келганини айтади.

“Биз акам билан бир неча йилдан бери Россиядамиз. Бугун дадам билан гаплашсам, “сизларнинг номингиздан ўзим овоз бериб келаман”, деди. Ўзи ҳар доим ҳам сайлов шундай ўтадику бизда. Бу сафар ҳам ҳар доимгидек, дадам Каримовга овоз беришини айтди. Мен ўзим овоз берганимда, номзодларнинг бирортасига овоз бермаган бўлардим, чунки бирортаси ҳам бунга лойиқ эмас”, дейди меҳнат муҳожири.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирда камида беш миллиондан ошиқ ўзбекистонлик мамлакат ташқарисида меҳнат муҳожирлигидадир. Уларнинг аксар катта қисми сайлов ёшидагилардир. Ўзбекистонда 20 миллион 800 мингга яқин сайловчи рўйхатга олингани ҳисобга олинса, сайловчиларнинг камида 25 фоизи мамлакат ташқарисида эканини тахмин қилиш мумкин.

Озодликка келаётган хабарларга кўра, 29 март куни овоз берганлар орасида ҳеч қайси номзодни қўллаб-қувватламаган ва овоз бериш бюллетенини чизиб ташлаган сайловчилар ҳам бўлган.

Ўзбекистон президент сайловида тўрт номзод – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ислом Каримов, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Акмал Саидов, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Наримон Умаров иштирок этмоқда.

Президентлик пойгасида ғалаба қилиши кутилаётган амалдаги президент Каримов учун бу тўртинчи сайловдир.

XS
SM
MD
LG