Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:54

Каримовнинг 90 фоиздан кўпроқ овоз олгани эълон қилинди


Сайловда амалдаги президент Ислом Каримовнинг ғалаба қилишига ҳеч қим шубҳа қилмаётган эди.
Сайловда амалдаги президент Ислом Каримовнинг ғалаба қилишига ҳеч қим шубҳа қилмаётган эди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, амалдаги президент Ислом Каримов 29 март кунги сайловда 90 фоиз овоз билан ғалаба қилган. Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистон президенти сайлови “қонун устуворлигига” зид равишда ўтказилганини хулоса қилди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси амалдаги президент Ислом Каримов якшанба кунги сайловда 90 фоиздан ошиқ овоз билан ғалаба қилганини эълон қилди.

МСК раиси Мирзолуғбек Абдусаломов 30 март куни ўтказилган матбуот анжуманида Ислом Каримов 90,39 фоиз овоз билан кейинги беш йил муддатга Ўзбекистон президенти этиб сайланганини билдирди.

МСКга кўра, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, сайловда номзодлар Акмал Саидов 3,08 фоиз, Ҳотамжон Кетмонов 2,92 фоиз, Наримон Умаров эса 2,05 фоиз овоз тўплади, дея хабар қилди нашр.

Якшанба куни уюштирилган сайлов тадбирида Ўзбекистонни 1989 йилдан бери бошқариб келаётган Ислом Каримовнинг ғалаба қилишига ҳеч ким шубҳа қилмаётган эди.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистонда 29 март куни ўтказилган президент сайлови “қонун устуворлигига” зид равишда ўтказилганини хулоса қилди.

ЕХҲТ 30 март куни эълон қилган баёнот “Марказий сайлов комиссияси амалдаги президентни қонун устуворлигига зид равишда номзод сифатида рўйхатдан ўтказиб, унинг мустақиллигини шубҳа остига қўйди”, деган хулоса билан бошланади.

ЕХҲТ Ўзбекистон конституциясида бир шахснинг президент лавозимида қолиши “кетма-кет икки муддат билан аниқ чекланганини” эслатди.

“Амалдаги президент шахси сиёсий майдонда ҳеч бир ҳақиқий мухолифатсиз устунлик қилди”, дея хулоса қилди ЕХҲТ.

Марказий сайлов комиссиясининг иддао қилишича, 29 март кунги овоз беришда сайловчиларнинг 91 фоизидан ортиқроғи қатнашган.
ЕХҲТ Овоз бериш ва уларни ҳисоблаш вақтида ташкилот кузатувчилари борган сайлов участкаларининг кўпчилигида қонунбузарликларга йўл қўйилганини ҳам билдирди.

“Бир неча сайловчилар номидан овоз бериш барча жойларда қўлланилганга ўхшайди ва сайлов комиссиялари кўп холатларда натижалар бўйича баёнотларни тўлдиришда қийинчиликларга учрадилар”, дейилади ҳисоботда.

Бир одамнинг оила аъзолари учун, баъзан эса қўшнилари учун ҳам овоз берганига оид ҳолатлар ҳақида Озодлик ҳам якшанбакуни хабар қилди.
29 март куни Россияда Озодликка қўнғироқ қилган ўзбекистонлик муҳожир Қашқадарёдаги отаси унинг ўрнига овоз берганини гапириб берди.

Биз акам билан бир неча йилдан бери Россиядамиз. Бугун дадам билан гаплашсам, “сизларнинг номингиздан ўзим овоз бериб келаман”, деди. Ўзи ҳар доим ҳам сайлов шундай ўтадику бизда. Бу сафар ҳам ҳар доимгидек, дадам Каримовга овоз беришини айтди. Мен ўзим овоз берганимда, номзодларнинг бирортасига овоз бермаган бўлардим, чунки бирортаси ҳам бунга лойиқ эмас”, дейди меҳнат муҳожири.

Ўзбекистонни 1989 йилдан бери бошқариб келаётган Ислом Каримов учун бу тўртинчи президент сайловидир.

ЕХҲТ Ўзбекистонда сайлов муҳити демократик тамойилларга мос келмагани важидан президент сайловига чекланган кузатув миссиясини жўнатган.

Айни пайтда Россия, МДҲ ва ШҲТ ташкилотларидан келган кузатувчилар сайловлар қонунбузарликларсиз ўтганини таъкидлашмоқда. Хусусан Россиялик кузатувчилар гуруҳига етакчилик қилган Владимир Чуров овоз бериш жараёни сайловчиларнинг фаоллигида ўтганини билдирди.

“Биз сайловчиларга босим ўтказилганини сезганимиз йўқ. Ҳамма эркин, ўзларининг республикада қандай президент ҳокимияти кераклиги тўғрисидаги тасаввурларидан келиб чиқиб, овоз берди”, дея таъкидлади Россия марказий сайлов комиссися раиси.

XS
SM
MD
LG