Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:42

"Тошкент ИШИД жангариларини "муносиб" кутиб олишга тайëр!"


ИШИД сафида жиҳод қилаëтган ўзбекистонликлардан бири.
ИШИД сафида жиҳод қилаëтган ўзбекистонликлардан бири.

10 апрель куни Тошкентга келган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат махсус хизматлари ва ҳуқуқ тизимлари раҳбарлари “Исломий давлат” террор гуруҳига қарши курашни мувофиқлаштириш йўл-йўриқларини муҳокама қилишга киришди. Минтақавий аксилтеррор тузилмаси шунингдек Интернетдан террор мақсадларида фойдаланишни тўхтатиш бўйича қўшма машғулотлар ўтказиш режасини ҳам кўриб чиқади.

Кун тартибидаги асосий масала – “Исломий давлат”

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти қошидаги Минтақавий аксилтеррор тузилмаси расмийсининг матбуотга билдиришича¸ Тошкент йиғини кун тартибига террорчилик¸ айирмачилик ва экстремизмга қарши курашнинг 2016-2018 йилларга мўлжалланган дастури лойиҳаси¸ ШҲТнинг экстремизмга қарши кураш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва “Исломий давлат”(бирламчи номи Ироқ ва Шом ислом давлати – ИШИД) террор гуруҳи таҳдидига қарши биргаликдаги чора-тадбирлари муҳокамаси киритилган.

Дунëдаги энг қудратли махсус хизматлардан деб кўриладиган Хитой ва Россия хавфсизлик тизимлари раҳбарлари шунингдек¸ Интернетдаги террорчи¸ айирмачи ва экстремистик гуруҳларни фош этиш юзасидан биргаликда машғулотлар ўтказиш режасини ҳам обдон кўриб чиқади.

ШҲТ аксилтеррорчиларининг Тошкент йиғинида хавфсизлик хизматлари раҳбарларининг биринчи ўринбосарлари даражасидаги расмийлар иштирок этмоқда.

ШҲТ нинг аксилтеррор тузилмасига Россия¸ Хитой¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Тожикистон ва Ўзбекистон кучишлатар тизимлари аъзодир.

ИШИД шохида юрса¸ Тошкент баргида...

ШҲТнинг Тошкент йиғини муносабати билан Озодликка гапирган ўзбек махсус хизматлари фаолиятидан яхши хабардор таниқли таҳлилчи Рафик Сайфуллин¸ "Исломий давлат”нинг нафақат расмий Тошкент¸ балки аксар дунë учун бош оғриққа айланганини таъкидлайди:

- ИШИД нафақат Ўзбекистон¸ балки дунëнинг жуда кўп давлати учун таҳдид солмоқда. Бу ерда ҳеч ким ушбу таҳдидга кўз юмаëтгани йўқ. Бу ерда¸ дер эканман¸ мен Ўзбекистонни назарда тутаяпман ва тошкентдагилар бу ташкилотдан келаëтган кўнгилсиз эҳтимоллардан яхши огоҳ. Сизни ишонтириб айтишим мумкинки¸ Ўзбекистон махсус хизматлари ишидчиларнинг Ўзбекистон тупроғига оëқ босмаслиги учун энг кескин чораларни ишга солмоқда¸ дейди Рафик Сайфуллин.

Таҳлилчи тилга олган бу чоралар орасида:

- Биринчидан¸ ўзбекистонлик ëшларнинг ИШИД таъсирига тушиши олдини олишга қаратилган профилактика амалиëтлари олиб борилмоқда.

Иккинчидан¸ ИШИДга алоқаси бор ва шунинг орқасидан қандайдир чақа ишлаëтганлар қаттиқ назорат остида

Учинчидан¸ ИШИДга қўшилганлар¸ Ўзбекистонга қайтаман дегудек бўлса¸ Европадагидан фарқли уларни остонадаëқ қамоққа олиш. Ишонтириб айта оламанки¸ уларни Ўзбекистонга кутиб олишнинг ўзига хос дастури таппа-тайëр...

Ва ниҳоят тўртинчидан¸ агар ИШИД қандайдир амалиëтларга ҳозирлангудек бўлса¸ бу борада Россия билан жуда яқин ҳамкорлик ришталари мавжуд ва бундай ҳолда дарҳол қўшма ҳаракат қўлланилади¸ дейди ўзбекистонлик таниқли таҳлилчи.

ИШИД афғон-туркман чегараси бўйлаб тўпланмоқда..

Central Asia Online Интернет сайтида чоп этилган “Ўзбекистон ИШИДнинг Марказий Осиëга яқинлашаëтганидан хавотирда” деб номланган мақолада Миллий хавфсизлик хизмати ходими Бахтиëр Шарафов ИШИД жанггариларининг афғон-туркман чегараси яқинида пайдо бўлганини Афғонистон махсус хизматлари тасдиқлаганини ëзди.

Озодлик билан суҳбатда Рафик Сайфуллин ҳам афғон-туркман чегарасининг илма-тешик бўлиб ëтгани жангариларнинг бу ердан ўтишини осонлаштириб қўйганини эътироф этган ҳолда¸ Ўзбекистон хавфсизлик тизимлари бу муаммо устида ҳам жиддий иш олиб бораëтганини қўшимча қилди.

29 март кунги президент сайловлари арафасида ИШИД жангариларининг Ўзбекистон ҳудудига эҳтимолий хуружини бартараф этиш мақсадида афғон-туркман чегарасини қўриқлаш жараëнига ўзбек ва Россия чегарачилари жалб этилгани ҳақида маълумотлар тарқаган эди.

Айни пайтда¸ ўзбек-туркман сарҳадини қўриқлашнинг ҳам кучайтирилгани айтилади.

Расмий Тошкент томонидан узоқ йиллар Ўзбекистондаги тинчликка асосий хатар деб қараб келинган Ўзбекистон исломий ҳаракати жангариларининг ИШИДга қўшилиши¸ ўзбек хавфсизлик хизмати таъкидича¸ шунчаки алоҳида олинган террор хуружлари эмас¸ ИШИД жангариларининг Ўзбекистон ҳудудига кенг кўламда бостириб кириш эҳтимолини ҳам оширмай қолмаган.

Ўтган ой Қозоғистонда қўлга олиниб¸ Қирғизистон хавфсизлик хизматига топширилган ўшлик жанггари ИШИД ҳозирлаëтган режалар орасида Ўзбекистон ҳудудида террор амалиëтлари ўтказиш ҳам борлигини эътироф этган эди:

- У ердаги бир дўстим, исми Абдуллоҳ, "агар қайтсанг, ёрдам бер", деди. Мен: "Қандай ёрдам бера оламан" десам, у: "Ўзбекистонга ҳужум қиламиз, Миллий хавфсизлик хизмати ва бошқа жойларни портлатамиз", деди. Мен: "Майли, агар Оллоҳ учун бўлса, қиламан, нима қилиш керак?" дедим¸ деган эди Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасида журналистлар билан гаплашган ўшлик жиҳодчи йигит.

Террорга қарши террор - самарасиз

Ўзбекистон МХХ собиқ ходими Икром Ëқубов Ғарб давлатларининг террор гуруҳларига қарши тажрибаси¸ ИШИД каби ташкилотларга куч¸ хусусан¸ ҳарбий куч билан курашишнинг самарасиз эканини кўрсатганини таъкидлайди.

- Ғарб махсус хизматлари террорчиликни куч¸ хусусан¸ ҳарбий куч воситасида тўхтатиб¸ йўқ қилиб бўлмаслигини¸ унинг самарасиз эканини¸ аксинча¸ аҳолини янада радикаллаштиришини яхши тушунишди. Бундай кураш усули одамларни радикаллаштиради¸ радикаллушв эса терроризмга бошлайди. ИШИД каби гуруҳлар мафкурасига исломнинг ўзининг ичидаги мўътадил уламолар билан келишилган ҳолда курашиш керак¸ дейди Озодлик билан суҳбатда МХХ собиқ зобити.

Айни пайтда нафақат Ўзбекистон¸ балки бутун минтақада эътиборли саналган ислом олимлари ўз жамоасини ИШИД фитнасидан огоҳлантириб келмоқда.

Хусусан¸ ўтган ой вафот этган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ИШИДга нисбатан ислом уламолари муносабатини ўз ваъзларида мусулмонларга етказишга уринаëтган эди:

- Бир ташкилот бор - ўзларини "Ироқ ва Шом ислом давлати" деб номлаб олган. Икки кун аввал улар Ислом халифалигини эълон қилишди. Улар паспортини ҳам эълон қилишди. Буларга нима дейишимиз керак деб туриб, бомдоддан кейин Интернетга кириб, электрон почтамни очсам, Дунё мусулмон уламолари иттифоқидан менга хат келибди: "Ўша халифалик эълон қилган ташкилот бекорларни айтибди, мусулмонлар бунга қулоқ солмасин, мусулмон миллатига тегишли гапларни мусулмон миллати тан олган уламолар маслаҳат қилиб, бир овоздан ҳал қилиши керак", деган гапларни айтaяпти, деган эди шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўтган йилги ваъзларидан бирида.

Шайх каби эътиборли уламолар ваъзларига қарамай¸ ИШИД сафига қўшилаëтган ўзбекистонлик сонининг ошгани кузатилмоқда.

Ўзбекистонлик жангарилар иддаосича¸ ИШИД сафига қўшилган ўзбекистонликлар сони бир неча мингни ташкил этади.

Аммо ўзбекистонлик мутахасисис Рафик Сайфуллин¸ ИШИДга қўшилган ўзбекистонликлар сонининг 500 нафардан ошмаслигини билдирди.

XS
SM
MD
LG