Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:43

Хоразмга уч ойда Россиядан ўттиздан ортиқ тобут келди


Қозон шаҳридаги гипермаркетдаги ёнғинда 16 нафар ўзбекистонлик нобуд бўлган эди
Қозон шаҳридаги гипермаркетдаги ёнғинда 16 нафар ўзбекистонлик нобуд бўлган эди

Жорий йилнинг январь-март ойларида Хоразм вилоятига Россиядаги меҳнат муҳожирларининг ўттиздан ортиқ тобути келди. Бу ҳақда хабар тарқатган "Нажот" инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, муҳожирликда ўлганларнинг ярми март ойида Қозон шаҳрида содир бўлган ёнғинда нобуд бўлган.

Жорий йилнинг 18-20 март кунлари Хоразм вилоятига Россиядан 16та меҳнат муҳожирининг тобути келтирилган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш “Нажот” ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовнинг айтишича, бу муҳожирлар Қозон шаҳридаги “Адмирал” савдо марказида 11 март куни қурбон бўлган:

“Мен Қозон фожиасининг қурбони 53 яшар Муборак Қурбонованинг жанозасида қатнашган эдим. Унинг ва ўша фожианинг бошқа қурбонлари яқинлари билан суҳбатлашдим. Бу воқеадан кейин жасадларни таниш учун уларнинг қариндошлари Қозонга борган. Таниб бўлмас даражада куйган жасадларни эса қариндошларидан ДНК олиб аниқлашган. Ўзбекистон ҳукумати жасадларни олиб келишда ҳукумат ёрдам берганлигини ҳам айтишим керак ”, деди Ҳайитбой Ёқубов.

Инсон ҳуқуқи фаолига кўра, ташкилот олиб борган мониторинг натижасида жорий йилнинг уч ойида Россиядан жами ўттиздан ортиқ муҳожирлар ўлиги келгани аниқланган:

“Россиянинг Брянск шаҳридаги автоҳалокатда ўлган 16 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан беш нафари хоразмлик эканлигини аниқладик. Бундан ташқари, ўз ажали билан ёки бахтсиз ҳодисалар туфайли ҳалок бўлганларни рўйхат қилиб чиқдик. Умумий рўйхат ўттиз нафардан ошди”, дейди Ҳайитбой Ёқубов.

“Нажот” ташкилоти олиб борган мониторингга кўра, Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлариниг бир нечасига жиноят ишлари очилган:

“Ўтган уч ой мобайнида 11 нафар хоразмлик меҳнат муҳожирларига жиноят иши очилган. Улар номусга тажовуз қилиш, зўравонлик ва ўзаро жанжалларда совуқ қурол қўллаганликда айбланмоқда”, деди Ҳайитбой Ёқубов.

Меҳнат муҳожирларига Россияда ишлаш шароити оғирлашгани, рублнинг қадри кескин тушиб кетгани, “Юк 200”ларнинг келиши кўпаяётгани ҳам уларни Россия сафаридан воз кечишга мажбур қилолмаяпти.

Хоразмлик тадбиркор Қаҳрамон аканинг айтишича, ёшлар бу йил ҳам гуруҳ - гуруҳ бўлиб Россия ва Қозоғистонга кетмоқда:

- Шовот туманида одам ҳам қолмади десак бўлади. Ҳамма ёшлар ура қилиб Россия ва Қозоғистонга кетяпти. Мен ҳозир машинамни ювдириш учун мойкага келгандим. Ишчилари ташлаб кетибди, хўжайинининг ўзи ювяпти машиналарни. Тўғрида битта машинани 2 киши бўлиб ювишади, ўшанга 13 минг сўм олади. Шундан 3 минг сўмини ишчилар олади экан, 10 мингини топширади экан. Бу пулга ким ҳам ишлайди,- дейди Қаҳрамон ака.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдан ташқарида меҳнат муҳожирлигида бўлган ўз фуқароларининг қанчаси ўлгани ёки қамоққа ташлангани ҳақидаги рақамларни бирор марта матбуотга очиқламаган.

Санкт-Петербургдаги “Ёшлар” ҳаракати раҳбари Махсуд Абдужабборовга кўра, Россиядан Ўзбекистонга жўнатилган “Юк 200”, яъни турли нохуш ҳодиса ва касалликлардан нобуд бўлиб, юртига юборилган ўзбекистонликлар сони 2008-2010 йилларда 164 нафар бўлган бўлса¸ кейинги тўрт йил ичида 48 минг 674 кишига етган.

Норасмий маълумотларга кўра, ҳар йили Россияга 5-7 миллион меҳнат муҳожири боради.

Россия Федерал Миграция хизматининг шу йил апрель ойигача берган маълумотига кўра, Россияда қайдга олинган ўзбекистонликлар сони 2 миллиону 104 минг кишини ташкил этган. Ташкилот интернет сайтида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг бу йилги оқими биринчи апрелгача қарийб 112 мингга камайгани ёзилган.

XS
SM
MD
LG