Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:18

"Сўхликларни қароқчилардан ким қутқаради?"


Озодликка мактуб йўллаган сўхлик муштарий Ўзбекистоннинг Қирғизистон ичкарисидаги эксклави аҳолиси қирғиз ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва айрим ғаламис шахсларнинг мунтазам пул ундириш воситасига айланиб қолганидан шикоят қилган. Мактуб ўзгаришларсиз, муаллиф стилистикасини сақлаб қолган ҳолда чоп этилмоқда.

Яқинда Озодликда ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш жараёнини жонлаштирш масаласида Қирғизистон ҳукуматининг Тошкентга юбораётган ноталари жавобсиз қолаётгани ҳақида мақола эълон қилинган эди.

Чегарани аниқлаш буйича давлатлараро комиссиясининг охирги учрашуви ўтган йилнинг март ойида Тошкентда бўлиб ўтган. Комиссия ишида иштирок этган ўзбекистонлик вакилнинг айтишича, икки томон келишуви тўғрисида протокол тузилган, уни имзолашдан олдин бир танаффус қилайлик деб, қирғизистонлик расмиийлар қайта залга кирмасдан том маънода қочиб кетишган. Ўзбекистонликлар аэропортгача орқаларидан борган, лекин улар имзо қўйишдан бош тортганлар ва шунча қилинган саъю ҳаракатлар барбод бўлган.

Аслида ўзбек-қирғиз чегарасида яшовчи аҳолининг чегара билан боғлиқ муаммолари кундан кунга мураккаблашиб бораяпти.

Сўх анклавида яшовчи аҳолининг қирғизлар билан муносабати тўғрисида жуда куп тахлилий ахборот ва материаллар оммавий ахборот воситаларида жамоатчилик аҳлига етказилаяпти.

Биз чегара атрофидаги аҳоли пунктларида яшайдиган фуқаролар шуни айтишимиз мумкинки, вазъиятни таранглашишига асосий сабабчи қирғизистонликлар. Чунки қирғизларда бир устувор давлат ва давлатчиликнинг ўзи йуқ. Қирғиз халқи ўзининг ҳукумати ва ҳукумат тепасида ўтирган раҳбарларини умуман тан олмайди, хоҳлаган ишини қилаверади. Раҳбарларнинг гапи уларга ўтмайди, чунки балиқ бошидан сасиган.

СўхнингЧашма қишлоғида яшовчи 400 яқин хонадон ўтган йилнинг жарима ёзидан буён сувсиз қолди. Тўрт-беш нафар қирғизистонлик ғаламислари битта хонадонга йул очишбаҳонаси билан ариққа шағал тўкиб, сув йўлини бекитиб қуйишди. Ахир бу юз йиллардан бери мавжуд ариқ эди-ку! Бугунга келиб очиқдан очиқ ҳукуматдагилар гапига кирмаган бир неча нафар оддий аҳоли ариқни очишга тўсқинлик қилмоқда.

Ўтган йилнинг июнь ойида Қирғизистоннинг Қадамжой туманидаги Бирлик қишлоғи раҳбари Ҳасан Жўраев “бу оддий масала, ундан ортиқ катта муаммоларни ҳал этишга қурбимиз етади”, деб Озодликда жар солган эди. Аслида бу мулозим ўз фуқароларини ўзиниг орқасидан эргаштира олмаяпти.

Ҳозир Қиргизистон фуқаросига йул очилди, аммо Чашма аҳолисига ариқни очиб сув бермаяпти.

Яна ўша тўрт-беш нафар манфаатдор ғаламис чегара блок пости қуйилган айланма йулни очишини талаб қилаяпти. Бундан ягона мақсад ўғирлик йули билан халқ моддий бойликларини ноқонуний олиб ўтишдир.

Бу масалани қонун доирасида ҳал этишга қирғиз расмийлари шошилмаяпти. Яқинда бўлиб ўтган Сўхдаги Наврўз тантаналарида ўзининг куч ишлатар тизим раҳбарлари билан қатнашган Қадамжой тумани ҳокими Акрам Мадумаров 23 март куни ушбу масалани жойида кўриб чиқиб, ҳал этишни ваъда берган эди, аммо орадан бир қанча вақт ўтишига қарамасдан мулозимдан ҳанузгача дарак йуқ.

Ушбу масала юзасидан Чегара қўшинлари қўмондони ҳам қирғиз ҳамкасабаларига расмий мактуб жўнатган, аммо улар ҳанузгача жим.

Анклав атрофидаги қирғиз аҳоли пунктларига Сўх ҳудудидаги Шарқобод, Ғазнов, Ленбург қишлоқларидан еттита каналга сув боради. Қирғизлар баҳорнинг илк кунлари Сўх ҳудудига келиб, ариқ сув йўлларини тозалаб кетишди. Ўзбекистонликлар қўшничилик анъаналарига таянган ҳолда уларга имконият яратиб, қўшниларига қўлдан келганича ёрдам бердилар.

Яна бир мулоҳаза: андишали одамни қўрқоқ дейдилар деганлари рост экан. Мана қанчадан қанча қирғиз -ўзбек муносабатлари бўйича баҳс, мунозарали фикр мулоҳазалар. Бугунги кунда Сўх туманидаги бозорлару савдо сотиқ дўконларида, ошхонаю чойхоналарида қиғизистонлик фуқароларининг сон - саноқсиз ташрифларини кузатиш мумкин. Қирғиз фуқаролари ўзларининг шахсий машиналарида келиб, машиналарини хоҳлаган,хаттоки тақиқлаган жойларга қўйишлари мумкин. Ҳеч ким уларнинг пишакларини пишт демайди. Агар маҳаллий аҳоли вакиллари билан бирон бир низо чиқса, ҳуқуқ - тартибот органлари ходимлари сўраб суриштирмасдан маҳаллий фуқароларни тартибга чақирашади.

Агар йўлингиз қўшнилар маҳалласига тушиб қолса, бунинг аксини кузатасиз. Манзилдан манзилгача етгунча ваҳму қўрқув билан йўл юрасиз.Чунки айрим тартибсиз қирғиз фуқаролари йўлингизни тўсиб, машинангизга тош отиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Сўхлик фуқароларга қирғиз фуқаролари томонидан қилинган авбошликлар ва етказилган моддий ва маънавий зарар тўғрисида Озодлик радиоси бир неча хабар, мақолалар берган эди.

Кекса ота - боболаримиздан эшитишимча, қирғизларда гадо, тиламчи, ўғрилар азалдан бўлмаган. Кўрсангиз жуда кўп хонадонлар деворлар билан ҳам ўралмаган, бамайлихотир умргузаронлик қилишади қўшнилар.

Аммо бугунчи? Бугун шу гадо, тиламчи, ўғри - қароқчиларнинг норасмий вакиллари Қирғизистонда тўлиб кетган.

Улар ким экан деб савол ҳам берасиз. Улар ҳуқуқ - тартибот органи вакиллари: мелиса, чегарачи посбону божхона хизматчилари. Нега дейсизми? Йўл тўсар қирғиз ДАН ходимлари мунтазам равишда ҳар бир ўзбекистонлик енгил ва юк ташувчи машина ҳайдовчиларидан 5 мингдан 200, 300 минг сўмгача пул ундирмаса куни ўтмайди. Ҳайдовчи йул тўсар ходимга ҳужжат кўрсатмасдан муайян суммани берса иши битиб кетаверади. Агар бордию пул ўрнига ҳужжат тақдим қилса, ўша ҳайдовчига фожиа деяверинг. ГАИ тирноқ ичидан кир қидираверади, конкрет ставкани кўтараверади. Ҳеч бир тортинмасдан “50 минг берасан”, оғзингиздан овоз чиқдими “100,200,300” мингни ташла, деб туриб олади...

Унинг фақат пул ўйлаётган хум калласига қонунчиликни сингдиришнинг фойдаси йўқ... Овора бўласиз, холос.

Айтсам тилим, айтмасам дилим... Сўхга сўхликларнинг кундалик тирикчиликлари учун гўшт, тухум, картошка ва сабзидан бошқа ҳама маҳсулот четдан олиб келинади. Норасмий манбаларнинг ҳисоб -китобларига кўра, кунига сезон маҳалида Сўхга 40-50 тагача юк машиналарида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, қурилиш ва бошқа истеъмол моллари кириб келади. Айтишларича, ҳар бир машина олиб келаётган маҳсулотлари учун постларга, айниқса, қўшни Қирғизистон чегара, божхона, милиция ва бошқаларига 100 минг сўмдан (маҳсулот турига қараб) 300-400 минг сўмгача маблағ сарфлашар экан. Агар Сўхга кунига ўртача 30 машина ва ҳар бир машина ҳаражатини ўртача ҳисобда 150 минг сўмдан ҳисобласангиз бу кўрсатгич кунига 4 миллион 500 минг сўмни, бир ойга 135 миллионни ташкил қилади. Бу маблағ йилига қанчага тенглашишини эса ўзингиз ҳисоблаб олаверинг.

Яна бир масала. Ўзбекистон фуқаролари ўзларининг енгил машиналарида 30-40 килограмм қишлоқ хўжалик маҳсулотларини бемалол қирғиз постларидан олиб ўтолмайдилар. Қирғизистон божхона хизматчилари декларация сўрашади, бордию декларация ёзилмаган бўлса, албатта пул сўрашади. Улар билан баҳслаш фойдасиз. Орқага қайтаришади.

Шу ҳолатларни қирғиз мулозимлари билишармикан? Аслида уларга ким ҳам қулоқ солар эди!!!!

Парвоз Ҳакимов, Сўх тумани.

XS
SM
MD
LG