Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:56

Ўзбекистон жанубида кўчки хавфи боис юзлаб оила кўчирилди


Сурхондарё вилоятининг Узун тумани Хонжиза қишлоғи атрофидаги тоғли адирликларда кўчки хавфи боис у ерда яшовчи аҳоли хавфсиз жойларга кўчирилмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати расмийлари тоғли ҳудудда кўчки хавфи ҳамон аримагани, хавф бартараф этилмаса аҳоли у ерга умуман қайтарилмаслиги мумкинлигини айтишмоқда.

Узун туманилик Ихтиёрнинг Озодликка айтишича, ўзи ва туманнинг Хонжиза қишлоғида яшовчи минглаб аҳоли 6 апрелдан бошқа жойларга кўчирилган:

-Тоғ кўчади, кетинглар бу ердан деяпти. У ерга ҳозир ҳеч кимни қўймаяпти. Ҳар километрига пост қўйган. Одамлар чиқиб кетяпти, ортга қўймаяпти. Икки юзга яқин оила кўчирилди. Одамлар орқа томонлардаги тоғ бағрида жойлашган қишлоқларга олиб ўтилмоқда, - дейди Ихтиёр.

Исми сир қолишини истаган узунлик бошқа бир фуқаро кўчирилганларни кўпчилиги уй-жой билан таъминланмай, кўчада қолиб кетганини айтади:

- Ҳангардак деган қишлоқ бор, у ерга кўчиришяпти. Кейин Бандихон қишлоғи бор, ўша ерга ҳам кўп одамларни кўчиришди. Кимни қариндоши бўлса қариндошиникига, таниши бўлса танишиникига кўчяпти. Қариндоши бўлмаганлар кўчада, чодирда қолмоқда. Вақтинча яшаб туринглар, кейин уй-жой, ер берамиз, деяпти ҳокимиятдагилар, - дейди Узун тумани аҳолиси вакилларидан бири.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати расмийларига кўра, Хонжиза маҳалласи атрофидаги тоғли адирликларда 480-500 минг м3 ер сурилиши оқибатида кўчки излари ва ёриқлари аниқланиши ортидан у ердаги аҳолини кўчиришга киришилган:

- Ҳамма аҳоли у ердан хавфсиз жойга кўчирилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ҳозир ҳам келгани йўқ. Ўша ерда ётишибди. Иккита томонига пост ташкил қилинган. 6 апрель куни аниқланган бўлса бир ой, икки ойгача ходимларимиз ўша ерда ётишар. Ҳозир кўчки мавсуми. Кўчирилган аҳоли яшаш шароитлари билан таминланган, тиббий ёрдам, озиқ-овқат бериляпти,- дейди Озодлик боғланган ФВВ матбуот ҳизмати расмийси.

Айни пайтда кўчирилган хонжизаликлар қачон ўз уйларига қайтишларини билишмайди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати расмийси тоғли ҳудуддан кўчки хавфи ҳамон аримагани, хавф бартараф этилмаса аҳоли у ерга умуман қайтарилмаслиги мумкинлигини айтади.

- Буни мутахассислар ҳал қилади. Геология ҳизмати бор, аниқлайди, хавф борми, йўқми. Агар хавф бўлса, у ёққа халқ умуман қайтарилмайди. Кадастр аниқлайди. Кўчирилганларга уй-жойлар ажратилади. Ҳозир кўчирилган аҳолига ҳокимият ёрдам беряпти. Мени ўзим бориб кўриб келдим, шароитлар яхши, - деди ФВВ матбуот ҳизмати расмийси.

Тожикистон жануби билан чегарадош Сурхондарё вилоятининг Узун тумани Афғонистондан Тожикистон орқали Ўзбекистонга террорчи гуруҳлар сизиб кириш эҳтимоли катта бўлган тоғли ҳудуд ҳисобланади.

2000 йил бошида Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг бир гуруҳ жанггарилари Сурхондарёнинг Узун туманига кирган эди.

Ўша воқеа ортидан Узун туманининг тоғли ҳудудларидан аҳоли мажбуран кўчирилган эди.

XS
SM
MD
LG