Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:59

Камбағал ололмаган "имтиёзли" чорва ўқитувчига алдаб-сулдаб ўтказилмоқда


Президент қарорига асосан таклиф қилинаётган имтиёзли "Машка" сигирлари кам таъминланган оилалар учун оғирлик қилмоқда.
Президент қарорига асосан таклиф қилинаётган имтиёзли "Машка" сигирлари кам таъминланган оилалар учун оғирлик қилмоқда.

Андижон вилоятида кам таъминланган оилаларга имтиёзли кредит ҳисобидан сигир, қўй, эчки, қуён ва товуқ тақдим этиш дастури амалга оширилмоқда. Лекин ҳукумат “хайрли” ниятда тадбиқ этаётган дастур шарт-шароитлари кам таъминланган оилаларга тўғри келмагани боис, “имтиёзли” қўй-қўзи мажбуран бюджет ташкилотлари ишчиларига ўтказилмоқда. Таклиф қилинаётган зотдор сигирларнинг нархи 11 миллион сўмдан бошлангани учун уларга харидор топиш анча қийин кечмоқда. Бундан ташқари вилоятдаги парранда фабрикаларида етиштирилган товуқлар имтиёзли кредитлар эвазига ўтказилмоқда.

Андижонда Ўзбекистон президентининг “чорва молларини кўпайтиришни рағбатлантириш тўғрисида”ги қарорига асосан кам таъминланган оилаларга имтиёзли кредит ажратилиши ҳисобидан сигир, қўй, эчки, қуён ва товуқларни беришга доир чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Лекин бу жараёнга алоқадор мутасадди ташкилотлардан бирининг ходимига кўра, таклиф этилаётган имтиёзларнинг шартлари кам таъминланган оилалар шароитига, юмшоқ қилиб айтганда, тўғри келмагани боис, президент қарорида кўрсатилган чора-тадбирлар амалга ошмай қолмасин учун имтиёзли уй хайвонлари бюджет ташкилотлари ишчиларига мажбурлаб ўтказилмоқда. Вилоят туманларидан бирининг ҳокимлиги вакили, Озодлик билан суҳбатда, имтиёзли кредит олиш учун кам таъминланган оилалардан машина ёки бошқа мулкни кафолат сифатида кўрсатиш талаб қилинмоқда, дейди.

“Биз маҳалла қўмиталари ёрдамида кам таъминланган оилаларни аниқлаб, уларни имтиёзли кредит олишга тавсия қилган эдик. Лекин кейин улардан кафолат талаб қилина бошланди. Масалан, сигир олиш учун гаровга машина қўйиш керак, қўй, эчки, қуён, товуқ учун ишловчи икки одам кафил бўлиши керак. Бундан ташқари қоғозларни расмийлаштириш учун кетадиган 600 минг сўм харажати ҳам кам таъминланган оилаларга юкланмоқда. Энди, улар ўзи кам таъминланган бўлса, машина билан 600 минг сўмни қаердан олади?”, дейди ҳокимлик вакили.

Шу сабабдан, дейди суҳбадошимиз, кам таъминланган оилалар имтиёздан воз кечишмоқда. Бундан ташқари имтиёзли кредитнинг йиллик устама ҳақи 14 фоизни ташкил қилгани боис, кам таъминланмаган оилалар буни имтиёз сифатида кўрмаяпти, дея таъкидлади ҳокимликдаги Озодлик манбаси.

“Қўй сигир олман, деган оилалар бор эди. Лекин машина билан 600 минг сўмлик харажатни эштишиб, кам таъминланган оилалар “бизга керакмас” деб қайтиб кетди. Имтиёзли кредит ҳам Халқ Банки томонидан 14 фоизга бериляпти. Ўзи камбағал бўлса, албатта, шароитларига тўғри келмайди-да. Сигирнинг нархи 11 миллион сўм, қилиб белгиланган. Бизда “Машка”, дейладиган Ҳолландиянинг сигири экан. Банк пулини туман агрофирмасига ўтказиб бераркан, сиз кириб, шохидан судраб олиб чиқиб кетишингиз мумкин экан”, дейди ҳокимлик ходими.

Андижон вилояти ҳокимиятнинг қишлоқ хўжалик ва иқтисодий масалалар бўйича мутасадди бўлимлари вакиллари Озодликнинг мавзу хусусидаги саволларига “имтиёз бериляпти, лекин машинани гаровга қўйиш талабидан хабаримиз йўқ”, дея таъкидлашди.

Лекин имтиёзли кредитларни тақдим этаётган Халқ Банкининг Андижон вилояти бўлими вакили чорва ва парранда учун имтиёзли кредит уй ҳайвони нархини қоплай оладиган гаров эвазига берилади, дея тасдиқлади.

“Машина қўйса ҳам бўлади, уй-жойини ҳам қўйса бўлади. Ёки кимдир кафиллик бериши мумкин. Бу сигир ё қўйнинг нархига боғлиқ бўлади”, деди банк вакили.

Туман ҳокимлигидаги Озодлик манбаси имтиёзли уй ҳайвонларига кам таъминланган оилалар орасида талабгорлар бўлмагани учун шартномалар бюджет ташкилотлари ходимлари билан мажбуран тузилмоқда, дейди.

“Бизга 10та сигир, 40та қўй, 7 мингта товуқ ажратишган. Лекин ҳалигача бирорта ҳам кам таъминланган оила билан шартнома туза олмадик. Шунинг учун ўзимиз бир-биримизга кафолат ёзиб ҳозир товуқларни оладиган бўлиб турибмиз. Ҳозир товуқларнинг 3400тасини ойнинг охиригача ўтказишимиз тўғрисида топшириқ бор. Қўйларни ўқитувчиларга алдаб-сулдаб, тушунтириб ўтказяпмиз. Сигирларни ҳеч ким олмади. Ўзига тўқ оилаларга таклиф қилган эдик, улар рози бўлишиб турган эди, лекин гаровга қўйилган машинани икки йил давомида сота олмас эканмиз, деб, улар ҳам кўнмади”, дейди туман ҳокимлиги вакили.

Озодлик манбасига кўра, туман ҳокимлиги ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимлари ўзаро кафолат хати ёзиб олаётган товуқларнинг ҳар бири 7 минг сўмдан тушмоқда. Товуқлар эса, унинг айтишича, Асакадаги парранда фабрикасида етиштирилиб, сотилмаётган жўжалардир.

“Бу энди ғирт жиннилик бўляпти. Асаканинг ўтмай қолган товуқларини мажбурлаб имтиёзли кредит ҳисобидан пуллашмоқчи”, дейди Озодлик манбаси.

Ўзбекистон президенти “Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва молларини кўпайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни 2006 йилда имзолаган. Кам таъминланган оилаларга қаратилган мазкур дастур мутасадди шахслар томонидан суистеъмол қилинаётгани ҳақида озодлик аввал ҳам хабар қилган.

Кам таъминланган оилалар давлат томонидан берилиши иддао қилинган имтиёзлар у ёқда турсин, кейинги йилларда ижтимоий нафақа олишда ҳам қийинчиликларга дуч келмоқда.

XS
SM
MD
LG