Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:48

Президент девони олдида очлик қилмоқчи бўлган фаол маҳкамага тортилди


Жорий йилнинг 17 апрель куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилотининг Фарғона вилояти бўлими фаоли Шокирхўжа Масаидов устидан маҳкама бошланди. Ташкилот фаолларига кўра, 58 яшар ҳуқуқ фаоли Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора бериш)да назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбланмоқда.

Маълум бўлишича, ҳуқуқ фаоли шу йилнинг 6 апрелида Фарғона вилояти ИИБ томонидан ҳибсга олинган. У бир неча маҳаллий фуқаролар билан шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти девони олдида очлик эълон қилиш мақсадида йўлга отланган ва Қўқондаги паспорт назорати пунктида ҳисбга олинган.

“Шокирхўжа вилоятда прокуратура, ички ишлар ходимларининг жиғига тегиб юрганди. Бир қанча фуқароларнинг шикоят ва аризаларини юқори органларга етказаётганди. Бугун суд душанба кунига кўчирилди. Кўрамиз, нима бўларкак. Унинг ҳамкасблари сифатида кузатиб турибмиз”, деди ташкилотнинг Фарғона вилояти бўлими раиси Аҳад Набиев “Озодлик” билан суҳбатда.

Айблов хулосасига кўра, Масаидов Фарғонада истиқомат қилувчи фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилиб бериш эвазига уларнинг биридан 1300 АҚШ доллари, яна биридан эса 200 АҚШ доллари миқдорида пул олган ва қайтариб бермаган. Шунингдек, бир қанча шахсларнинг ишончига кириб, уларнинг муаммоларини давлат ҳокимияти органлари вакиллари билан биргаликда ечиб беришни ваъда қилиб, улардан моддий манфаатдор бўлиб келган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган илк мустақил инсон ҳуқуқлари жамияти бўлиб, унинг фаолияти 1998-2002 йилларда жамоатчиликка яхши таниш бўлган. Кейинги йилларда молиявий муаммолар туфайли фаолияти сусайиб кетган ташкилот вилоятларда ўз бўлимларига эга.

XS
SM
MD
LG