Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:56

Жиззахда ўқитувчи томонидан таҳқирланган ўқувчи қиз ўзини осди


Жиззах шаҳридаги 5-умумтаълим мактабининг еттинчи синф ўқувчиси ўз жонига қасд қилди. 14 яшар қиз, Озодлик манбаларига кўра, мактабда ўқитувчиси томонидан таҳқирлангандан сўнг ўзини осган. Бироқ, мактаб директори бу иддаоларни кескин инкор қилди.

Жиззах шаҳридаги 5-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси бўлган қизчанинг исми-шарифи Озодликка маълум. Лекин тергов жараёни ниҳоясига етмагани ва аҳлоқий сабабларга кўра, унинг шахсини очиқламаяпмиз.

Воқеа 11 апрель куни қизча вақтинча яшаб турган холасининг уйида содир бўлган.

Қизчанинг ота-онаси Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлганлиги сабабли, у вақтинча Бобур маҳалласидаги холасининг уйида яшаб турган.

Мазкур воқеа тафсилотларидан хабардор Озодлик манбасига кўра, қизча тоби қочган бўлса, ҳам ўқишларини қолдирмаган:

“Уч тўрт кун тоби қочиб юрган қиз, ўқишларини қолдирмаслик учун мактабдан қолмаган. 11 апрель куни у дарс вақтида ўзини ёмон ҳис қилади ва кўнгли айниб, қусиб юборади. Ўқитувчи эса унинг бу ҳолатини хомиладорликка йўяди ва буни қизнинг синфдошлари олдида очиқ айтади”, дейди манба.

Унга кўра, шундан сўнг бу гап тезда тарқалиб кетади ва синфдошлари қизни масхаралай бошлайди:

“Ота-онаси узоқда бўлган қиз бу гапларга чидолмай ўзини осиб қўяди. Қиз ўлими олдидан хат қолдирмаган, аммо билагига шишани синиғи билан билан “Мен тозаман” деб ёзган ва бошини сиртмоққа тиққан”, деди манба.

Озодлик суҳбатлашган 5-умумтаълим мактаби директори Инобат Саидолимова бу иддаоларни кескин рад этар экан, ўқувчининг ўзини осиб қўйишига мактаб айбдор эмас дейди:

- Буни мен рад этаман. Бу информацияни сизларга юборган одам аҳмоқ одам. Бунақа нарса бўлмаган. Бу ўқувчининг нима сабабдан бундай қилгани ҳозирча номаълум. Балки соғлиғи юзасиданми, балки руҳий ҳолатиданми, бу ички ишлар томонидан ўрганиляпти. Бу яхши ўқувчимиз эди, уни мактабда ҳамма яхши кўрган, оқила қиз бўлган,- деди Инобат Саидолимова.

Мактаб директори ҳозирча бу воқеа юзасидан ҳеч кимга чора кўрилмаганини қўшимча қилди.

Исми сир қолиш шарти билан суҳбатлашган мактаб ўқитувчиларидан бири қизнинг билагида ўткир тиғ билан ёзилган сўзлар борлиги ҳақида Озодликка гапирди:

“Бу ишни ўрганаётган милиция ходимларидан бирининг айтишича, қиз ўлими олдидан билагига нималарнидир ёзишга уринган. Лекин бу нарсани милиция ҳам, директор ҳам яширишга ҳаракат қилиб, бу тиғ излари эски жароҳатдан қолган деб айтишяпти. Айнан синфда нима гап бўлганини билмадиму, лекин қизга мактабда кучли руҳий зарба етказилгани аниқ”, деди ўқитувчи.

Ўқитувчининг айтишича, Россиядан етиб келган қизнинг ота-онасига маҳалла фуқаролар йиғини, шаҳар халқ таълими бўлими вакиллари тазйиқ ўтказмоқда:

“Ўзингнинг айбинг, ёш қизни ташлаб Россияга кетмаслигинг керак эди, дейишган. Ота-онанинг ўзига дўқ қилиб, ишни бости-бости қилишмоқчи. Ваҳоланки, бу ишга мактаб алоқадор бўлмаса, директор маънавий ишлар бўйича ўзининг ўринбосарини вазифасидан бўшатиб юбормасди”, деди манба.

Ўзбекистонда ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб туради.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида пахта теримига сафарбар этилган Тахиатош касб-ҳунар политехника коллежининг учинчи курс ўқувчиси, 18 ёшли Мажид Ўтеганов ўтган йилнинг 28 сентябрь куни ўзини осган эди.

2014 йилнинг август ойининг илк ҳафтасида Самарқанд вилояти Нуробод туманига қарашли Сазаған қишлоқ фуқаролар йиғинида 17 яшар икки қиз куппа-кундуз куни ўзини осиб ўлдирди.

XS
SM
MD
LG