Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:02

Каримовни "сайлатган"ларга ҳануз иш ҳақи берилмади


Хоразм вилояти, Шовот туманидаги 392- участка сайлов комиссияси аъзоларига иш ҳақи сайловдан буён қарийб бир ой ўтган бўлса-да ҳануз берилмагани тўғрисида маҳаллий фаоллардан бири Озодликка хабар қилди.

Мавзуни ўрганиш жараёнида Озодлик сайловдаги меҳнати учун иш ҳақи олмаганлар шовотликларгина эмаслигини аниқлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини (2015 йил, 29 март) ўтказиш учун мамлакат бўйлаб 14 та сайлов округи ва улар таркибида 9058 та сайлов участкаси тузилган.

Ҳақ олмаган участка

Шовот туманидаги 392- сайлов участкаси ўша 9058 танинг биридир.

392- участка жойлашган Маданият маҳалласида истиқомат қилувчи ўзини Саид, деб таништирган фуқаронинг Озодликка хабар қилишича, участка сайлов комиссияси аъзолари ҳанузгача иш ҳақи олмаган, сайлов билан боғлиқ қилинган сарф-ҳаражатлар қопланмаган:

- Олдин бўлиб ўтган депутат сайловида (Парламент сайлови демоқчи – Озодлик) сайловни ташкил қиладиганларга пул берилган. Кейин Президент сайлови бўлиб ўтди, лекин пул берилмади, деди Саид.

Coca-Cola пулини ким тўлайди?

Саиднинг айтишича, сайлов куни ёзилган дастурхон учун қилинган сарф-харажатлар ҳам ҳанузгача қопланмаган:

- Президент сайловида дастурхон ёзилди, салқин ичимликлар, мева-чева сотиб олинди. Буларнинг ҳаммаси магазинлардан, пулини кейин оласан, деб қарзга олиб келинган, деди Саид.

Унинг айтишича, бундай вазиятни нафақат 392-участкада, балки қўшни участкаларда ҳам кузатиш мумкин.

Ҳокимликлар вакиллари нима деди?

Озодлик мавзуни ўрганар экан, 21 апрель куни Хоразм вилоят ҳокимлиги билан боғланди. Ҳокимликнинг ўзини Мардон, деб таништирган мулозими Озодлик саволини сабр билан эшитаркан, масалани ўрганишга ваъда берди. Лекин кейинги икки кун давомида телефонни фақат ёрдамчилари кўтарди ва масала вилоят ҳокимлиги даражасида очиқ қолди.

Озодлик Шовот тумани ҳокими муовини Ойбек Холбоев билан ҳам боғланди. Жаноб Холбоев сайлов билан боғлиқ масалалар унинг ваколатига кирмаслигини уқтирар экан, шунга қарамай масалани ўрганишга ваъда берди. Лекин кейинги боғланганимизда жавоб тайёр бўлмади.

Марказий сайлов комиссиясининг Оммавий ахборот воситалари учун Матбуот хизмати мулозими Озодлик саволини эшитди, лекин ҳеч нарса демай телефонни ўчириб қўйди.

Шовотлик Саид билан, биринчи мулоқотимиздан уч кун ўтказиб, 23 апрель куни яна боғландик. Балки масала ҳал бўлгандир?

- Янги гап йўқ. Мен кеча яна сўрадим. Ҳокимиятда, Шовот туман ҳокимиятида Отабек, деган бухгалтер бор экан ва у “тепадагилар бер, деса, бераман пулни”, дебди,
деди Саид участка сайлов комиссияси аъзоларига таяниб.

“Бухгалтер Отабек” билан боғланишнинг иложи бўлмади.

Жиззахда ҳам "сайлов пули"ни бермадилар

“Сайлов пули” билан боғлиқ вазият Жиззах вилоятининг Жиззах туманида ҳам Шовотдагидай эканлиги маълум бўлди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мамиржон Азимов тумандаги сайлов участкаларидан бири раисидан олгани маълумотларга таяниб, Озодликка мана бундай хабар қилди:

- Участка сайлов комиссияси раиси билан гаплашдим. “Ҳали бизга бир сўм ҳам пул берган эмас”, деди. Унга тепадагилар “сарф-Харажатларни ҳисоблаб чиқиб, ортса берамиз, 50 мингданми, 100 мингданми”, дейишибди, деди Мамиржон Азимов.

Фарғонада муаммо йўқ

Айни пайтда Озодлик Фарғона вилояти, Фарғона туманида ташкил этилган сайлов участкаларида ишлаганлардан давлатнинг қарзи йўқлигини аниқлади.

Нега Хоразм ва Жиззахда мавжуд муаммо Фарғонада йўқ?

Бу савол жавобини “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик куриш ва уни ўтказишни молиялаштириш ҳамда маблағлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида йўриқнома”дан излаш керак.

Ҳужжатнинг 8- бандида бундай дейилган:

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови харажатларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги тартибда амалга оширилади:

- Марказий сайлов комиссиясига марказлаштирилган ҳара- жатларга, шу жумладан номзодларнинг сайловолди ташвиқоти харажатларига;

- Қоракалпогистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шахар молия бошқармалари орқали Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссияларининг (таъкид Озодликники) харажатларига”, дейилган Президент сайловини молиялаштиришга доир йўриқномада.

Ўтган йил декабрида Олий Мажлисга ўтказилган сайлов арафасида Марказий Сайлов комиссияси раисининг ўша пайтдаги муовини Светлана Ортиқова Ўзбекистонда ўтказиладиган сайлов ва референдумлар билан боғлиқ сарф-харажатларни давлат ўз зиммасига олишини таъкидлаб айтар экан, бундай деган эди:

- Умуман сайлов ва референдумларни ўтказишга давлат бюджетидан алоҳида маблағ ажратилиб, Марказий Сайлов комиссияси орқали шу жараён молиялаштирилади.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистон президенти сайловларига юборилган чекланган баҳоловчилар гуруҳи оралиқ ҳисоботида сайловда қатнашган тўрт расмий партиянинг ҳар бирига ўз номзоди сайловолди кампаниясини молиялаш учун давлат бюджетидан 842 миллион сўм ажратилганини ëзган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон президенти сайловини ўтказиш учун давлат ғазнасидан қанча маблағ ажратилганига оид маълумот жамоатчиликка ошкор қилинмаган.

XS
SM
MD
LG