Ўзбекистоннинг турли вилоятларида юз берган кучли шамол оқибатида ўнлаб уйлар томлари ва тунука деворлари одамлар устига қулагани хабар қилинмоқда.
Озодликка етиб келган ушбу видеода том босиб қолиши натижасида чалажон одамга ёрдам кўрсатилаётгани акс этган. (Ушбу видео қаерда ва ким томондан олинган Озодликка маълум эмас)
Биргина Жиззах шаҳрида шанба куни эрталаб бошланган кучли шамол натижасида камида бир одам нобуд бўлган ва яна 17 нафар инсон турли даражада жароҳат олган.
Озодлик манбаларига кўра, 26 апрель куни эрталаб, Жиззах шаҳрининг деҳқон бозорларидан бирида дўконнинг тунука томи кучли шамол натижасида одамлар устига қулаган ва оқибатда бир кекса аёл ҳалок бўлган.
Уларнинг маълум қилишича, ўндан зиёд одам жароҳат олган.
Воқеа гувоҳларидан бири Озодликка ҳодиса ҳақида шундай деди:
- Бугун эрталаб бозорга тушган эдик. Бозорда дўкон томларини шамол учириб кетган. Ҳамма қочиб чиқяпти. Бозордаги дўконларни томи тунукадан қилинган. Ўша тунукалар шамолда учиб, одамлар устига тушиб, майиб қиляпти. Улардан бири бир кампирнинг устига қулабди. Камир ҳодиса юз берган жойда ўлиб қолибди. Ҳозир ҳеч кимни бозорга қўйишмаяпти, - дейди Озодликка боғланган жиззахликлардан бири.
Жиззах вилоятидаги Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқармаси расмийлари шамол оқибатида ўлганлар ҳақида маълумотга эга эмасликларини айтишди.
Уларнинг билдиришича, ҳозирга қадар табиий офатдан жароҳат олган 17 одам касалхонага ётқизилган.
– Бошига тунука тушган бор, уйни томи, шифери тушгани бор. Ҳозирча ҳаммаси бўлиб 17 одам жароҳат олган, ўлганлар ҳақида ҳозирча маълумотга эга эмасмиз, - деди Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Жиззах вилоят бошқармаси расмийси.
Жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Ўктам Пардаев Озодлик билан суҳбатда: "Шамол шашти якшанба куни тушликдан сўнг бир оз пасайгандай бўлди," деб айтди.
Ўзбекистон гидрометереология маркази маълумотига кўра, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари турли туманларида бугун эрталаб шамол тезлиги секундига 40 метрга етган.
24 апрел куни Тошкент шаҳар ҳокими Усмонов жаноблари шаҳарда кутилаётган авария ҳолатларини олдини олиш бўйича махсус фармойишни чиқарди. Ҳужжат нусхаси Озодлик радиосига етиб келди.
Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг бир қатор ҳудудларида дарахтлар қулаган.
Кўп жойларда дарахт шохлари автомобиллар устига тушиб моддий талофот етказгани маълум.
Фалокатдан зиён кўрганлар аниқ рақами ва етказилган моддий талофот миқёси маълум эмас.