Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:32

Украина Россияни Ғалаба кунини ўзлаштиришда айблади


Russia -- Russian Interior Ministry troops take part in a rehearsal for the Victory Day military parade, in the Moscow region, March 17, 2015
Russia -- Russian Interior Ministry troops take part in a rehearsal for the Victory Day military parade, in the Moscow region, March 17, 2015

Россия 1945 йилда фашистлар устидан қозонилган ғалаба хотирасини ўзлаштиришга жон-жаҳди билан курашар экан, украиналик фаоллар бунга жавоб беришга қарор қилди.

Ахборот қаршилиги гуруҳи Украина армияси ҳамда Миллий ҳарбий тарих музейи ёрдамида Украинанинг 1945 йилги ғалабага қўшган улкан ҳиссасига урғу берувчи иккита таъсирли ролик чиқарди.

Кремль Украина ҳукуматини Иккинчи жаҳон уруши даврида фаолият юритган миллатчи лидер Степан Бандерани ҳурмат қилувчи фашистлар сифатида кўради.

Украиналик қонунчи ҳамда Ахборот қаршилиги гуруҳи фаоли Дмитро Тимчук Euromaidan Press нашри билан суҳбатда “[Роликлардаги] диалоглар Россия пропагандаси “замонавий бандерачилар” деб атовчи аҳолининг фашистлар билан курашган ва уларни тўхтатган ота-боболари ҳақидаги чин ҳис-туйғуларини ҳар қанақа сиёсий нутқдан кўра яхшироқ кўрсатади”, деди.

Роликларда яна Иккинчи жаҳон уруши давридаги қаҳрамонлик ва ватанпарварлик билан ҳозир Украина шарқида Россия дастаклаётган айирмачиларга қарши олиб борилаётган кураш ўртасида ўхшашликлар борлиги айтилади.

Россияликларнинг иддаоларига қарамасдан, роликларда Украина уруш пайтидаги фаолиятларидан тўла фахрлана олиши айтилади. Видеоларда яна 2013 йилнинг ноябрь ойида бошланган Евромайдон намойишларидан кейин Украина бошидан кечирган миллий уйғонишга айнан шу фахр туртки бўлгани айтилади.

Видеоларнинг бирида украин аскари орден ва медаллар билан мукофотланган бобосига қўнғироқ қилади. Бобосини Ғалаба куни билан табриклаб бўлиб, унга берилган Қизил юлдуз орденини тумор қилиб олган аскар бошига дубулға кийиб, ўзи ҳам жангга отланади.

Видео охирида экранда 1945-2015 саналари кўрсатилар экан, кадр ортидаги овоз “Биз эслаймиз. Биз фахрланамиз. Биз ғалаба қозонамиз.” дея таъкидлайди.

Иккала ролик бошида ҳам Россия “Ғалаба кунини ўзлаштириб олишда” айбланади. Видеоларда яна урушда 8 миллион Украина фуқароси ҳалок бўлгани, 2 021 украиналик Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонига сазовор бўлгани ва Совет Иттифоқининг 41 маршалидан 10 нафари айнан Украинада туғилгани айтилади.

Иккинчи видео биринчисига ўхшайди. Бу роликда ёш аёл уруш даврида ҳамширалик қилгани тасвирланган суратларни кўздан кечираётган бувисини табриклаш учун қўнғироқ қилади.

“Мен сиз билан фахрланаман”, дейди ёш аёл. Ўзи ҳам ҳамширалик қилаётган аёл бирданига гўшакни қўйиб, яраланган аскар томон югурар экан, бувиси “Мен ҳам сен билан фахраланаман”, дея жавоб беради.

Бу видео ҳам “Биз эслаймиз. Биз фахрланамиз. Биз ғалаба қозонамиз.” сўзлари билан якунланади.

XS
SM
MD
LG