Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:07

Тошкент ва Душанбе ўртасида авиақатнов бўйича музокаралар тўхтаб қолди


Ўзбекистон ва Тожикистон пойтахтлари ўртасида ҳаво қатновини тиклаш бўйича икки мамлакат вакиллари ўртасида бораётган музокаралар тўхтатилди. Бу ҳақда Озодликка Тожикистон транспорт вазири Шерали Ганжалзода маълум қилди.

Ганжалзоданинг Озодлик радиоси тожик хизматига билдиришича, Тошкент-Душанбе авиақатновини тиклаш ташаббуси тожикистонликлардан чиққан.

Мазкур авиақатнов бўйича музокаралар тўхтатилганини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатидаги манба ҳам тасдиқлади.

“Бу бўйича ҳужжатлар ҳалигача тайёрлангани йўқ. Ҳукуматлараро ҳужжатлар имзоланиши билан парвозлар қайта тикланади”, деди Озодлик манбаси.

Манбага кўра, авиақатновга оид масала икки давлат раҳбари ўртасида муҳокама қилинган, бироқ кейин бу иш оқсай бошлаган, чунки бунинг учун ҳукуматлараро ҳужжатлардан ташқари халқаро парвозларга дохил бошқа ҳужжатлар ҳам зарур.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” вакилига кўра, ширкатда Тошкент-Душанбе авиақатновини тиклашга тайёргарлик ишлари олиб борилган, бироқ бу ишлар яқинда ҳеч бир изоҳсиз тўхтатилган. Ширкат вакили бу ерда парвозларнинг рентабеллигига оид иқтисодий муаммолар ҳам борлигини қайд этди.

Шу йилнинг 23 февраль куни Душанбе халқаро аэропорти матбуот котиби Муҳаммадюсуф Шодиев Озодликка Тошкентдан уларга Душанбе аэропортининг ҳозирлиги, аэропорт томонидан кўрсатилган хизматлар тарифи ҳамда ёнилғи билан таъминланиш шартлари ҳақида маълумот бериш ҳақида расмий хат келганини билдирганди. 12 апрель куни эса Шодиев Душанбе аэропорти Тошкентга сўралган барча маълумотларни юборганини маълум қилган.

Ўзбекистон билан Тожикистон, шу жумладан, Тошкент ва Душанбе ўртасидаги бевосита авиақатновлар Тожикистонда фуқаролар уруши бошланган 1992 йилда тўхтатилганди.

Кейинроқ икки мамлакат ўртасида виза тартиби жорий қилинган.

Шу йилнинг 23 январь куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Олий Мажлис сенати ва қонунчилик палатаси қўшма мажлисида сўзларкан, Ўзбекистоннинг энг муҳим вазифаларидан бири “узоқ ва яқин қўшнилар билан тил топишиб, улар билан ўзаро ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаш” эканини таъкидлаганди.

XS
SM
MD
LG