Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:17

Ўмарилган миллиардлар, тақиқланган битирув оқшоми


Ўзбекистонлик мактаб битирувчилари битирув оқшомларини бу йил ҳам кафе ва ресторанларда ўтказиш имкониятидан маҳрум бўлди.
Ўзбекистонлик мактаб битирувчилари битирув оқшомларини бу йил ҳам кафе ва ресторанларда ўтказиш имкониятидан маҳрум бўлди.

Тошкент жамоат транспорти раҳбарлари 10 миллиарддан ошиқ маблағни талон-тарож қилган. Ўқувчиларга ресторанда битирув кечаси ўтказиш тақиқланди. Сергели бозорида автомобил нархи тушмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Тошкент жамоат транспорти тизимида 10 миллиарддан ошиқ маблағ талон-тарож этилган”

“Тошшаҳартрансхизмат” ширкати тизимидаги ўнга яқин корхоналарда қинғир йўллар билан 10 миллиард сўмдан ошиқ маблағ талон-тарож этилгани фош қилинди (“Ҳуқуқ”, 14 май).

Мазкур маблағ ҳужжатларни сохталаштириш орқали иш режасини ошириб кўрсатиш, яъни амалга оширилмаган қатновларни “амалга оширилди” деб хатлаш, катта миқдордаги ёқилғи маҳсулотлари ва эҳтиёт қисмларини бозорда пуллаш орқали ўзлаштирилган.

Бу каби қинғирликлар “1-автокорхона”, “3-автокорхона”, “4-автобус саройи”, “5-автокорхона”, “7-автобус саройи”, “8-автобус саройи”, “10-автобус саройи”, “12-автобус саройи” каби ширкатларда содир этилган.

Бош прокуратура вакили Азизбек Назаровга кўра, айбдор шахсларга нисбатан судлар томонидан қилмишига яраша жазо тайинланган.

“Ўқувчиларга ресторанда битирув кечаси ўтказиш тақиқланди”

Ўзбекистондаги мактаб ва коллеж битирувчиларига битирув кечаларини ресторан, қаҳвахона ва уйларда нишонлаш қатъий тақиқланди (“Даракчи”, 14 май).

Халқ таълими вазири ўринбосари Улуғбек Абруевга кўра, “Хайр, мактаб – салом, коллеж” тадбирларида барча ўқувчилар мактаб формасида бўлиши лозим. Вазирлик буйруғига мувофиқ, давлат имтиҳонлари учун ота-оналардан пул йиғиш, шунингдек, таълим масканлари раҳбарлари ва ўқитувчиларга қимматбаҳо совғалар бериш ҳам ман этилган.

Мазкур тартиб бузилиши ва тақиқланган тадбирлар ўтказилиши юзасидан вазирликнинг 1006 ишонч телефонига мурожаат қилиш тавсия этилган.

Маълумотларга қараганда, бу йил Ўзбекистон мактаблари 9-синфини 483 мингдан ошиқ ўқувчи тамомлайди.

“Тошкент бозорида автомобил нархи тушмоқда, лекин эски маҳсулот янгисидан ҳамон қиммат”

Тошкентдаги Сергели бозорида автомобил баҳоси тушмоқда, яқингача ошиғи олчи бўлган машинафурушлар эндиликда нарху навони назорат қила олмаётир (“Новий век”, 14 май).

Бунга аввало Россия бозорида GM Uzbekistan маҳсулотларига талаб кескин камайгани сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Масалан, 2014 йилда Россияда GM Uzbekistan автолари савдоси 38 фоизга камайган. Шу билан бирга, талабдан кўра таклиф кўпайгани ҳам маҳсулот нархи тушишига сабаб ўлароқ айтилмоқда. Шунга қарамай, GM Uzbekistanнинг эски, ҳайдалган автомобиллар ҳамон янгиларига қараганда қимматроқ пулланмоқда. Масалан, Тошкентдаги автомобил бозорида минилган “Кобалт” 57 миллион (янгисининг расмий нархи 43-54 миллион), “Матиз” 35 миллион (янгиси 21-22 миллион), “Спарк” 35-37 миллион (янгиси 27-34 миллион), “Каптива” 115 миллион (янгиси 93 миллион) сўмдан сотилмоқда.

Газета янги уловдан эскиси қиммат эканини “парадокс” деб атайди.

“Келин-куёвни тиббий текширувдан ўтказишдаги сохталиклар оқибатида оилалар барбод бўлмоқда”

Бўлажак келин-куёвни тиббий текширувдан ўтказиш пайти тиббиёт ходимлари томонидан пора эвазига маълумотнома тўғрилаб бериш ва бунинг оқибатида оилаларнинг барбод бўлиши ҳолатлари кузатилмоқда (“Оила даврасида”, 14 май).

Фуқаро Карима Қайсаровага кўра, унга таниш оила қизини узатган. Куёв тиббий текширувлардан яхши ўтган бўлса-да, тўйдан уч ой кейин унда эпилепсия (тутқаноқ) касали аниқланган ва оқибатда ёшлар ажрашиб кетган.

Чилонзор тумани ФҲДЁ бўлими мудираси Сабоҳат Эшмановага кўра, оила қураётган ёшлар орасида “Бўлғуси келин ё куёвни яхши биламиз, текширувнинг ҳожати йўқ” дегувчилар кўп топилади. Аммо ФҲДЁ раҳбари тиббий текширув ишончдан устун бўлиши лозимлигини урғулайди.

“Интернетдаги ноқонуний телефон тармоғидан 20 минг доллар даромад қилган йигит қўлга олинди”

Тошкентда интернет орқали ноқонуний халқаро телефон тармоғини йўлга қўйган ва икки йил давомидан 20 минг доллар ишлаб топган йигит қўлга олинди.

“Ҳуқуқ” газетаси хабарига кўра, исми ошкор этилмаган йигит Россия ва Қозоғистон фуқаролари билан ҳамкорликда Voip телефон тизимидан ноқонуний даромад орттиришни йўлга қўйган.

Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган. Маълум қилинишича, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Учтепа тумани суди айбланувчига тегишли жазо берган.

“Ўзбекистонлик ўқувчи шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлди”

Таиландда шахмат бўйича 11 ёшгача болалар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров олтин медални қўлга киритди (“Ўзбекистон овози”, 14 май).

Жавоҳир Синдоров таиландлик Аморн Жиараттанчароен, ҳонконглик Панг Хо Хуанг, филиппинлик Жастин Мордидо, мўғулистонлик Цог Очир, хитойлик Бокай Янг, малайзиялик Хое Ках Чеахни мағлубияга учратиб, озарбойжонлик Мирмусо Файзиев билан дуранг ўйнаган ва 6,5 очко жамғарган.

Шунингдек, 7 ёшгача бўлган болалар ўртасида чемпионатда бошқа бир ўзбекистонлик ёш шахматчи Акобирхон Сайдалиев бронза медалига сазовор бўлган.

XS
SM
MD
LG