Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:51

Суриядан ўттиздан ортиқ қирғизистонлик қайтиб келди


Сурияда "жиҳодчилик" қилаётган марказий осиёликлар сони кундан-кунга кўпайиб бораётгани айтилади.
Сурияда "жиҳодчилик" қилаётган марказий осиёликлар сони кундан-кунга кўпайиб бораётгани айтилади.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси маълумотига кўра, сўнгги бир йилда Сурияда ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, жангларда иштирок этган 33 қирғизистонлик мамлакат ичкарисида қўлга олинди. Расмийларга кўра, улар Суриядан қайтгач мамлакат ичкарисида одамларни “жиҳодга ундаш” ва “террорчилик ҳаракатларини уюштириш” йўналишида иш олиб борган.

Қирғизистонликларнинг Суриядаги жангларда иштирок этаётгани тўғрисидаги илк маълумотлар бундан икки йил аввал пайдо бўлган эди. Айни пайтда уларнинг баъзилари Қирғизистонга қайтиб келиб, мамлакатда экстремистик фаолият билан шуғуллангани айтилмоқда.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг билдиришича, ҳозирда қўлга олинган 33 одамнинг барчаси ҳибсда сақланмоқда. Махсус хизмат вакиллари Сурияга Қирғизистондан “жиҳод учун кетаётганлар сони озаймаётгани”ни айтишади.

- Ҳозирда улар интернет орқали тарғиботни фаол олиб боришмоқда. Бундан ташқари у ерга кетаётган одамлар ўз яқинларига, танишларига телефон қилиб, уларга турли таклифлар айтаётгани кўп учрамоқда. Уларга “Мен бу ерда яхши яшаяпман”, деб турли видеоларни юборишаяпти, - деди Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийси Рахат Сулайманов.

Бундан ташқари, “жиҳодчилар” алдов йўли билан ватандошларини диний таълим олишга чақириб, бунинг учун маблағ ҳам топиб бермоқда. Масалан, уч аёл шу йилнинг бошида Ўшнинг Қорасув туманида қўлга олинган. Ўш вилоят милицияси маълумоти бўйича, мазкур фуқаролар интернет орқали Туркияда истиқомат қилган бир одам билан гаплашиб юрган. У аёлларни Туркияда диний ўқиш жойига ва ишга жойлашни ваъда қилиб, йўл ҳаққи учун пул юборган.

- У ким, қандай мақсадни кўзлаганини билмасданоқ “Ватсап” орқали юборган хабарига ишониб, алданиб тайёрланишаётган экан. Фарзандларига ҳам паспорт олиб қўйишган экан. Уларга чақирган томон пул юборган экан. Улар Туркияга бориб, диний олийгоҳда ўқиймиз, деб ишонишиб олишибди, - дейди Ўш вилоят милицияси матбуот хизмати расмийси Жанна Сатарбаева.

Йил бошида Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи марказий осиёликларнинг Сурияга жиҳодга кетиш сабабларини ўрганиб, бу кўринишнинг сиёсий сабабларини муҳокама қилган эди. Унда "жиҳодчилар" марказий осиёликларнинг сиёсий ва ижтимой ҳаётдан кўнгли қолганидан фойдаланиб, динни ниқоб қилиш орқали уларни ўз сафига тортаётгани айтилган.

Марказий Осиё давлатлари бўйича текширув олиб борган Бишкекдаги Prudent Solutions таҳлилий маркази директори Эсен Усубалиев “экстремистик ташкилотлар ташвиқот усулларини ўзгартирган”, деган сўзларга қўшилишини айтди:

- Ташвиқот ва тарғибот ишлари фаол олиб борилмоқда. Масалан, сўнгги пайтларда, интернетдаги ислом мавзуларига доир турли форумларга кирсанг, буни дарҳол сезиш мумкин. Улар аввал ўртага бир мавзу ташлайди. Сўнгра ким унга кўпроқ қизиқиш билдирса, ўз сафига тортишга ҳаракат қилади. Куч органлари шу масалага эътибор бермаганга ўхшайди. Интернетдаги бундай форумларни назорат қилишга техник имконият оз, - дейди Эсен Усубалиев.

Расмий маълумотлар бўйича, ҳозирда Суриядаги жангларда 340дан ортиқ қирғизистонлик иштирок этмоқда. Бу ердаги жангларда 30дан ортиқ қирғизистонлик ҳалок бўлган. 2014 йили Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси терроризмга доир 137та жиноят иши очган бўлса, унинг 76таси бўйича тергов якунланган ва судга юборилган.

Сурия ва Ироқдаги жангларда иштирок этаётган қирғизистонликларнинг асосий қисми 16-22 ёшдаги ёшлар ва уларнинг орасида аёлларнинг ҳам борлиги айтилади.

XS
SM
MD
LG