Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:31

Ҳокимлик босими билан чопиққа чиқарилган ўқувчи каналга чўкиб ўлди


Талаба, ўқитувчи, тиббиёт ходимлари ва бюджет ташкилотлари ходимларининг мажбуран ишлатилиши “замонавий қуллик”, дея қораланади.
Талаба, ўқитувчи, тиббиёт ходимлари ва бюджет ташкилотлари ходимларининг мажбуран ишлатилиши “замонавий қуллик”, дея қораланади.

Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги 25-умумтаълим мактабининг 9- синф ўқувчиси Улуғбек Исҳоқов 19 май куни каналга чўкиб нобуд бўлди. Озодлик манбаларига кўра, пахта чопиғига мажбуран олиб чиқилган ўқувчилар тушликдан сўнг каналда чўмилаётганда фожеа содир бўлган.

Зарбдор туманининг Лалмикор қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 25-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси, 15 яшар Улуғбек Исҳоқов 19 май куни Оқбулоқ каналига чўкиб кетди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган зарбдорлик манбага кўра, ўша куни мактабнинг юқори синф ўқувчилари мажбурий пахта чопиғига чиқарилган:

- 25-мактабнинг 9-синф ўқувчиларини мактаб директори, РайОНО мудири мажбуран чопиққа олиб чиқаяпти, у бола каналга чўкиб ўлаяпти. Мактабда дарс бўлмаяпти. Воқеа туш пайтида содир бўлаяпти. Болалар обед қилиб бўлаяпти, у бола бир ювиниб келай деб каналга ташлаб ўлаяпти, дейди воқеа ривожини тасвирлашга уринган Озодлик манбаси.

Исми сир қолишини сўраган мактаб ўқитувчиларидан бири, ўқувчиларнинг мажбурий пахта чопиғига чиқарилганини тасдиқлади:

- Халқ таълими бўлими мудири ҳамма мактабларнинг юқори синф ўқувчиларини дарсларни қолдириб чопиққа олиб чиқишга буйруқ берган. 19 май куни ҳам мактабимизнинг 9-синф ўқувчилари “Раҳмон нияти” фермер хўжалигига эрталабдан чопиққа чиқарилган эди. Туш пайтида ўқувчимиз Улуғбек Исҳоқов каналда чўмиламан¸ деб чўкиб кетган. Синфдошлари ҳаракат қилиб сувдан чиқариб олишган. Мошинада касалхонага олиб боришган. Лекин унинг жони аллақачон чиқиб бўлган экан, деди хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирлар боис ўз исми очиқланмаслигини сўраган ўқитувчи.

Унинг айтишича, бу воқеадан сўнг барча ўқувчилар дарсга қайтарилган.

Зарбдор тумани Халқ таълими бўлими мудири Бахтиёр Элмуродов бу воқеа хусусида Озодлик билан гаплашишни истамади.

Исми сир қолишини сўраган ўқитувчининг Озодликка айтишича, бу фожеа оқибатларидан қўрққан масъуллар¸ ўқитувчи ва ўқувчилар¸ қолаверса¸ марҳумнинг яқинларига босим ўтказиб¸ уларни ëлғон кўрсатма беришга мажбурламоқда:

- Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра ўқувчиларни дала ишларига жалб қилиш мутлақо мумкин эмас. Лекин бу қарорни ҳокимлар бир тийинга ҳам олмайди. Туман ҳокими Халқ таълими бўлими мудири Бахтиёр Элмуродовга буйруқ берган. Шу ўқувчимизнинг ўлимига қадар тумандаги 25 та мактабнинг барча юқори синф ўқувчилари дарсни қолдириб чопиққа чиқарилган эди. Энди эса “бу ўқувчи ўша кунлари дарсда йўқ эди, онаси дарсдан жавоб олган эди” деган баҳона билан ишни босди-босди қилишмоқчи, дейди воқеа тафсилотларидан яхши хабардор ўқитувчи.

Озодлик манбаларига кўра¸ Улуғбекнинг ўлими ҳозирда Зарбдор тумани прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.

15 яшар Улуғбек Исҳоқов оиладаги тўрт фарзанднинг учинчиси бўлган. Отаси вафот қилган, тўрт фарзанд ёлғиз онанинг қарамоғида бўлган. Бир акасининг Россияда меҳнат муҳожирлигида экани айтилмоқда.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат муаммоси халқаро ташкилотлар тарафидан йиллардан бери танқид қилиб келинади. Талаба, ўқитувчи, тиббиёт ходимлари ва бюджет ташкилотлари ходимларининг, айниқса пахта терими пайтида далага олиб чиқилиши “замонавий қулликнинг кўриниши”, дея қораланади.

Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми раҳбари Умида Ниёзованинг айтишича, бундай ҳолатлар ўзбек ҳукуматининг ўқувчи ва талабаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиниши тамоман тўхтатилди деган иддаосини савол остига қўяди:

- Биз 2012 йилда биринчи марта Ўзбекистонда болалар меҳнати оммавий тарзда қўлланилмади деб баёнот берган эдик. Шундан сўнг Ўзбекистон ҳукумати жуда кўп инвестиция олди, Жаҳон банкидан салкам ярим миллион доллар кредит олмоқда. Халқаро ҳамжамият болалар меҳнатига Ўзбекистонда чек қўйилди деган хулосага келган эди. Лекин бу йил болаларнинг мажбурий чопиққа чиқарилганлиги ҳақида жуда кўп вилоятлардан ташвишли хабарлар келмоқда. Биз албатта бу фактларни Жаҳон банкига етказамиз ва расмий Тошкентдан болалар меҳнатини қўлламаслик борасида қатъий позицияда туришни талаб қиламиз, деди Умида Ниёзова.

Ўзбекистон вилоятларида мактаб, коллеж ўқувчилари ва олийгоҳлар талабаларини пахта чопиғига мажбуран сафарбар этиш ҳолатлари айни кунларда сурункали тус олмоқда.

Жорий ой бошида Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги мулозими мамлакат бўйлаб ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганини эътироф этди.

Вазирлик расмийси ўқитувчи ва ўқувчиларнинг эксплуатация қилиниши қонунга хилоф бўлишига қарамай Халқ таълими вазирлиги бу муаммони ҳал эта олмаслигини таъкидлаган эди.

XS
SM
MD
LG