Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:06

Олтиариқда БТР билан амалиёт ўтказилди - халқ қўрқувда, расмийлар сукутда


Андижондаги қонли воқеалардан сўнг журналистлар томонидан суратга олинган БТР
Андижондаги қонли воқеалардан сўнг журналистлар томонидан суратга олинган БТР

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани маркази ва Полосон қишлоғида ҳарбий техника - БТРлар воситасида амалиёт ўтказилди. Норасмий манбаларнинг Озодликка айтишича, амалиёт 15 май куни бўлган ва натижасида 40 дан ортиқ одам қисқа муддатга ҳибс қилинган. Туман мутасаддилари эса буни Андижон воқеаларининг 10 йиллиги муносабати билан ўтказилган ҳарбий машғулот, деб изоҳламоқда.

Озодликка сўнги кунларда Олтиариқ туманидаги норасмий манбалардан келаётган хабарлар ва булар ортидан қилинган суриштирув натижасида маълум бўлишича, 15-16-май кунлари туман маркази ва Полосон қишлоғида БТР - бронетранспортёр билан қуролланган ҳарбийлар рейд ўтказган.

Бир неча олтиариқликнинг айтишича, 10 га яқин ҳарбий кийимдаги шахслар билан қуршалган 3 та БТР 15 май куни давомида, 16 май куни эса тушга қадар туман маркази ҳамда Полосон қишлоғини оралаб юрган.

Полосонда истиқомат қиладиган манбанинг исмини сир сақлаш ва овозини ёзиб олмаслик шарти билан айтишича, ҳарбийлар маҳаллий ҳокимият ва куч ишлатар тузилмалар вакиллари билан бирга аҳоли уйларига ҳам кирган:

"Бизнинг уйимизга ҳам киришибди. Мен ишда эдим. Ички ишлар, миллий хавфсизлик хизматидан одамлар бўлган. Ёнида газ-электр идораларидан ҳам одам бор экан. Ҳамма ёқни тит-питини чиқариб текширишган. Кейин ниамаг бу аёллар рўмолда, ечсин, деб талаб қилишибди. 16 май куни бўлаяпти бу гап. Эртасига эшитсак, 4 та диндорни олиб кетишган. 3 кундан кейин қўйиб юборишган. Мен қишлоқдаги "Пўлатобод" заправкаси ёнида куни билан турган 1 та БТРни кўрдим, яна биттаси Олтиариқ-Марғилон йўлининг бўйида кўрдим", дейди исмини сир сақлаган полосонлик.

Олтиариқ тумани марказида истиқомат қиладиган яна бир суҳбатдош ҳам шахсини сир тутган ҳолда 16 май куни шаҳар марказида ҳарбий техника билан қуролланган аскарларни кўриб, хавотирга тушганини ҳикоя қилиб берди:

"Олтиариқ-Марғилон йўлини бўйида турган экан, катта военний машина. БТР, деб ўйладим мен. Ёнида военнийлар ҳам турган экан. Нима келишганини билмадим мен. Сўрашга ҳам қўрқдим, бозорлигимни қилдим-қайтдим. Энди текшир-текшир бўлди, деб эшитдим. Нимага текширган, кимни текширишган билмадим аммо", дейди исмини сир сақлаган олтиариқлик аёл.

Озодлик 15-16 май кунлари Олтиариқ тумани марказида ҳарбий техника кўрдим, деган яна бир олтиариқлик билан гаплашди ва суҳбатдошлар маҳаллий ҳокимлик органлари вакиллари иштирокида келган ҳарбийларнинг айрим маҳаллаларда уйма-уй юргани аҳолида ваҳима уйғотганини айтмоқда:

"Сўнгги бор 1989 йилда Фарғонада месхети турклари билае боғлиқ жанжаллар чиққанда кўрган эдик БТРларни. Мана энди шу ўтган жума-шанба кунлари кўриб турибмиз. Маҳалладан сўрасак, учение бўлаяпти, дейишди. Учениеда одамларни ҳибсга олишмайди-ку, тўғрими? Бизда эса бўлди ҳибсга олишлар", дейди Олтиариқдаги вазиятдан хабар берган манба.

Айни пайтда суҳбатдошлар бу амалиётлар ҳақида оддий халққа, одатдагидек, бирор аниқ маълумот берилмаётгани қўрқувга сабаб бўлганини ҳам қайд этдилар.

Озодлик бу хабарлар ортидан Олтиариқ тумани ҳокимлиги, ИИБ ва яна бир неча бошқарув органларига мурожаат қилди. Аммо, бу идораларнинг бирортасидан расмий муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Ҳокимлик таркибидаги идоралардан бирининг ўзини таништирмаган биргина ходими бу ҳақда қисқа жавоб берди:

- Андижонда бўлган воқеаларига 10 йил бўлди, биласиз. Шунга атаб, ҳарбий учение бўлди, опа. Бу ҳар йили вилоятдаги ҳар битта туманда ўтказилади, бу йил Олтиариқда бўлди, шу холос. Унақа рейд-пейд бўлгани йўқ, ҳеч ким ушланмади. Мен оддий бир ходимман, билганим шу. Бошқасини катталардан сўранг, - деди ўзини таништирмаган ходим.

Озодлик суҳбатлашган олтиариқликлар эса буни айнан шу туманда нисбатан фаол бўлган диний жамоалар вакилларини ушлаш ва улар ичига ваҳима солиш учун ўтказилган амалиёт, деб ҳисоблашини таъкидламоқдалар.

Зеро, сўнгги бир ой ичида бу туманда истиқомат қилган 20 га яқин диндорнинг "Ҳизбут Таҳрир" партиясига алоқадорликда айбланиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилгани маълум.

Олтиариқ тумани Ҳамза шаҳарчасида истиқомат қилган 8 диндор 13 апрель куни Фарғона вилояти ва Республика МХХ ҳамда маҳаллий ИИБ ходимларидан иборат махсус гуруҳ рейди чоғида ҳибсга олинган эди. Норасмий маълумотларга кўра, бу шахслар устидан тергов якунланиб, иш судга оширилган.

6 апрель куни эса Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида "Ҳизб ут-Таҳрир" диний оқимига алоқадорликда айбланган 13 олтиариқлик устидан ҳукм ўқилган. Озодлик манбаларига кўра, маҳкумларга 6-10 йилдан қамоқ ва шартли жазо берилган. Қамалганлар орасида 1 аёлнинг борлиги айтилган.

Бу ҳақда хабар берган манбалар ўша кезда Олтиариқ туманида комендантлик соати жорий этилганини иддао қилган, лекин тумандаги бирор расмий идора бу хабарни тасдиқламаган эди.

Фарғона вилоят судида ҳукм ўқилганидан бироз ўтиб, Ўзбекистон Бош прокуратурасининг айни маҳкамага оид баёноти рус матбуотида эълон қилинди.

РИА-Новости агентлиги Ўзбекистон Бош прокуратурасидаги манбага таяниб, 6 апрель куни Фарғона вилоят Жиноят ишлари суди ҳукми билан қамалганлар радикал ва террорчилик ғояларининг тарғиботи билан шуғулланган, деб топилганини хабар қилган.

"Тергов жараёнида бу шахсларнинг экстремистик адабиётлар, аудио-видео материалларни Ўзбекистон ҳудудида тарқатгани аниқланган. Прокуратура мулозими Қуръон мазмунини яхши тушуниш учун Қуръонни ўқиш ва араб тилини ўрганиш билан бирга бу 12 шахс тарғибот юритиш ҳамда ижтимоий тармоқлар ва бошқа Интернет манбаларида ғоявий фаолият юритиш бўйича машғулотлардан ўтганини маълум қилди", деб ёзди РИА-Новости агентлиги.

Айни пайтда агентлик манбаси машғулотлар ким томонидан ва қаерда ўтилгани, "машғулотлар" дейиларкан айнан нима назарда тутилаётгани ҳақида маълумот бермаган.

XS
SM
MD
LG