Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:31

Қорақалпоғистонда қалин пулига қурби етмаган куёвларнинг қиз ўғирлаши кўпайди


Иқтисодий қийинчиликлар қорақалпоғистонлик қизларни "ўғирланишга" рози бўлишга мажбурламоқда.
Иқтисодий қийинчиликлар қорақалпоғистонлик қизларни "ўғирланишга" рози бўлишга мажбурламоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида турмушга чиқмаган қизларни ўғирлаб қочиб, уйланиш ҳолатлари кўпайди. Ўзбекистон расмий нашрлари тарқатган хабарга кўра, ўтган икки йил давомида 16 нафар қиз ихтиёрига қарши тарзда олиб қочилган. Озодлик манбаларига кўра, қиз ўғирлашнинг бошқа сабаблари ҳам бор.

Ўзбекистонда чиқадиган 12news.uz сайтининг хабар беришича, Қорақалпоғистонда ўтган йил давомида 12 нафар, жорий йилнинг тўрт ойи давомида эса 4 нафар қиз ўғирланган.

Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар кенгашининг раиси Зуҳра Иброҳимова Озодлик билан суҳбатда 16 нафар қизнинг мажбурий ўғирлангани ҳақидаги хабарни инкор қилди:

“Бизларда биринчидан ўғирлаш деган нарсага қонуний чора кўрилади. Мабодо шунақа ҳолатлар бўлган бўлса, уларга чора бўлади. Лекин 16 қиз ўғирланмаган. Мажбурлаб уйланиш деган нарса йўқ, унақа урф-одат йўқ бизда. Мана Европада ҳам қиз билан йигитиб танишиб, турмуш қурадику, худди шундай ҳолатлар бор. Кейин тўй қилиб беришади. Бизларда инсонни зўрлаб турмушга бериш деган нарса йўқ", деди Зуҳра Иброҳимова.

Асосан ўзбеклар, қорақалпоқлар ва қозоқлар истиқомат қиладиган Қорақалпоғистонда бир неча аср аввал урф бўлган қиз ўғирлаш ҳолатларининг сўнгги йилларда кўпайганини Озодлик манбалари ҳам айтмоқда.

Тўрткўл туманида яшайдиган 50 яшар қорақалпоқ Раҳимбойнинг айтишича, келин томонга бериладиган қалин пулининг катталиги ва ёшларнинг никоҳига ота-оналар розилик бермаслиги боис қизларни ўғирлаш ҳолати кўпайган:

- Менинг тахминимча, ҳозир қарийб 40 фоиз қизлар йигити билан ўзаро келишиб “ўғирланяпти”. Чунки бизда қалин пули 5-6 миллион сўм, умуман тўйга 20-25 миллион сўм харажат бўлади. Бугунги шароитда бу харажатни ҳамма оила ҳам кўтара олмайди. Шунинг учун қизларни ўзининг розилиги билан “ўғирлаш” ҳолатлари кўпайган. Бундай ҳолларда келин томон қалин пулидан воз кечиши ёки камайтириши турган гап, деди Раҳимбой.

Хўжайли туманида яшайдиган 64 яшар ўзбек Темир ака турмушга чиқадиган қизлар орасида ўз розилигига кўра “ўғирланаётганлар” кўп учрашини айтади:

- Ҳозир энди шундай бўп кетяпти. Қиз билан йигит ўзаро келишади, олиб қочади. Кейин келиннинг уйига хабар беришади, қизингизни олиб қочдим деб. Кейин бу томон боради, келишилади, тўй бўлади. Лекин зўрлаб олиб қочибди, деган бир хабарни эшитмадим, дейди Темир ака.

Тўрткўл туманида истиқомат қиладиган туркман Омондурди эса зўрлаб қиз олиб қочиш ҳолатлари ҳам борлигини айтади:

- Ўтган йили қўшни қишлоғимизда бир воқеа бўлди. Қиз яхши кўрмаса ҳам йигит зўрлик билан уйига олиб қочган экан. Кейин унинг яқинлари милицияга хабар беришди. Анча жанжал ва тўполон бўлди. Йигит анча катта жарима тўлаб, барибир ўша қизга уйланди. Чунки бизда шунақа урф бор, қиз ўғирландими тамом, унинг пок номига доғ тушади. Унга бошқа ҳеч бир йигит уйланмайди. Қиз бечора ўшанга эрга тегишга мажбур бўлади. Чунки, халқда "ит теккан ош бўлди", деган гап бор, дейди Омондурди.

Ўзи ҳам севган қизининг ота-онаси розилик бермагач, уни олиб қочганини айтган Омондурдига кўра, туркманларда қалин пулининг жуда катталиги боис йигитлар уйланганидан сўнг ҳам қалин пулини тўлайди:

- Мен ўзим ҳам келинни ўзининг розилиги билан олиб қочганман. Чунки унинг ота-онаси бизнинг никоҳимизга рози эмас эди. Лекин кўп эмас, 4 миллион сўм қалин пули тўладим. Ҳозир туркман оилаларида қалин пули 18 миллион сўмни ташкил қилади. Олиб қочиб уйланган бўлса ҳам, қалин пулини тўлиқ тўлашга мажбур. Шунинг учун йигитлар уйланганидан уч ой ўтар ўтмас Россияга ишлагани кетиб қоляпти, дейди Омондурди.

Омондурди билан суҳбатни қуйида тингланг:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:53 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG