Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:28

OzodWiki: Тошкент калитларини русларга ким топширган?


Бундан 150 йил муқаддам Тошкент рус армияси томонидан босиб олингач, шаҳар дарвозалари калитларини босқинчиларга кимлар топширгани тўғрисида Сиз тингловчига аниқ маълумот топиб беришни иддао қилмаймиз.

Мақсадимиз жуда жўн: биринчидан, ўша воқеалар тўғрисидаги билганларинингизни янгилаб қўйиш, иккинчидан, бу воқеалар тўғрисида шу пайтгача ёзилган энциклопедик маълумотлар ўзаро зиддиятли эканлигига эътиборингизни қаратишдир.

Ва энг муҳими, миллат тарихидаги энг қора воқеалардан бири бўлган, бугунги кунда на Ўзбекистон расмийлари, на илмий жамоатчилиги эслаётган воқеалар тўғрисида кўпроқ билишга Сизни даъват қилишдир.

Зеро, биласизки, OzodWikiнинг бош мақсади Илмга Даъватдир.

Мустақиллик йилларида нашр этилган Ўзбек Миллий энциклопедиясининг “Тошкент” мақоласида эса бундан 150 йил муқаддам бўлиб ўтган воқеалар тўғрисида, жумладан, мана бу гап мавжуд:

“Босқинчилар биринчи галда Ўрда саройини ёндирдилар, кейин портлатдилар. Уч кун давом этган жангдан сўнг 42 кун сувсиз қолган ва очликдан тинкаси қуриган Тошкент ҳимоячилари 17 июнда эрталаб таслим бўлишга мажбур бўлдилар. Черняев шаҳар аёнларидан Тошкентнинг 12 дарвозаси рамзий олтин калитларини топширишни талаб қилди”.

Русча Википедиянинг “Тошкентнинг Россия Империяси томонидан забт этилиши” (“Завоевание Ташкента Российской империей”) мақоласида бундан 150 йил муқаддам бўлиб ўтган воқеалар тўғрисида, жумладан, мана бу гап мавжуд:

“Афсоналарда айтилишича, 1865 йилнинг 30 июнида (12 июлида) Тошкент зодагонлари вакиллари шаҳар дарвозаларининг 12 олтин калитини шаҳардан 80 чақирим узоқликда, Тиёншон тоғлари этагида, Чимён яқинида жойлашган рус ҳарбий лагерига келтириб берган. Калитларнинг топширилиши рус армиясининг Тошкент устидан қозонган ғалабаси эътирофи бўлган”.

Совет даврида нашр этилган Ўзбек Совет энциклопедиясига “босиб олиш” ҳақида умуман гап бўлиши мумкин эмас. Бу нашрда Россия Тошкентни "босиб" эмас “қўшиб” олган эди.

Ўзбекча энциклопедиянинг иккала нашрида ҳам 150 йил муқаддам юз берган фожеага алоҳида мақола бағишланган эмас.

Мана бу ишора билан Ўзбекча Википедиянинг Ўзбек Миллий энциклопедияси мақоласи асосида ёзилган материалига киришингиз мумкин.

Wiki-эксперт Нодир Отаев билан битта воқеанинг 3 талқини ҳамда талқинлар орасидаги фарқлар тўғрисида суҳбатлашдик.

Wiki-эксперт Нодир Отаев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:04 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG