Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:49

Президент 1 июлдан тадбиркорни ҳимоя қилмоқчи


Келаси ойдан Ўзбекистон президентининг тадбиркорларни ҳимоя қилишга қаратилган фармони кучга киради. Мазкур фармонда микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларини назорат идораларининг ноқонуний ҳаракатларидан ҳимоя қилиш чора-тадбирлари белгилаб берилган. Ўзбекистон иқтисоди сурункали қийинчиликларни бошдан кечираётган вазиятда мазкур фармон туфайли тадбиркорларга сезиларли енгилликлар пайдо бўлишига умид қилинмоқда. Лекин ўзбекистонлик тадбиркорлар бу каби фармонлар биринчи марта қабул қилинмаётгани, амалда эса енгиллик ўрнига тадбиркорлик фаолиятига доир чекловлар йил сайин ошиб келганини айтишади.


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 15 май куни имзолаган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони 1 июлдан кучга кириши кутилмоқда.

Мазкур фармон кучга кириши биланоқ, хусусан, “микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларида эса фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосан уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилиши” белгилаб қўйилган. Шунингдек, текширув муддати ҳам аввалги 30 кун ўрнига 10 кунга қисқартирилгани ҳам тадбиркорларга енгиллик сифатида кўрилмоқда.

Президент 1 июлдан тадбиркорни ҳимоя қилмоқчи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:33 0:00
Бевосита линк

Бундан ташқари, келаси ойда кучга кирадиган янги тартибга биноан “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасида назарда тутилган жиноятни (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) биринчи марта содир этган, жиноят аниқлангандан кейин 30 кун ичида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ва бошқа турдаги молиявий санкцияларни тўлаган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилмайди ва у жавобгарликдан озод қилинади”.

Тошкентлик иқтисодчи Тошбекнинг фикрича, мазкур фармон март ойда қайта сайланган президентнинг сайлов олди ваъдаларига асосланган ва унинг асосий янгилик жиҳати ҳам тадбиркорларнинг биринчи молиявий қонунбузарлик учун жиноий жавобгарликдан озод қилинганидадир.

- Қоғозда бу жуда чиройли тақдим этилган. Фармонда 2-3та конкрет тезислар бор. Прокуратурага конкрет топшириқлар берилган. Агар бу ҳақиқатан, амлда қонун кучига эга бўладиган бўлса, фармоннинг тадбиркор фойдасини кўзлаб қабул қилинганини кўришимиз мумкин. Тадбиркорлик фаолиятига аралашувни қанчалик чеклашини, албатта вақт кўрсатади. Лекин фармоннинг урғу берилаётган жиҳати, менимча, жиноий жавобгарликнинг олиб ташлангани, яъни тадбиркорларга босим қилиш воситаси камаяётгани аниқ ва ижобий сигналдир. Ундан кейин текшир-текширларнинг муддати камаяётгани ҳам яхши тенденция менимча,- дейди иқтисодчи.

Президент фармонида “тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш” ҳам назарда тутилган.

"Текшир-текшир дастидан бизнесим синди"

Фармон 1 июлдан кучга киргач вазият қанчалик ўзгариши ҳозирча мавҳум, лекин тадбиркорлар ўз фаоиляти туфайли ҳокимият идоралари, хусусан президент фармони бажарилишини кафолатлаши кутилаётган прокуратура томонидан таъқиб қилинишига кўплаб мисоллар бор.

Намангандаги собиқ “Уста Адаш Абдулла Карим” кичик корхонасининг таъсисчиси Карим Абдуллаев прокуратура текширувлари боис фирма фаолияти тўхтаб қолиб, касодга учраганини айтади. Бу ҳам етмагандай, дейди тадбиркор, ҳозир прокуратура жиноий жавобргарлик билан таҳдид қилмоқда.

- Тадбиркорлик фаолиятини ким ҳимоя қилади, президент фармонини бажаришмаётган бўлса булар. Мен ўғрилик қилмаган бўлсам. Ҳароб ётган бинони оёққа турғазиб, 50та иш жойи яратдим. Мен ташкил қилган тикув цехида тикилган махсулот республика бўйлаб сотилар эди. Фтуболкадан тортиб, костюм-шигача, 50ка яқин маҳсулот ишлаб чиқарар эдик. Президентимиз шароит яратиб бердилар деб, ишонсам, прокуратура бизни умуман ҳимоя қилмяпати. Ахир вазирлар маҳкамасининг қарори бор, бу қарорга кўра, тадбиркорлик субъектларини ноқонуний тарзда тешира олмаймиз, демайди булар. Бу текшир-текширлар ва ёзувлар дастидан йиғиштириб қўйдик тадбиркорликни. Январ ойидан 50 ишчи ишлаган фабрикани ёпиб қўйдик. Ёпиб қўйсак ҳам тинч қўймаяпти прокуратура бизни, дейди наманганлик тадбиркор Карим Абдуллаев.

"Президент фармони туб муаммони ҳал эта олмайди"

Қўқон марказий бозорида чакана савдо билан шуғулланадиган тадбиркор Тўлқин ака, президент фармони эълон қилинишидан аввал ҳам, кейинги ярим йил-бир йил ичида солиқ идораларининг текширувлари анча сийраклашганини эътироф этади. Лекин бугун тадбиркорнинг асосий муаммоси ундириладиган солиқнинг тадбиркор даромади билан номутаносиб даражада юқори эканида, дейди қўқонлик савдогар Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

“Ҳозир текширувлар анча камайган. Давлат идоралари анча юмшоқ муомалада бўлиб қолган. Лекин ҳозир чакана савдо учун бир ойда 900 минг сўмлик солиқ белгилаб қўйилган. 120 минг сўми пенсия жамғармасига, 780 минг даромад солиғи. Агар буни даромаднинг 20 фоизи деб оладиган бўлсангиз, савдогар 4 миллион атрофида даромад қилиши керак. Лекин бунча фойда ҳозир йўқ. Ҳозир савдо анча тушиб кетди. Масалан, ўтган йили бир бозорда 10 миллионлик товар сотган бўлсак, бугун зўрға бир миллионли савдо қиляпмиз. Сабаби одамларда пул йўқ, чунки Россиядан меҳнат муҳожирлари юбораётган пул ҳажми тушиб кетди. Лекин солиқни миқдори камайгани йўқ”, дейди тадбиркор.

Суҳбатдошимиз, солиқ идоралари текширувининг камайгани ҳамда президентнинг тадбиркорларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги фармони мамлакат иқтисодида кузатилаётган жиддий муаммоларни ҳал эта олишига шубҳа билан қарайди.

“Ҳозир ўзи текшир-текширнинг камайиб кетгани ҳам савдонинг пасайиб кетгани билан боғлиқ. Чунки солиқчилар ҳам тушуниб турибди садвогардан у-бу нарса ундириш қийинлигини. Кўпчилик ҳозир зиёнга ишлаяпти. Бу фармон ҳам тадбиркорларни бироз юпатиш учун қабул қилинган, менимча. Агар эртага яна савдо юришиб кетадиган бўлса, яна савдогардан тама қилиш авжига чиқади ва президент фармони қоғозда қолиб кетаверади. Лекин савдогарнинг бугун асосий муаммоси одамларнинг харид қилиш қурби камайиб кетганида. Ишсизлик авжида, бутун бошли оилалар ишсиз ўтирибди. Мардикорлар роса кўпайган. Россиядан пул келмай қўйди. Ҳукумат иқтисоддаги муаммоларни ҳал қилмас экан, битта фармон билан вазиятни ўнглай олишига кўзим етмайди”, дейди қўқонлик савдогар.

XS
SM
MD
LG