Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:37

Тошкент дўконлари киши бошига 2тадан ортиқ Cola сотмаяпти


Тошкент ва Жиззахда Coca-Cola савдосида юзага келган танқисликни савдо шохобчалари Coca-Cola Icihmligi Uzbekiston ширкатининг пойтахтдаги заводи вақтинча ёпилгани билан изоҳламоқдалар. Гарчи, ширкат раҳбарияти завод бугундан яна иш бошлаганини айтса-да, ширкат дистрибюторлари ҳануз иш бошлагани йўқ.

Савдо шохобчаларида Coca-Cola ичимлиги танқис бўлиб қолгани, баъзи ҳудудларда эса умуман йўқлиги ҳақидаги хабар Озодликка Жиззах шаҳридан келди.

"Salom, O'zbekistonda yana koka kola tanqis bo'lib qoldi, xech qaysi do'konda yuq. Ayrim do'konlarda bo'lsa xam juda qimmat 6000-8000 sum gacha sotilmoqda. Shu xaqda sizlarga maktublar kelmoqdami? Shuni bilmoqchi edim. Javob uchun oldindan raxmat", деб ёзди жиззахлик манба.

Хабар ортидан мухбир билан суҳбатда исмини ошкор қилишни истамаган бу манба Жиззахдаги дўконлардан Coca-Cola ичимлиги ғойиб бўлганига бир ҳафтадан ошиб қолганини қўшимча қилди:

- Дўконлардан сўрадик, нимага йўқ, деб. Улар Тошкентдаги завод ёпилган, яна проверка кетаяпти. Шунинг учун йўқ, дейишди. Ҳозир 4 минг сўмлик бир ярим литрлик Coca-Cola 8 минг сўмга чиқиб кетди. Тошкентда ҳам шу гап, дейишяпти,- дейди исмини ошкор этмаётганимиз манба.

Бу хабар ортидан Тошкентдаги озиқ-овқат дўконларига боғланган Озодлик мухбири ҳақиқатда ҳам сўнгги 1 ярим ҳафта ичида пойтахтдаги савдо шохобчаларида бу ичимлик камайиб кетганига гувоҳ бўлди.

Жумладан, korzinka.uz озиқ-овқат дўконлари тармоғида киши бошига 3 литрдан ошиқ имчлик сотилмаётгани маълум бўлди.

- Бизнинг korzinka.uz дўконларида киши бошига фақат 2тадан Coca-Cola берилаяпти. 1 ярим литрлик, нархи 3 минг 990 сўм. Лекин катта количествода ҳозир ҳеч қайси дўкон бермаяпти,- деди korzinka.uz озиқ-овқат дўконлари тармоғининг мижозлар билан ишлаш бўлими ходими.

Тошкент ва Жиззах шаҳарларидаги танқислик борасида олинган бу маълумотларни Coca-Cola Icihmligi Uzbekiston ширкати вакили билвосита тасдиқлади. Ундан олинган маълумотга кўра, ширкатда икки ҳафталик профилактик текширувлар бўлган.

- Одатдаги, профилактика ишлари учун иш вақтинча тўхтатилган эди. Бугундан яна Coca-Cola қуйяпмиз. Шиша бутилкаларга қуйилиши тўхтамаган. Лекин 1 ярим литрлик баклашкаларга қуйиш бугундан бошланди. Дистрибюторларам маҳсулот йўқлиги учун вақтинча ишламай турган эди, икки-уч кундан кейин улар ҳам иш бошлайди,- дейди ширкат вакили.

Ширкат вакили завод ишини 2 ҳафтага тўхтатган "профилактика ишлари" нималардан иборат экани ҳақида бирор маълумот бермади.

Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатида ўтган йилнинг январь ойида ҳуқуқ-тартибот ва солиқ идоралари текшируви бошланган эди. Шундан сўнг текширувлар боис, завод фаолияти бир неча бор тўхтатилиб, яна қайта тикланди. Охир-оқибатда, бу текширувлар якунига етганми ёки ўтган икки ҳафтадаги "профилактика ишлари" бу суриштирувнинг давомими - бу ҳақда Озодликда аниқ маълумот йўқ.

Илк текширувлар 2013 йилнинг октябрь ойидан бошлаб Гулнора Каримова бизнес тизимларида Ўзбекистон прокуратураси ва МХХ ойлардан бери ўтказаëтган текширувларнинг бир қисми ўлароқ кўрилган. Зеро, бу ширкат 2001 йилдан бери президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова тасарруфига ўтгани айтиб келинади.

Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатидаги давлат активлари ўтган йили апрель ойида Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш марказига ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорида ширкатда Ўзбекистон ҳукумати улуши 57,12 фоизни ташкил қилгани айтилган.

Coca-Cola ширкатининг Россия, Украина ва Белорусдаги филиалларини муовиқлаштирувчи бўлимидан олинган маълумотга кўра, филиаллардаги давлат активлари сони 50 фоиздан ошиқ бўлган мамлакатлардан бири Ўзбекистон бўлса, яна бири Хитойдир.

Ўзбекистон бозорида 1993 йилдан бери фаолият олиб бораётган Coca-Cola Ichimligi – Uzbekistan LTD қўшма корхонаси турли идишларда беш хил – Coca-Cola, Coca-Cola Zero, Fanta, Sprite, Bonaqua ва Fuse Tea, Ice Tea салқин ичимликларини ишлаб чиқаради.

Ширкат Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг собиқ эри¸ АҚШ фуқароси¸ асли афғонистонлик ўзбеклардан бўлган Мансур Мақсудий оиласи томонидан Тошкентда ташкил қилинган.

2001 йилда Ўзбекистон президентининг қизи Мақсудийдан ажрашгач, Гулнора Каримова собиқ эрининг ўша пайтда 60 миллион АҚШ долларига баҳоланган Coca-Cola Ichimligi - Uzbekistan корхонасини тортиб олгани айтилади.

XS
SM
MD
LG