Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:18

Ўзбекистонда “ёмон” болалар нима еб, нима ичиши белгилаб қўйилди


29 июнь куни Ўзбекистонда кучга кирган қарор билан ихтисослаштирилган муассасаларда сақланаётган болаларга берилиши лозим бўлган озиқ-овқат ва кийим-кечак меъёрлари белгилаб қўйилди.

Учта вазирлик ўртасида қабул қилинган мазкур ҳужжатда келтирилган маълумотлар, айни пайтда, фарзанд ўстираётган ҳар бир ота-она учун ҳам фойдалидир.

Қарорнинг “эгалари”

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2015 йил 10 июндаги қўшма қарори билан “Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларини озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал, бошқа ашёвий таъминот буюмлари ва юмшоқ анжомлар билан таъминлаш меъёрлари” белгилаб қўйилди.

Бу ҳақда хабар қилган норма.уз сайтига кўра, тилга олинган қарор ва унга илова – “Меъёрлар” 29 июнь куни кучга кирди.

Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаси нима?

Ўзбекистонда Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари, контингентининг ёшига қараб, 2 хилдир.

Биринчиси - Ихтисослаштирилган мактаб. Унда 11 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил ва қизлар тарбияланади.

Иккинчиси - Ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежи. Унда 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўғил ва қизлар тарбияланади.

Ихтисослаштирилган мактаб ва коллежларда қандай болалар тарбияланади?

Бу саволга Вазирлар Маҳкамаси 2010 йил, 26 ноябрда қабул қилган “Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорда батафсил жавоб берилган.

Бир жумла билан айтганда, ихтисослаштирилган мактаб ёки коллежда тарбияси қийин болалар ўқитилади. (Батафсилроқ билгиси келганлар мақоланинг охиридаги бандларни ўқисин)

11 яшар бола 1 кунда 3 кило овқат ейиши лозим

29 июнь куни кучга кирган қарор билан ихтисослаштирилган мактаб ва коллеж тарбияланувчилари 1 кунда қандай маҳсулотлар ейиши кераклиги белгилаб қўйилди.

Масалан, ёши 11 дан 18 гача бўлганлар кунига 600 граммдан нон ейиши, ярим килодан сут ёки сут-қатиқ ичиши керак.

Ёши 11 дан 14 гача бўлганларга гўшт ёки парранда гўштини кунига 150 граммдан, 14 дан 18 гача бўлганларга эса, 25 грамм кўпроқ берилиши лозимлиги белгилаб қўйилган Низомда.

Болалар ҳар куни 90 граммдан балиқ ейиши шартлиги ҳам маълум бўлади ҳужжатдан.

Умуман эса, ҳар куни болалар истеъмол қилиши лозим бўлган егуликлар рўйхатида (24 ном) сариёғдан тортиб пишлоққача, картошкадан тортиб картошка унигача, чойдан тортиб какаогача бор.

Ҳар бир маҳсулот неча граммдан берилиши кераклиги ҳам белгилаб қўйилганки, масалан 11 - 14 яшар болага 1 кунда берилиши лозим бўлган егуликларнинг умумий вазни 2873 граммни ташкил қилишини ҳисоблаб аниқладик.

Ўғил болага соқол кўпик, қиз болага...

29 июнь куни кучга кирган қарор билан ихтисослаштирилган мактаб ва коллеж тарбияланувчиларини кийим-кечак ва пойабзал билан таъминлаш меъёрлари (рўйхат 38 банддан иборат), шахсий гигиена буюмлари (рўйхат 16 банддан иборат) ҳамда юмшоқ анжомлар билан таъминлаш меъёрлари (11 та номда) белгилаб қўйилган.

Масалан, ҳар бир тарбияланувчига йилига вазни 100 граммли 24 та атир совун, вазни 30 граммли 12 тюбик тиш пастаси берилиши лозим.

Тарбияланувчиларга берилиши лозим кийимлар орасида қишки ва кузги пальтолардан тортиб, свитерларгача, шиппакдан тортиб сийнабандларгача бор. Масалан, сўнгги ашё қизларга йилига 3 тадан берилиши лозим. Меъёрлар билан тўлиқ танишиш учун мана бу ишорани босинг.

Ҳаражатларни ким кўтаради?

Ихтисослаштирилган мактаблар ва касб-ҳунар коллежлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий эҳсонлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар томонидан молияланиши белгилаб қўйилган.

Ихтисослаштирилган мактаб ва коллежларда қандай болалар тарбияланади? (батафсил варианти)

Ихтисослаштирилган мактаб тўғрисидаги низомда айтилишича, 11 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил ва қизлар, агар:

ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан анча орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг моҳиятини тўлиқ англаб етишга қодир бўлмаган бўлса;

якка тартибдаги профилактика иши олиб борилаётганлигига қарамай ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир қилишни давом эттираётган бўлса, ихтисослаштирилган мактабга жойлаштирилади.

Ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежи тўғрисида низомда айтилишича, 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўғил ва қизлар, агар:

ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан анча орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг моҳиятини тўлиқ англаб етишга қодир бўлмаган бўлса;

кўриб чиқиш учун материалларни вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга берган ҳолда уларнинг айбдорлиги масаласини ҳал қилмасдан жиноий жавобгарликдан озод этилган бўлса;

уларни ихтисослашган ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш тарзидаги мажбурий чоралар қўлланган ҳолда жиноий жавобгарликдан озод этилган бўлса;

якка тартибдаги профилактика иши олиб борилаётганлигига қарамай ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир қилишни давом эттираётган бўлса.

XS
SM
MD
LG