Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:30

Ўзбекистон газ ва электр ортидан мевани ҳам четга сотмоқда


Uzbekistan - uzbek bazaar
Uzbekistan - uzbek bazaar

Ўзбекистонда бу йилги баҳорнинг совуқ ва қорли келиши ортидан кутилгани каби¸ бозорга чиқарилаëтган мева ҳажми сезиларли даражада камайди. Боз устига, ўзбек машиналари бозорининг Россияда касод бўлиши ортидан, расмий Тошкент Россияга мева экспорт қилишни валюта тушумининг муҳим каналига айлантирди. Бу сиёсат, кузатувчиларга кўра, ëз мавсумида ўзбеклар дастурхонидан ўз ерида етишган меваларнинг тортилишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон ўз қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Россияга экспорт қилишни кўпайтирмоқда. Кейинги етти ой ичида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакампанияси ўз юк самолëтлари орқали Навоийдан “Домодедово” аэропортига 50 тоннага яқин мева-сабзавот ташиди”¸ деб хабар берди ўтган ҳафта охирида ярим расмий podrobno.uz интернет нашри.

Йиллардан бери Ўзбекистондан Россияга асосан мева-сабзавот маҳсулотлари олиб келиш билан шуғулланиб келаëтган “Восточный Базар” савдо уйи бошқарувчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда жорий ëзда ўзбек мева-сабзавотларини Россияга олиб кириш кўпайганини ўз ширкати мисолида тасдиқлади:

- Ўзбек мева-чевалари Россияда азалдан харидоргир ва бугун ҳам уларга талаб баландлигича қолмоқда. Ҳозир биз Ўзбекистондан асосан гилос ва ўрик олиб келаяпмиз. Ўзбек мевалари ҳозирча генлари ўзгартирилмагани учун қадрланади. Мавсумий меваларни асосан самолëтлар орқали¸ қовун-тарвуз пишиғида эса уларни автоулов орқали олиб келамиз¸ дейди “Восточный Базар” савдо уйи вакили.

Москвада яшаëтган Насиба мавсумий мева ва сабзавотларнинг асосан Ўзбекистондан олиб келинганини харид қилишини айтади. Унга кўра, бугун Россия пойтахти бозорларида ўзбек мевалари нархи анча баланд эса-да¸ бозори чаққон эканини айтади:

- Ўзбекистондан келтирилган гилосларнинг нархи 400 рублдан тушгани йўқ. Ўриклар 300-350 рубль атрофида. Ўзбек мевалари асосан усти ëпиқ бозорларда сотилади. “Домодедово” даги улгуржи мева базасидан олиб¸ Россия фуқароларининг ўзлари уни бозорда сотишади. Аввалари ўзбекистонликлар сотарди¸ лекин анчадан бери улар савдодан четлатилган¸ дейди Москвада яшаëтган Насиба.

Ўзбекистондан олиб келинган гилос ва ўриклар нафақат Москва¸ балки аксар Россия шаҳарлари бозорларини тўлдириб турган бир пайтда¸ бу меваларнинг Тошкент ва бошқа ўзбек бозорларида озайгани¸ борларининг ҳам оддий халқ қўли етмайдиган даражада қимматлигича қолаëтгани кузатилмоқда.

Озодлик билан Тошкент марказидаги Чорсу бозори мева расталари олдида туриб суҳбатлашган тадбиркор Жаҳонгир Шосалимов¸ 30 июнь кунги нарх-наво манзарасини тасвирлаб берди:

- Шафтолини 15-16 мингга¸ дастурхонга қўядиган мазали олмани 6000-10000¸ чиллаки узумлар 6000 дан бошланади. Гилос бозорда йўқ¸ ҳар қалай¸ мен кўрмадим. Шпонкалар 12 мингдан. Бу нархлар ўзбек янги бойлари учун сариқ чақа бўлиши мумкин. Аммо пенсионер¸ бюджетдан ойлик олувчи кўпчилик халқ учун бу йилги ëзда мева-чева олиш¸ орзу бўлиб турибди¸ нархлар осмон улар учун. Меҳнаткаш тадбиркор учун¸ чидаса бўладиган баҳо булар¸ дейди Жаҳонгир Шосалимов.

У ўзбек бозорларида мавсумий мевалар нархи қимматлигини икки сабаб билан изоҳлайди.

- Биринчиси¸ баҳорнинг қаттиқ совуқ ва қорли келгани. Мевали дарахтларнинг ками 50 фоизини совуқ уриб кетди. Бу табиий офатдан халқ турмушига етадиган зиëнни юмшатиш ўрнига ҳукумат Россия ва Қозоғистонга мева экспорти ҳажмини кўпайтирди ва ўз валюта тушумининг бир қисмини сақлаб қолди. Мен шу соҳада кўп тадқиқот ўтказганман ва Ўзбекистонда етиштириш мумкин мева-сабзавотнинг 1 фоизигина аҳоли эҳтиëжини қондиришга етиб¸ қолганини четга экспорт қилиш мумкин¸ деган қарашдаман. Аммо бу йилгидек табиий офат боғдорчиликни барбод қилган бир пайтда¸ мева-сабзавот экспортини оширишгаҳожат йўқ эди¸ деб ўйлайман¸ дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Ўзбек мева-сабзавотларини Россия¸ Қозоғистон¸ қолаверса¸ Латвия каби Европа Иттифоқи давлатларига экспорт қилиш билан уни етиштираëтган фермер-деҳқон шуғулланаëтгани йўқ.

- Бу бозорни ҳам¸ ҳокимият юқори лавозимларида ўтирганлар ва улар паноҳида бўлган бир гуруҳ монополистлар тўлиғича назорат қилади ва бугунги ўзбекистонлик дастурхонидан мавсумий-мева чеванинг ҳам йўқолиб бораëтгани сабаблари ҳукуматнинг иқтисодий сиëсатига бориб тақалаверади¸ деб қўшимча қилади Жаҳонгир Шосалимов.

XS
SM
MD
LG