Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:28

Мулозиманинг Робинзон ҳақидаги гапидан кейин қўшиқчилар жазоланди


"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси логоси
"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси логоси

"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси чоршанба куни “талаб ва қоидаларни бузган” уч нафар қўшиқчини лицензиядан маҳрум қилди ва Илҳом Фармонов дохил 11 нафар қўшиқчига ҳайфсан берди. Ўтган ойда бош вазирнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Элмира Боситхонова санъаткорларни Ўзбекистон "Робинзон ороли" эмаслиги унутмасликка чақирган эди.

Озодликка маълум бўлишича, бу жазолаш Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонованинг танқидига жавоб ўлароқ амалга оширилган.

Бош вазир ўринбосари ўтган ойда мажлис ўтказиб, “Ўзбекистон — Робинзон яшайдиган орол эмас, агар кимки, бугун демократия, истаганимни қиламан, деб ўйласа, халқ, жамият фикри билан ҳисоблашмаса, қаттиқ адашади”, дея қўшиқчилар шаънига танқид ëғдирган эди.

Жазоланганлар рўйхати

Қўшиқчилар жазолангани ҳақидаги билдириш "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси сайтида эълон қилинди.

Қўшиқчилар “Сабиров Анвар Каримович, Рахматова Эсмеральда Нажмиддиновна (Тамила) ва Умарова Камила Рахматуллоевна (Ягона)лар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги 498-сонли Қарори ҳамда лицензия битимида назарда тутилган талаблар ва шартларни бузганлиги сабабли, хонандалар номига берилган лицензиянинг амал қилиши 1 июлдан тўхтатилган", дейилади билдиришномада.

Шунингдек “талаб ва қоидаларни бузган” ашулачиларга ҳайфсан эълон қилингани ҳам қарордан ўрин олган:

“Огоҳлантирилаётган эстрада хонандаларининг рўйхати

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар

Муминов Сабиржан Адилжанович

Парманов Илхамжон Шомаматович

Исмияминова Дилноза Мирзатиллаевна

“Ниҳол” мукофоти совриндорлари

Мирзажонов Ёдгорбек Усмоналиевич

Отабоева Шахноза Хасановна

Убайдуллаев Достон Рустамович

Ортиқов Шерзодбек Шербутаевич

Хонандалар

Усманов Масруржон Марубджанович

Умиров Жасурбек Увайдиллоевич

Хамидова Хилола Джураевна

Шамсиев Умар Ахмеджонович”

Қарор сўнгида Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари талабини бажариш “ҳар бир хонанда ва санъаткорнинг бурчидир” деган таъкид ҳам бор.

Уятсиз расмлари тарқаганлар учун тарбиявий соат

Озодликнинг "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасидаги манбасининг айтишича¸ лицензияси олинганлардан бирининг уятсиз расмлари ижтимоий тармоқларда тарқалган, яна бири эса мажлисга келмаган, учинчиси такаббурлик қилган:

"Мана бугун (2 июль) Анвар Собиров тавбасига таяниб, ўтирибди идорада. Тушунтириш хати ҳам ëзди. Бу хатда у айбини тан олиши ва давлат тадбирлари ҳамда мажлисларга бундан буëн канда қилмай қатнашиш ваъдасини берган. Тузук-қуруқ ашула ҳам айта олмайдиган бу укамиз тўртта кинога тушдим дея такаббурликка берилиб кетди. Лекин энди кеч. Унинг лицензияси биринчи июлдан бекор қилинди"¸ дейди Озодлик манбаси.

Суҳбатдошга кўра, лицензияси олиб қўйилган Рахматова Эсмеральда Нажмиддиновна (Тамила)га нисбат берилган уятсиз порно расмларнинг тарқалиши қўшиқчига обрў келтирмаган:

"Билсангиз, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида “Маънавиятимизни асраб қолайлик!” деган маърифий тадбири ўтказилди. Сенаторлар, депутатлар, маданият ва санъат вакиллари қатнашган бу мажлисда клиплар, қўшиқчи-ю раққосаларимиз ёки актрисаларимизнинг бачкана қилиқлари танқид қилинди. Хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўзлари бу масалани қаттиқ қўйди. Шундан келиб чиқиб, бизТамила (Эсмеральда Рахматова) ва Ягона (Камила Умарова)ларнинг лицензиясини стоп қилдик", дейди Озодлик манбаси.

Суҳбатдошга кўра, қўшиқчилар учун тарбиявий соат вазифасини ўтайдиган маънавият мажлисларини менсимаган 11 нафар қўшиқчига ҳам чора кўрилган.

"Мажлисга чақирсанг келмайди. Масалан Илхом Фармонов заслуженний артистман деб мажлисни писанд қилмайди. Яна битта юлдуз Достон Убайдуллаев ҳам мажлисга келмагани учун огоҳлантирилди. Бекор қилинган лицензиясини минг тавалло билан қайта олганидан сўнг Жасур Умирев деган ашулачи яна қорасини кўрсатмай кетди¸ шу боис унга ҳам чора кўрилди", дейди Озодлик манбаси.

Суҳбатдош айтган мажлисда ашулачиларни "Робинзон"га тенглаштирган Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонованинг қўшиқчилар ҳақидаги гапи маҳаллий матбуотда эълон қилинди.

Бу нутқда жумладан мана бу гаплар бор:

“Айрим хонандаларимизнинг турли ажнабий ва миллийликка ёт либосларни кийишлари, ёшларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган саёз қўшиқ матнлари, қўпол, беҳаё ва беандиша ҳаракатлар акс эттирилган клипларнинг оила даврасида кўриладиган экранларга узатилаётганини нима билан изоҳлаш мумкин?!" — деган эди Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова.

Бу гапдан кейин Ўзбекистон миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши раиси Иқбол Мирзо эстрада санъати маҳсулотларининг маънавий савиясини қонун йўли билан тартибга солиш бўйича ўз таклифларини илгари сурди.

Расмийлар қуюшқонига тўғри келмайдиган ашулачиларнинг жазоланиши бу таклиф ижроси ўлароқ талқин қилинмоқда.

Ўзбекистонлик машҳур хофиз Шерали Жўраевнинг ўғли, 28 яшар Шоҳжаҳон Жўраевга 17 мартдан бошлаб "концерт фаолияти ва қўшиқ куйлаш"и расман тақиқлаб қўйилган эди.

Шоҳжаҳон Жўраев "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси тарафидан жазоланган илк санъаткор эмас.

"Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси тарафидан ўз вақтида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилфуза Раҳимова, "Ниҳол” мукофоти совриндори Отабек Муталхўжаев, хонанда Дилшод Раҳмонов, қўшиқчи Абдулла Қурбонов¸ "Уммон” ва "Манго” гуруҳлари хонандаларининг ҳам "номақбул ҳулқи" боис лицензияларининг амал қилиш муддати тугатилган эди.

XS
SM
MD
LG