Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:35

Ўзбек чегарачиси тожикистонлик молбоқарни яралади


Тожикистон шимолидаги Конибодом туманининг Ўзбекистон билан чегарадош Патар қишлоғида ўзбек чегарачилари мол боқиб юрган тожикистонлик ўзбекни оёғидан отиб ярадор қилди. Чегарачилар яраланган тожикистонлик ва унинг шеригини ҳибсга олган. Айни пайтда яраланган тожикистонлик Фарғона вилоятининг Бешариқ тумани касалхонасида даволанмоқда.

Ўзбекистон чегарачилари 25 июнь куни Сўғд вилояти Конибодом туманининг Патар қишлоғида истиқомат қиладиган 30 яшар Тўлқинбой Усмоновни оёғидан отиб ярадор қилган.

Бу воқеадан сўнг Тўлқин Усмонов ва унинг шериги 24 яшар Хуршед Қобилов чегарачилар томонидан ҳибсга олиниб, Ўзбекистон ичкарисига олиб кетилган.

Яраланган тожикистонликнинг отаси Собир Усмонов ва Шавкат Қобилов билан бўлган воқеа ҳақида суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:54 0:00

Бу ҳақда Озодликка гапирган Тўлқинбойнинг отаси Собир Усмоновнинг иддао қилишича, унинг ўғли ўзбек-тожик чегарасининг нейтрал ҳудудида отилган:

- Келиб кўрсаларинг ҳам бўлади. Чегарага тортилган сим узилган ҳам йўқ. Отилган жой билан чегаранинг ораси бир қанча масофа. Ўғлим шериги билан шунчаки мол боқиб юрган эди,- деди Собир Усмонов.

Асли Тошкент вилоятининг Бўка туманидан бўлган Собир Усмонов ўз миллатдошларининг бундай ҳаракатидан таажжубда эканлигини айтади.

Чегарачилар томонидан қўлга олинган иккинчи тожикистонлик Хуршеднинг отаси Шавкат Қобиловнинг айтишича, Тўлқинбой ўзбек чегарасидан юз метр узоқликда Тожикистон ҳудудида отилган:

- Моллар ўтлаб нейтрал ҳудудга ўтиб қолган. Ўзбек чегарачилари молларни ўзлари томонга ҳайдаб, бизни болларга мол керак бўлса, ўтгин бу томонга деган. Кейин булар бормаган. Солдатлар булар барибир молларини олгани келади деб пойлаб кечгача ўтиришган. Кейин йигитлар кечга томон боришган. Чегарага юз метр қолганда чегарачилар отаман, деган. Бу йигитлар ҳам биз ўз ҳудудимизда турибмиз, отсанг отавер деган. Кейин улар автоматдан отган. Ўқ Тўлқиннинг оёғига теккан. Чегарачилар югуриб келиб, иккаласини ҳам ушлаб олиб кетишган,- дейди Шавкат Қобилов.

Шавкат Қобиловга кўра, унинг ўғли айни пайтда Қўқон шаҳрининг миллий хавфсизлик хизматининг изоляторида сақланмоқда. Тўлқинбой Усмонов эса Бешариқ шаҳридаги касалхонага олиб борилган.

Шавкат Қобилов фарзандлари тақдирини суриштирмоқчи бўлиб Ўзбекистонга ўтмоқчи бўлгани, бироқ уларни чегарачилар ўтказмаганини айтади:

- Биз Патар чегара ўтказув пунктига бориб, болларимизни бориб кўришга рухсат сўрадик. Лекин улар қайтариб юборяпти. Биз уларга душман эканмиз, биз наркотик ва қурол ўтказадиган одамлар эканмиз. Биз ҳам ўзбек бўлсакда, улар одам сифатида кўришмаяпти бизни,- деди Шавкат Қобилов.

Бешариқ тумани ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган Озодлик манбаси, Тўлқинбой Усмоновнинг Бешариқ туманидаги марказий касалхонада даволанаётганини тасдиқлади:

“Тўлқинбой ҳозир касалхонанинг хирургия бўлимида даволаняпти. Ўқ унинг ўнг сонига теккан. Суяк бутун, нерв қон томирлари ҳам жароҳат олмаган. Аҳволи яхши, бир-икки кунда касалхонадан чиқиб қолса керак”, деди манба.

Манбанинг айтишича, икки тожикистонлик чегара тартибини бузганликда айбланмоқда ва бу воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаяпти.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига қарашли давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти Ўзбекистоннинг олти вилояти билан чегарадош. Тожикистоннинг бу чегара ҳудудларида, асосан, ўзбеклар истиқомат қилади.

2000 йилда Ўзбекистон Тожикистон билан виза тартиби жорий қилганидан сўнг, чегаралар орасига тиканли симлар тортилди, тоғли ҳудудларга миналар кўмилди.

Минг йиллардан буён қалин қўшни ва қон-қариндош бўлиб яшаб келган ўзбегу тожиклар бугун бир-бирларининг уйларига фақат виза билан бора оладилар холос.

Чегара ҳудудларида икки томон чегарачилари томонидан оддий одамларнинг отилиши, калтакланиши ва камситилиши каби ҳолатлар кўп учраши кузатилади.

XS
SM
MD
LG