Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:45

Қўшниларини шанбаликка олиб чиқмаган раиса ҳокимият тазйиғига учради


Наврўз ва Мустақиллик куни каби байрамлар олдидан одамларнинг ихтиёрий-мажбурий ҳашарга чиқиши Ўзбекистонда деярли одатга айланган.
Наврўз ва Мустақиллик куни каби байрамлар олдидан одамларнинг ихтиёрий-мажбурий ҳашарга чиқиши Ўзбекистонда деярли одатга айланган.

Тошкентнинг Қорасув мавзеидаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларидан бирининг раисаси, Ўзбекистон либерал-демократик партияси аъзоси Хилола Юсуповага одамларни чор-атрофни тозалатишга олиб чиқмагани учун шаҳар расмийлари босимига учради.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева маълум қилди.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, шу йилнинг 28 июнь куни Тошкент шаҳар ҳокимияти вакили бўлмиш Равшан исмли мулозим Хилола Юсуповани Қорасув мавзеи ҳудудига чақирган ва бу аёл раислигидаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати аъзолари шанбаликка чиқмагани учун уни бўралаб сўкиб кетган. Кейин эса уни бир неча милиционер ушлаб, Мирзо Улуғбек туман ички ишлар бошқармасига олиб кетган.

- Хилола уйида яшайдиганларни гўё шанбаликка олиб чиқмагани учун ҳибсга олинган. Унга милиционерлар қўпол муомала қилган, куч билан қўлидан судраб кетишган, ҳатто қандайдир бир билагузугини синдиришган. Мирзо Улуғбек туман ички ишлар бошқармасида уни қанақадир қафасга қамаб қўйишган. Уни ҳожатхонага чиқаришмаган. Ҳозир бизда Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 45 даражагача исиб кетяпти. Шундай шароитда унга сув беришмаган. Уни яқинлари билан гаплашиш имкониятидан ҳам маҳрум қилишган. Бир сутка шундай таҳқирлашибди. Охири у ҳушидан кетиб йиқилибди. “Тез ёрдам” чақирилибди. Шифокорлар ҳам унинг соғлиғидан ташвишланиб, уни касалхонага ётқизишни талаб қилишибди. Лекин милиционерлар уни қўйиб юборишмабди. Хуллас, ўз ҳуқуқлари ва уйида яшайдиган одамлар ҳуқуқларини ҳимоя қилган бир аёлга шунақа ғайриинсоний муомала қилинибди.

Хилолани милицияга бўйсунмаганлик ва қаршилик қилганликда айблашибди. Эртаси куни уни судга олиб боришибди. Бироқ судья маҳкамани бошқа кунга қолдирганидан кейин уни қўйиб юборишибди, - деди Елена Урлаева.

Шундан сўнг Хилола Юсуповага қўнғироқ қилдик. Мурожаатдан мақсадни эшитгач, у айни пайтда шифокор кўригига келганини айтиб, гапни қисқа қилмоқчи бўлди. Шунга қарамай, ундан айрим саволларимизга жавоб ололдик.

- Мен Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари институтига хатлар жўнатдим. Менинг ишим ўша жойларда ҳал бўлаяпти, деб умид қиламан. Шунинг учун ҳам очиғи менга нима билан ёрдам беришларингиз мумкинлигини билмайман. Чунки бу сиёсат эмас, бу ерда одамлар ўзини кўрсатиб қўймоқчи бўлишди, холос. Бу ҳечам сиёсат эмас, шунчаки одамлар менга ўз ҳокимияти кучини кўрсатиб қўйишга уринишяпти, - деди Хилола Юсупова.

“Одамлар ўз ҳокимияти кучини кўрсатишга ҳаракат қилаётган бўлса, бу сиёсат бўлмай нима?” деган саволимиз эса жавобсиз қолди – Хилола Юсупова шифокорга кўриниши лозимлигини айтиб, алоқани узди.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаевага Юсупованинг бу ҳаракати эриш кўринмади. Ҳуқуқ фаолига кўра, шу кунларда альянс фаоллари билан алоқа қилган кишиларнинг ҳаммаси босимга учраяпти.

- У чўчиб қолган. Чунки унга, ҳимоя сўраб бизга мурожаат қилган бошқа одамларнинг ҳаммасига милиция кучли босим ўтказаяпти. Уларни Жиноят кодексининг 201-моддаси билан чўчитиб қўяяпти “ноқонуний пикетда иштирок қилгансан” деб. Мени “нолегал ҳуқуқ ҳимоячиси” дейишиб, мен билан алоқага чиққанлик учун жазо борлигини айтиб қўрқитишяпти одамларни. Бу ишларни тушунса бўлади, чунки бу ерни Ўзбекистон деб қўйибди, - дейди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева.

Хилола Юсупова воқеасига муносабат олиш учун биз Ўзбекистон Либерал-демократик партияси бош идорасига ҳам қўнғироқ қилдик. Телефон гўшагини кўтарган суҳбатдош шанба куни партия идорасидагиларнинг ҳаммаси дам олишини айтиб, бизга бошқа куни сим қоқишни тавсия қилди.

XS
SM
MD
LG