Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:21

Амударёда “куйдирги” юққани гумонланган ота-бола касалхонага ётқизилди


Куйдирги касалининг уй ҳайвонларидан одамга юқиши айтилади.
Куйдирги касалининг уй ҳайвонларидан одамга юқиши айтилади.

Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида мол сўйгандан кейин куйдирги касалини юқтирган ота ва унинг ўғли касалхонага ётқизилди. Озодлик манбаларига кўра, бу воқеадан сўнг сўйилган мол гўштини истеъмол қилган барча одамлар қаттиқ текшириляпти, қишлоқ одамлари ва чорваси куйдиргига қарши эмланяпти.

Амударё туманининг “Оқ олтин” овул фуқаролар йиғинига қарашли Тозабосув қишлоғида истиқомат қилган 48 ёшли ота ва унинг 20 ёшли ўғли (ота-боланинг исм-шарифи Озодликка маълум, лекин маълум сабабларга кўра сир сақланади – таҳр.) куйдирги (сибирская язва) касали юқтирганликда гумонланиб, касалхонага ётқизилган.

Бу воқеага гувоҳ бўлган Озодлик манбасига кўра, ота-бола мол сўйиш чоғида бу касални юқтирган:

“Ота билан ўғли 24 июнь куни қўшнисининг илтимосига кўра, унинг бузоғини сўйиб берган, кейин гўштини тарқатишган. Орадан беш кун ўтиб, ўғли Чирчиқ шаҳридаги тоғасининг уйига меҳмонга кетган эди. Кейин ўша ерда мазаси қочиб, касалхонага тушган. Адашмасам, 2 ёки 3 июль куни бу ер тревога бўп кетди. Айтишларича, ўғлида куйдирги бўлгани аниқлангандан кейин бу ерга срочно телеграмма юборишган экан”, деди манба.

Унинг айтишича, бу воқеадан бир кун олдин у йигитнинг отаси ҳам туман касалхонасига ётқизилган эди:

“Биринчи июль куни мол сўйган отанинг бир қўлига яра чиқиб, қорайиб кетган. Касалхонага борса, срочно ётқизиб қўйишган. У ҳам куйдирги бўлган экан”, деди манба.

Тозабосув қишлоғидаги маҳалла фаолларидан бири бу воқеадан кейин туман санитария-эпидемиология назорати ходимлари келиб, қишлоқда дезинфекция ишларини олиб борган:

“Эҳеее, ёмон ваҳима бўп кетди бу воқеа. Дўхтирлар келиб, ким ўша бузоқни гўштидан олган бўлса, ҳаммасидан анализ олди ва уларнинг ҳаммаси куйдиргига қарши эмланди. Барча чорвани ҳам бир четдан эмлаб чиқишди. Бузоқ сўйилган жой дезинфекция қилиниб, бетонлаб ташланди. Чорва молларини яйловга ёки бозорга олиб чиқиш вақтинча тақиқланди”, деди исми сир қолишини сўраган маҳалла фаоли.

Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўзини таништирмаган мулозими ота билан бола куйдирги касали юқтирганликда гумонланаётганини тасдиқлади:

“Отанинг аҳволини биздагилар, ўғлининг аҳволини Чирчиқдаги ҳамкасбларимиз назорат қилиб туришибди. Уларнинг саломатлиги яхшиланяпти. Биринчи анализлар бу “куйдирги” эканлигидан нишона беряпти. Лекин бу ҳали аниқ хулоса эмас. Яна анализлар олиб, чуқур текшириш учун Тошкентга юборганмиз. Натижаси келса, кейин аниқ айта оламиз”, деди вазирлик мулозими.

Ўзбекистонда “куйдирги” чиққанидан Озодлик хабар топган воқеалар тарихи

Сўнгги пайтда Ўзбекистонда чорва моллари қони ва гўштидан заҳарланиш ҳолатлари тез-тез учраяпти.

2014 йилнинг июль ойида Сурхондарё вилояти Узун туманининг Қаранқул қишлоғида битта қорамолни сўйишда иштирок этган йигирмадан зиёд одам “куйдирги” юқтирганликда гумонланиб, бирин-кетин туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган эди.

Ўша йилнинг июнь ойида Сирдарё вилоятининг Ховос туманида куйдирги (Сибирская язва) касаллиги ташхиси билан 30 дан зиёд одам касалхонага ётқизилган эди.

2014 йил 26 июнидан бошлаб Самарқанд вилоятидаги Ургут туманининг Вағашти қишлоғида яшовчи саккиз одам касал қўйларни сўйиши натижасида касалланиб, шифохонага ётқизилган эди.

2012 йилнинг июнида Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида тўрт киши куйдирги ташхиси билан касалхонага ётқизилганди. Бу беморлар ҳам мол сўяётганда касалликни юқтирган эди.

Куйдирги нима?

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг веб-сайтида куйдирги касаллиги ҳақида шундай маълумот берилган:

"Куйдирги – одамлар ва ҳайвонлар учун ўта хавфли ҳисобланган юқумли касалликлар гуруҳига киради. Касалликни қўзғатувчи бациллалар икки хил: вегетатив ва спора шаклида учрайди. Вегетатив шаклдаги бациллалар ташқи муҳит, юқори ҳарорат ва дезинфекцияловчи моддалар таъсирига чидамсизлиги боис тезда нобуд бўлади, спора шаклидаги бациллалар эса аксинча, ўта чидамли бўлиб, сувда ўн йил, тупроқда эса бир неча ўн йиллаб сақланиши ва унда кўпайиши, тўпланиши ҳам мумкин. Спора шаклидаги бациллалар 60 дақиқа давомида қайнатилгандагина нобуд бўлади.

Куйдирги касаллигининг манбаи асосан уй ҳайвонлари – қорамол, от, қўй, туя, эчки ва шу каби қон сўрувчи ҳашаротлар ҳисобланади. Куйдирги таёқчаси касал ҳайвонларнинг барча органларига тарқалиб, уларнинг пешоби ва нажаси билан ажралиб, тупроқ, ем-хашак, яйлов, сув ҳавзаси ва бошқа ерларни ифлослантиради. Касаллик соғлом одамга ветеринария хизмати ходимлари кўригидан ўтмаган ҳайвонларни сўйиб, терисини шилганда, гўштини нимталаб, яхши термик ишлов бермасдан истеъмол қилганда юқиши мумкин".

Озодликка мурожаат қилаëтган кўплаб ўзбекистонликлар¸ айнан қишлоқларда ветеринария хизмати ходимлари кўригидан ўтмаган ëки пора эвазига "ўтди" деб расмийлаштирилган касал молларни сўйиб¸ бозорга олиб чиқиш куйдирги каби касалликларнинг одамларга юқишига сабаб бўлаëтгани хусусида ташвиш билдирмоқда.

XS
SM
MD
LG