Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:35

Украина МДҲ қидирув тизимидан чиқишини билдирди


Украина Ички ишлар вазирлиги мамлакатнинг 24 августдан бошлаб, МДҲ қидирув тизимидан чиқишини маълум қилди. Бундан сўнг бу соҳадаги ҳамкорлик Интерпол тизими орқали юртилади. Ўтмишда юртдошларининг ўн кишилик гуруҳи ими-жимида экстрадиция қилинганига бир неча бор гувоҳ бўлган ўзбекистонлик қочқинлар энди бундай хавотирдан қутулишига умид қилмоқда.

Ички ишлар вазири Арсен Аваков 2015 йилнинг 24 августидан бошлаб Украина собиқ совет ҳудудида жиноятчиларни қидириш ва қидирувга оид ахборот алмашиш тизимидан чиқишини билдирди.

Бундан буён Украина томони МДҲ мамлакатлари билан бу соҳада ҳамкорлик қилиши мумкин. Жиноятчилар ва уларнинг қидирувига оид маълумотлар эса Интерпол тизими доирасида тақдим қилиниши мумкин.

Ички ишлар вазири Аваков 2015 йилнинг февраль ойида бу борада баёнот берган ва Киев раҳбарияти бу тизимдан чиқишга қарор қилганини билдирган эди.

Ўз баёнотида Аваков МДҲ қидирув тизимини рус режими назорати остидаги хуфя қўлбола база, деб танқид қилган эди.

Августдан бошлаб Киевнинг бу тизимдан чиқиши экспертлар томонидан жиддий қарор сифатида баҳоланмоқда.

Ўз вақтида МДҲ мамлакатларидан Украинага борган меҳнат муҳожирлари ёҳуд қочқинларнинг айнан мана шу тизим воситасида Россия ёхуд Ўзбекистонга экстрадиция қилинганига гувоҳ бўлган украиналик ҳуқуқшунос, Қочқинлар ва муҳожирлар ҳимоясига қаратилган "Чегараларсиз" лойиҳаси ҳамраиси Максим Буткевич буни жиддий қадам, деб баҳолади.

- Бу жиддий баёнот ва энди биз бу қарорни тасдиқловчи ҳужжатларнинг имзоланишини кутаяпмиз. Шу кунга қадар амалда муҳожирлар ва қочқинлик мақомини қидириб юрган шахсларнинг келган юртларига қайтарилгани ва бунда Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари Москвада имзоланган келишувни рўкач қилганини кўп кўрдик. Агар Интерпол тизимига ўтилса, табиийки бошқа халқаро ҳуқуқий меёрларга таянилади, - деди Буткевич.

Аслида Украина шу йилнинг 20 январидан бошлаб, жиноятчи сифатида қидирилаётган шахсларга оид маълумотларни МДҲ маълумотлар базасига киритишни тўхтатган. Айни пайтда, қидирлаётган шахсларга нисбатан МДҲ давлатларидан келаётган сўровномаларга ҳам жавоб бермаётган эди.

Халқаро Интерпол қидирув тизимига муқобил тарзда МДҲ ҳудудида Москва ташаббуси билан қурилган - Давлатлараро шахсларни қидириш тизимига оид келишув МДҲ давлат раҳбарларининг 2010 йил 10 декабрда Москвада бўлган учрашувида имзоланган.

Ўзбекистонда бу келишув президентнинг 2011 йил 19 майдаги қарори билан тасдиқланган ва Ўзбекистон ИИВ, МХХ ҳамда Адлия вазирликларига бу борада ҳамкорлик ваколати берилган.

Максим Буткевич шу кунга қадар шу келишув асосида Украинадан Ўзбекистонга депортация қилинди, деб ҳужжатлаштирилган, аслида эса экстрадиция қилинган ўзбекистонликларга оид маълумотларни қайд этгани ва бу ҳолатлар қатор халқаро ташкилотлар томонидан қораланганини эслатди.

Бундан ташқари, Украинада қочқинлик мақомини қидирган ўзбекистонлик шахснинг ғойиб бўлгани, бироз сўнгра эса Ўзбекистондаги қамоқхонада сақланаётгани ҳақида норасмий маълумот олинган сўнгги ҳолатни мисол келтирди.

- Масалан, сўнгги бор қайд этилган бир ҳолатда Ўзбекистон фуқаросининг Киевда ғойиб бўлгани аниқланган. Орадан икки ҳафта ўтиб, унинг Ўзбекистонда қамоқда сақланаётганига оид тасдиқланмаган маълумот олганмиз. Бу Украинада қочқинлик мақомини олишга уринган Ҳамидулло Турғунов эди. Энг аянчли ҳолатлардан бири - 2006 йилда 12 ўзбекистонлик қочқинлик мақомини қидирувчи шахснинг Ўзбекистонга бериб юборилгани эди. Аммо, кейинги йилларда Украинада қочқинлик мақомини олиш қийинлашгани ва мамлакатда уруш бошлангани учун ўзбекистонлик қочқинлар камайиб кетди, - деди Максим Буткевич.

Москва ташаббуси билан қурилган - Давлатлараро шахсларни қидирув маълумотлар базасига МДҲ давлатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари қидирувидан, суд қарори ижросидан қочиб юрган ёки дараксиз кетган, яқинлари билан алоқаси узилган шахсларга оид маълумотлар киритилади.

Бу келишувга Озарбайжон, Россия, Арманистон, Молдова, Тожикистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон аъзодир. Ҳозирда МДҲга аъзо бўлган Туркманистон ва Украина бу келишувга аъзо эмас.

XS
SM
MD
LG