Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:43

Ўзбекистонда Тожикистондан кўчиб келган ўзбекларнинг ҳужжатлари текширилмоқда


Ўзбекистонга Тожикистондан келган кўплаб ўзбеклар паспорт олиш орзусида яшашади
Ўзбекистонга Тожикистондан келган кўплаб ўзбеклар паспорт олиш орзусида яшашади

Ўзбекистонга 1990 йилларда Тожикистондан кўчиб келган ўзбек миллатига мансуб шахсларнинг ҳужжатларини текшириш кучайган. 2015 йил март ойидан бери бораётган текшир-текширлар натижасида, ички ишлар тизимидаги Озодлик манбасига кўра, ҳозирга қадар "ўнлаб тожикистонликлардан" Ўзбекистон паспорти олиб қўйилган.

Ўзбекистон ички ишлар тизимидаги Озодлик манбасига кўра, фуқаролик паспортлари олиб қўйилаётганларга “фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномаси” берилмоқда.

Манба текширув қайси мақсадда амалга оширилаётгани борасида “тепадан” изоҳ берилмаганини айтди. Ҳозирга қадар “ўнлаб тожикистонликлардан” Ўзбекистон паспортлари олиб қўйилди, дейди суҳбатдошимиз.

Тожикистонда 1992-1997 йилларда юз берган фуқаролар урушида 300 мингдан зиёд тожикистонлик, жумладан ўн минглаб этник ўзбеклар, мамлакатни тарк этди.

Ўзбекларнинг кўпи Ўзбекистоннинг Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Бухоро ва Фарғона вилоятларига кўчиб ўтган.

Амалдаги қонунларга кўра, фуқаролиги йўқ шахслар Ўзбекистонда беш йил яшаганидан сўнг, президент номига ариза ёзиб, фуқаролик берилишини сўрашлари мумкин.

Бироқ, шу пайтгача, бу ҳақда ёзилган минглаб аризалар жавобсиз қолмоқда.

Фуқаролиги йўқ шахсларнинг хориж давлатларига чиқишга рухсат сўраб, ёзган аризаларига эса ойлар давомида жавоб берилмайди.

“Ватаним - Ўзбекистон, дейишга қўрқиб қолдим”

Асли Тожикистон шимолидаги Куркат Қўрғонидан бўлган Майрам Михлиева Ўзбекисоннинг Бекобод шаҳрига 1992 йил январь ойида кўчиб ўтган ва қонуний равишда Ўзбекистон фуқаролигини олган.

Ўзбекистонда 1992 йилнинг 28 июлида қабул қилинган “Ўзбекистон республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, “қонун кучга кирганидан кейин кечи билан бир йил ичида” фуқаро бўлиши истагини билдирган шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги берилади.

Аммо, узоқ йиллар Бекобод касалхоналаридан бирида ҳамширалик қилган Майрам Михлиева муаммолар ўғли Озоджон Амануллаев, 25 ёшга тўлишли муносабати билан, паспортини алмаштириш учун ИИБга мурожаат қилиши ортидан бошланганини айтади.

"Бекободда 23 йилдан буён яшайман. Орадан шунча вақт ўтиб, Ўзбекистон фуқароси пасортини қўлимиздан олиб, фуқаролиги бўлмаган шахс ҳужжатини беришмоқчи. Сабабини ҳеч ким билмайди", дейди Майрам Михлиева.

У ўғли Озоджон ҳозирда муддати ўтган паспорти билан “сарсон-саргардон” юрганини айтади.

Унинг бошқа бир фарзанди, 28 ёшли Одилжон Амануллаев ҳам паспортини алмаштира олмаётганидан шикоят қилди.

Бекобод ИИБ паспорт бўлими бошлиғи унга паспорти “нотўғри берилган”ини айтган.

"Фуқаросизлик сизнинг ватанингиз йўқ дегани. Сизни ким ҳимоя қилади? Сиз ҳеч қайси давлат ҳимоясида эмассиз! Фуқаросизнинг президенти йўқ, ватани йўқ, унинг байроғи йўқ, унинг гимни йўқ. Паспортингиз бўлмаса, чўкиб қоларкансиз. Ҳозир ватаним - Ўзбекистон, дейишга қўрқиб қолдим", дейди Одилжон Амануллаев..

Биргина Бекобод туманида беш мингдан зиёд собиқ тожикистонлик истиқомат қилади ва уларнинг аксарига “Фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномаси” берилган.

"Система одамларни хўрлайди"

Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларига кўчиб ўтган тожикистонликлар ҳам кўплаб муаммоларга дуч келаётганликларини айтишади.

Уларга кўра, фуқаролиги бўлмаган шахсларга иш топиш ва турмуш қуриш қийин, уларни ҳарбий хизматга ҳам олишмайди.

Ҳозирда Россияда ҳайдовчилик қилаётган Улуғбек Аъзам ўғлининг Озодликка айтишича, тожикистонлик ўзбекларга Ўзбекистонда яшаш осон эмас.

"Жудаям қийин. Ишга киролмайди ҳеч қаерга. Расман тўсиқ йўқ, лекин ёзилмаган қонунлар барибир борда. Иккинчидан, одакмлар ичида "жигарранг" паспорти борларнинг қизларини ҳеч ким олмаяпти. Мен шунинг учун кетиб қолдим. Бир жойга чиқа олмайди. Қамоқда ўтирган одамдайда улар. Бир давлатга чиқай деса, виза тўғирлаш керак. Визани олиш учун пул керак. Пул учун иш керак", дейди Улуғбек Аъзам ўғли.

Унинг айтишича, охирги пайтларда кўплаб ўзбекларни Тожикистонга депортация қилиш, жаримага тортиш кучайган.

"Қийнашаяпти жуда. Кўпларни депортация қилиб юбришаяпти. Энди мен Ўзбекистонни ёмонламайман. Аммо, мана системаси одамни хўрлайди", дея илова қилади 41 ёшли Улуғбек Аъзам ўғли.

XS
SM
MD
LG