Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:01

Тожикистон Ўзбекистондан олган $200 млн. қарзни тўлашини билдирди


Тошкентдаги Марказий банк биноси
Тошкентдаги Марказий банк биноси

Тожикистон Молия вазирлигининг эълон қилишича, молиявий бўҳронга қарамасдан, Душанбе Ўзбекистон ва Эрондан олган қарзларини қайтариш имконига эга. Тожикистоннинг Ўзбекистондан қарзи 200 миллион АҚШ долларига тенг. Бу қарзнинг босқичма-босқич тўланиши айтилди.

Тожикистон Молия вазирлиги қўшни мамлакатлар, хусусан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Эрондан бўлган қарзларнинг ҳаммаси тўланишини маълум қилди.

Тожикистон Молия вазирлиги давлат қарзлари ва сармояларни жалб қилиш идораси раҳбари, Аҳлиддин Нуриддинзода 3 август куни Озодлик радиоси билан суҳбатда мазкур хабарни тасдиқлади ва “ҳақиқатан ҳам, Тожикистон баъзи мамлакатлардан бўлган қарзларини босқичма-босқич тўлайди”, деди.

Нуриддинзоданинг айтишича, жорий йилнинг дастлабки олти ойида давлат қарзи Ўзбекистондан 2 миллиондан кўпроқ, Қозоғистондан 0,61 миллион доллар, Эрондан 4,5 миллион доллар ва Қувайт тараққиёт фондидан 3,75 миллион долларга ошган.

Тожикистоннинг Ўзбекистондан бўлган умумий қарзи эса 200 миллион долларга тенгдир.

Молия вазирлиги масъулларига кўра, Тожикистон дунёнинг баъзи мамлакатлари, жумладан Россияда юз бераётган иқтисодий инқирозга қарамасдан, ўз қарзларини тўлашга қодир.

Тожикистон Молия вазирининг биринчи ўринбосари, Жамшед Каримзода, ўтган ҳафта Душанбеда бўлиб ўтган матбуот йиғинида Тожикистоннинг 1 июлгача бўлган ташқи қарзини 2,1 миллиард доллар эканини айтган эди.

Каримзода сўзларига кўра, бу қарз Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг 19,5 фоизини ташкил этади.

Тожикистон Хитойдан 942 миллион, Жаҳон Банкидан 312 миллион ва Осиё Тараққиёт банкидан 262 миллион доллар қарзга эга.

Ўзбекистон ташқи қарзлари

Ўзбекистон ташқи қарзи мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 16 фоизини ташкил этади.​

Бу рақамни Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари¸ Молия вазири Рустам Азимов икки икки ой муқаддам келтирган эди.

Ўзбекистон ва Тожикистон савдо-иқтисодий ҳамкорлик комиссиясининг учинчи мажлисида Рустам Азимов мамлакатнинг ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 16 фоиз¸ ички қарзи эса¸ нолга тенглигини билдирганди.

Ўзбек расмий нашрларининг таъкидича¸ ташқи қарзнинг ялпи ички маҳсулотга бундай нисбати жаҳон бўйича энг паст кўрсаткичлардан саналади.

Айни пайтда¸ Тошкент расмийлари келтираëтган бундай рақамларни мустақил манбалар томонидан тасдиқлатишнинг имкони йўқ.

Рустам Азимов ҳукумати ички қарзи нолга тенг, деб турган айни пайтда¸ Марказий банк раҳбарияти Бош вазирга йўллаган мактубида¸ давлатга қарашли йирик корхоналардан тортиб, махсус контингент ташкилотларига нисбатан қарзнинг ошиб бораëтгани айтилган эди.

АҚШ Марказий Разведка Бошқармасининг 2014 йилги ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 8,751 миллиард долларни ташкил этади.

XS
SM
MD
LG