Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:48

Ўшда собиқ мэр Мирзақматов тарафдорлари норозилик акцияси ўтказди


Ўш вилоят суди биноси олдидаги митингчилар, 2015 йилнинг 10 августи.
Ўш вилоят суди биноси олдидаги митингчилар, 2015 йилнинг 10 августи.

10 август куни Ўш шаҳри собиқ ҳокими Мелис Мирзақматовнинг тарафдорлари вилоят суди биноси олдида норозилик митинги ўтказишди. Улар Мирзақматов иши бўйича маҳкама адолатли ўтишини талаб қилдилар.

Душанба куни Ўшда ўтказилган митингда, тадбир ташкилотчиларига кўра, 2 мингга яқин одам иштирок этган. Милиция митингчилар сони бундан 10 баробар кам бўлганини айтмоқда. Айни пайтда тадбирни ёритиш учун борган Озодлик радиоси қирғиз хизмати журналисти акцияга 1000 га яқин одам йиғилганини айтди.

Кеча Ўш вилоят судида собиқ мэр Мелис Мирзақматовнинг адвокатлари томонидан апелляция аризаси кўриб чиқилиши керак эди. Бироқ маҳкама 17 августга қолдирилди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 22 июлида Ўш шаҳар суди Мирзақматовни “лавозимини суиистеъмол қилганлик”да айбдор деб топиб, мол-мулкини мусодара қилиш йўли билан 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарганди. Айбланувчининг ўзи халқаро қидирувда бўлгани учун ҳукм сиртдан чиқарилган.

2014 йил ноябрида Мирзақматовга Ўшдаги эстакада кўприги қурилишидаги коррупцион жиноятлар ҳодисаси юзасидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 304-моддаси (“Мансаб суиистеъмоли”) бўйича сиртдан айблов билдирилганди.

10 август куни Мирзақматов ҳимояси учун митингга чиққанлар собиқ мэр иши бўйича дастлабки ҳукм нақадар қонуний чиқарилгани аниқлангунича ишни вилоят судида кўрмай туришни талаб қилишган.

- Конституциявий палатага берилган мурожаат натижаси чиққунча маҳкамани тўхтатиб туришни илтимос қиляпмиз. Чунки аввал биринчи суд қонунийлигига баҳо берилиши керак. Шундан кейингина иш иккинчи судда қаралиши керак, - деди норозилик акцияси иштирокчиларидан бири Чинара Жақипбекова.

Вилоят суди мутасаддилари митингчиларнинг бу талабини қондиргани йўқ, бироқ улар судни 17 августга қолдиришга қарор беришди.

Бу қарорни Ўш вилоят суди олдида йиғилган собиқ мэр тарафдорлари ғалаба ўлароқ қабул қилишди ва тарқаб кетишди.

Ўтган ой Ўш шаҳар суди билан 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган Мелис Мирзақматов 2010 йилги миллатлараро низо пайтида Ўш шаҳри мэри лавозимида ишлаган.

Аввалроқ Мирзақматов Шинжон-Уйғур мухтор райони маркази бўлмиш Урумчида яшириниб юргани ҳақида айтилганди. Бошқа маълумотларга кўра эса Ўшнинг собиқ мэри Россияда юрибди.

XS
SM
MD
LG