Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:06

Фарғона водийсида барча хавфсизлик кучлари оёққа турди. Икки худкуш аёл ов қилинмоқда


Хавфсизлик идоралари эълон қилган хабарномада аёллар худкуш камари ва тўппонча билан қуроллангани айтилади.
Хавфсизлик идоралари эълон қилган хабарномада аёллар худкуш камари ва тўппонча билан қуроллангани айтилади.

Фарғона водийсида миллий хавфсизлик хизмати, прокуратура, милициядан иборат ўнлаб гуруҳ тўппонча ва граната билан қуролланган жангари аёлларни ушлаш бўйича махсус амалиёт ўтказмоқда. Белига шаҳидлик камари боғлагани айтилаётган икки аёл Риштонда икки хонадонга бостириб кирган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, ҳозирда Риштон тумани қуролланган хавфсизлик кучлари томонидан ўраб олинган. Водийга кириш постларининг барчасида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Риштонликлар уйига жангари аёллар бостириб кирди

Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасидан олинган маълумотга кўра, 16 август куни қуролланган икки номаълум аёл дастлаб "Риштон тумани Қалайнов қишлоғида яшовчи О. Алимованинг хонадонига бостириб кирган". Манбага кўра, Алимованинг бақириб-чақирганидан сўнг қуролли аёллар қочиб кетган.

Ўша куни қуролланган аёллар Риштон тумани Оқ ер қишлоғи Қум маҳалласида яшовчи Д. Ўринбоева хонадонига ҳам бостириб кирган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, улар Ўринбоевага тўппонча ўқталиб, ўлдириш билан таҳдид этиб, пул талаб қилган ва уйдаги иккита сандиқни бузиб, 500 минг сўм пулни олиб қочишган.

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан тарқатилган қидирув эълонида аёллар 35 ёшлар атрофида экани, бири турк миллатига мансуб, иккинчиси ўзбекка ўхшаши ёзилган. Эълонда аёлларнинг фотороботи ҳам берилган.

Қидирув эълонида аёлларнинг икковининг ҳам белида шаҳидлик белбоғи борлиги айтилган. Хабарномада шунингдек аёллар Ф-1 гранатаси ва овоз пасайтиргич ўрнатилган тўппонча билан қуроллангани айтилад.

Иккала аёлнинг ҳам иккитадан бармоғи йўқ

Қидирув эълонидаги маълумотга кўра, иккала аёлнинг ҳам чап қўлининг бош бармоғи ва ўнг қўлининг жимжилоғи йўқ.

Аёллардан бирининг бадани бел қисмида узунлиги 15 сантиметр бўлган 5-6 дона чандиқ борлиги ҳам айтилган. Унинг бўйи 170 сантиметр атрофида экани, сочи калта қора, эгнида оқ йўл-йўл кўйлаги бўлган.

Иккинчи аёлнинг бўйи 155-160 сантиметр атрофида бўлиб, сочи калта қора, эгнида қора ва сариқ йўл-йўл кўйлак бўлган.

Жангариларни ушлаш амалиётида барча органлар иштирок этаяпти

Қуролли аёллар билан боғлиқ воқеа бўйича жиноий иш қўзғатилиб, ишни Фарғона вилояти прокуратураси ўрганмоқда.

Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, 16 август кечки пайтдан бошлаб Риштон тумани хавфсизлик ходимлари томонидан тўла ўраб олинган.

Озодлик манбасига кўра, Риштон туманининг Қирғизистон билан чегарадош қисмига қўшимча ҳарбий куч ташланган:

"Ҳозир барча органлар жангариларни ушлаш тадбирига жалб қилинган. Ҳар бир органдан ўнлаб гуруҳлар ташкил қилинган. Битта бизнинг вилоятнинг ўзида орган ходимларидан ташкил қилинган юзлаб гуруҳ тадбирда иштирок этаяпти. Риштон тўрт томондан ўраб олинган. Ҳамма оёққа турган. Тошкентдан МХХ ва Ички ишлар вазирлигидан ёрдамга келишди", деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги исмини очиқламаётганимиз манба.

Манба маълумотига кўра, 17 август куни номаълум аёллар бостириб кирган иккита оила аъзолари ва уларнинг барча қариндош-уруғлари сўроқ қилинмоқда.

"Жабрланувчилар, уларга алоқадор барча шахслар, маҳалла фаоллари ва Риштон ҳудудидаги такси ҳайдовчиларининг барчаси сўроққа чақирилди", деди манба.

Риштонда кечаси посбонлар навбатчилиги ташкил қилинди

Озодлик илтимосига кўра, вазиятни ўрганган Риштонда яшовчи ҳуқуқ фаоли Баҳодир Элибоевнинг айтишича, ҳар бир маҳаллада посбонлар ва фаоллардан иборат гуруҳлар ташкил қилинган. Бу гуруҳларга маҳаллаларда тунги навбатчилик қилиб, хавфсизликни таъминлаш вазифаси топширилган:

- Ҳозир Риштон атрофида ростдан ҳам ҳарбийлар қўйилган. Машиналар текширилаяпти. Асосан, аёллар текширилаяпти. Аёлларнинг қўлларини кўришаяпти. Бунга сабаб гумонланувчилардан бирининг жимжилоғи йўқ экан. Маҳаллаларда посбонлик ташкил қилинди. Бугун биз ҳам кўчада стол қўйиб ўтирамиз. Маҳалла раислари ҳаммага айтиб чиқаяпти. Ўқитувчилар ҳам ўз ўқувчиларининг уйларига бориб, хонадонларни кўриб чиқишга ёрдамлашаяпти. Бугун 16:30да мажлис қилиниб, милиция таксичилардан ёрдам сўраган. Уларга "Бегона аёлни кўрсанглар, хабар беринглар" дейишибди. Риштонга кирадиган ва чиқадиган барча кўчаларга қуролли кучлар ташланган. Шу соатгача кеча ва бугуннинг ўзида олтита автобусда Қўқон ва Фарғонадан милиция ходимларини олиб келишган. Усиление дейишаяпти. Ҳар 50 қадамда икки-учта милиция ходими турибди,- деди вазиятни ўрганган Баҳодир Элибоев.

Фарғонадаги манбалар хабарига кўра, водийдаги Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларига кириш постларида назорат кучайтирилган. Ушбу вилоятларнинг қўшни давлатлар билан чегараларидаги постларга ҳам қўшимча кучлар ташланган.

Шу кунларда нафақат водийда балки Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида Мустақиллик байрами олдидан кучайтирилган назорат ўрнатилган.

Риштондаги ушбу воқеа бўйича Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан расмий маълумот олиш имкони бўлмади. Ҳозирча худкуш аёллар воқеаси маҳаллий матбуотда ёритилганича йўқ.

Озодлик ушбу воқеа тафсилотларини ўрганишда давом этмоқда. Воқеа тафсилотларидан хабардорлар бўлса, +420 724 971 539 WhatsApp ва Telegram орқали Озодликка маълум қилишларини сўраймиз.

Баҳодир Элибоев билан 17 авг. кеч соат 8 даги (Тошк. вақти) эфирда ёзиб олинган суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:38 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG