Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:11

Мажлисда таҳқирланган банк ходими юрак хуружидан ўлди


“Ипотека-банк”нинг Хоразм вилояти Урганч шаҳар бўлими ходимларидан бири нақд пул етишмовчилиги бўйича 20 август куни ўтказилган мажлисда ҳақорат эшитиб уйига қайтгач¸ юрак хуружидан ўлган.

Банк ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, 45 ёшли Музаффар Юсупов 20 август кунги мажлисда нақд пул етишмовчилиги масаласида ҳамманинг олдида ҳақоратланган.

Кечқурун соат 10 га қадар давом этган мажлисдан қайтганидан сўнг Юсупов уйида юрак хуружидан оламдан ўтган:

- Кечаги мажлисада банкда нақд пул етишмовчилиги масаласида ходимларга қаттиқ гапирилди. Ҳар бир масъул ходим "ишласанг ишла, ишламасанг жойни бўшатиб қўй", деган гаплар билан қаттиқ огоҳлантирилди. Музаффар бизда мини банк мудири бўлиб ишларди. Ўзингиз биласиз, ҳозир жойларда нақд пул тушуми жуда оз. Биргина у эмас, ҳаммамизга бу бўйича қаттиқ гапирилди. Кимдир кўтаради, кимдир кўтармайди. Музаффар ўзига қаттиқ оливорганми, кечқурунги мажлисдан уйига қайтганидан сўнг инфаркт тутиб қолган, ҳозир жанoзасидан қайтaяпмиз, - деди исми сир қолишини истаган банк ходими Озодлик билан суҳбатда.

Айни пайтда¸ “Ипотека-банк”нинг Хоразм вилояти бўлими мутасаддилари 20 август кунги мажлисда Музаффар Юсуповни ҳеч ким ҳақоратламаганини таъкидлашмоқда:

- Мажлисда ҳеч ким ҳеч кимни ҳақоратлагани йўқ. Тўғриси¸ нимага бундай бўлганини ўзимиз ҳам билмаймиз. Буни ҳуқуқ-тартибот идоралари аниқлаши керак. Ўзингиз биласиз¸ мажлисларда қаттиқ гапирилади, лекин ҳақоратлаш бўлгани йўқ, мен ҳам кечаги мажлисда эдим, - деди банк мутасаддиларидан бири.

Урганч шаҳар Ички ишлар бошқармасидан Музаффар Юсупов ўлими борасида маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Телефон гўшагини кўтарган ходим Юсуповнинг ўлими бўйича унинг оиласидан ҳеч қандай шикоят келиб тушмаганини айтди.

Ўзбекистонда амалдорларнинг қўли остида ишловчи кадларни таҳқирлаши ва ҳатто уриш ҳоллари тез-тез учраб туради.

Бу таҳқирлашлар ортидан ходимларнинг юрак хуружидан ўлиши ёки ўз жонига қасд қилиши ҳам мамлакатда кўп кузатилган.

Ўтган ой бошларида Андижон вилояти Избоскан туманида фермерлик қилган 29 ёшли Нодирбек Ҳайдаров туман ҳокими ва прокурори ўтказган мажлисдан чиқиб, ўзини осиб қўйди.

Бир йил аввал Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимлигида ўтказилган мажлис пайтида маҳаллий фермерлардан бири эса ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб юрак хуружидан жон берганди.

XS
SM
MD
LG