Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:20

Қирғиз расмийлари Аравонда ўғил отани ёқиб юборганини рад этмоқдалар


Аравон қишлоғи марказидаги кўчалардан бири.
Аравон қишлоғи марказидаги кўчалардан бири.

Ижтимоий тармоқларда Ўш вилоятининг Аравон туманида ўзбек йигити бошқа партияга мансуб бўлган ўз отасини ёқиб юборгани тўғрисида хабар тарқалди. Бироқ Ўш милицияси Интернетда баён қилинган бу воқеа ҳақиқатга мувофиқ эмаслигини таъкидламоқда. Воқеага дохил оила аъзолари ҳам Озодлик билан суҳбатда бу маълумотлар уйдирмалигини айтишди.

Шу кунларда ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида Аравонда ўғил отасини ёқиб юборгани тўғрисида хабар урчиди. Мазкур воқеани аравонликларнинг ўзлари ҳам турлича талқинда баён қилмоқдалар. Аравонликлардан бирига кўра:

- Ота-бола партия талашди, дейишяпти. Яна нима талашилгани ҳозирча аниқ эмас. Лекин бу ҳол ростдан ҳам бўлган. Отаси “Ата Мекен”, ўғли СДПК (Қирғизистон социал-демократик партияси – таҳр.) сиёсий партияларини ташвиқот қилишни бошлаган. Кейин ўғли: “Бир оиладан икки партияга ташвиқ қилинадими?” деб, ўртада уруш-жанжал чиқиб кетган. Ўғли бензинни олиб, отасини ёқиб юборган, дейишаяпти, - дейди аравонликлардан бири.

Отасини ёқиб юборгани иддао қилинаётган йигит аравонлик Дилшод Мадраҳимов экани маълум бўлди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган даъволарга кўра, Дилшод ўз отаси Муродил Мадраҳимовни ёқиб юборишига Аравон туман ички ишлар бошқармаси раҳбарининг собиқ ўринбосари, ҳозирда ҚСДПдан парламент депутатлигига номзоди кўрсатилган Илҳом Манноновнинг жиноят олами вакиллари орқали унга босим кўрсатгани сабаб бўлган.

Бироқ Озодлик билан суҳбатда Мадраҳимовлар хонадонига мансуб Ўктам опа бу иддаолар уйдирма эканини айтади:

- Кечаси озгина куйиб қолибди. Болницага олиб боришганида мен кўрганман. Бахтсиз ҳодиса бўлди. Сувда куйган. Озгина ичиб келиб, баняга кирибди. Сувга кипятилник солиб қайнатишган экан, ўша сувни чўмичда ўзига қуйиб юборган. Бу ҳаммаси ёлғон гап. Одамлар биттага ўнта қўшиб гапиришади. Бизга ишонасизларми ё кўчадаги одамларгами? - дейди Ўктам опа.

Ўктам опанинг бу гапларини мазкур воқеа юзасидан ўз текширувини ўтказган Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси ҳам тасдиқлади.

Бошқарма матбуот варақчасида қайд этилишича, текширув чоғида Муродил Мадраҳимовнинг турмуш ўртоғи Малика опа, келини Шоҳида, ўғиллари Дилшод ва Йўлдош сўроқ қилинган. Улар ўзларини ҳеч қанақа уюшган жиноий гуруҳ қўрқитмаганини, отаси шу йилнинг 24 август куни куйиб қолиб, аввал Аравон туман касалхонаси, сўнгра Ўш шаҳридаги касалхонага олиб борилганини ва тўрт кундан сўнг ўша ерда жон таслим қилганини, Илҳом Маннонов эса марҳум Муродил Мадраҳимовнинг яқин қариндоши бўлиб, бу ишга алоқадор эмаслигини айтишган.

Мадраҳимовлар оиласида қандайдир жанжал кечган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаган аравонлик суҳбатдошларимиздан бири, агар ота ва ўғил ўртасида шундай бир жанжал содир бўлган тақдирда ҳам, бунга сиёсий қарашлардаги қарама-қаршилик сабаб бўлганига ишониш қийин эканини таъкидлайди.

-Шахсан мен Аравонда бўлган воқеага сиёсий тус берилишига қаршиман. Бу оилавий фожеа. Уларнинг орасида гап-сўз ўтган, пул масаласи, уй-жой масаласи, олди-берди бўлган бўлиши мумкин. Жаҳл устида шундай воқеа бўлган бўлиши мумкин. Лекин биров босим кўрсатиб, партия учун отасини ёқиб юборадиган даражада аҳмоқ бўлмаса керак одамлар, - дейди исми ошкор этилишини истамаган аравонликлардан бири.

Маълумотларга кўра, 62 ёшли Муродил Мадраҳимов 28 август куни Аравон қишлоғидаги қабристонлардан бирига дафн этилган.

XS
SM
MD
LG