Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:30

Женева прокурори Гулноранинг "вакили" талабини рад этди


Швейцариядаги ўзбек диссиденти Сафар Бекжон Гулнора Каримованинг Женевадаги вилласида, 23 декабрь, 2013 йил.
Швейцариядаги ўзбек диссиденти Сафар Бекжон Гулнора Каримованинг Женевадаги вилласида, 23 декабрь, 2013 йил.

Швейцариянинг Женева кантони прокуратураси ўзини Гулнора Каримованинг вакилиман, деб даъво қилган Марина Мельцева исмли шахснинг ўзбекистонлик диссидент Сафар Бекжон устидан жиноят иши очиш талабини қондирмади. Женевада Гулнора Каримованинг уйини 2013 йилнинг декабрида ишғол қилган 53 яшар сиëсий фаол Сафар Бекжон даъвогарнинг Швейцарияда ўзбек тилласи ва пахтасини сотувчи ўнлаб ширкати борлигини иддао қилмоқда.

Гулноранинг вакили

Uzdemfundsuisse - Швейцариядаги Ўзбекистон демократик фонди сайтида эълон қилинган ҳужжатда Марина Мельцева Алексеев исмли шахс 2014 йилнинг 14 январида Сафар Бекжонга қарши даъво аризаси билан Женева кантони прокуратурасига мурожаат қилгани айтилмоқда.

Фонд раҳбари Сафар Бекжон прокуратура томонидан берилганини айтган ҳужжатда келтирилишича, Мельцева сиёсий фаолни 2013 йилда кантонда ўзига тегишли бўлмаган виллага ноқонуний равишда кириб, унга зарар етказганликда айбламоқда.

Гап Сафар Бекжон 2013 йилнинг 23 декабрида ишғол қилган Женева кантони, 1223 ch Chemin de la Prévôté 7 кўчасидаги бир неча миллион долларлик вилла ҳақида бормоқда. Бу вилланинг Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримовага тегишли экани айтилади.

1 сентябрь куни Сафар Бекжонга берилган ҳужжатда Марина Мельцева Алексеев исмли шахс ўзини Гулнора Каримова манфаатларини ҳимоя қилувчи вакил, деб даъво қилаётгани айтилган.

Сафар Бекжонга кўра, ҳозирча прокуратура бу аёлнинг Гулнора Каримова ва Женева кантонидаги виллага алоқадорлигини тасдиқловчи далиллар бўлмагани боис, унга қарши жиноят иши очиш талабини қондирмаган.

Қуйида сиёсий фаол билан қурилган суҳбатни тингланг:

Сафар Бекжон: Менинг устимдан жиноят иши очиш талабини прокуратура рад этди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:13 0:00
Бевосита линк

Женева кантони прокуратураси берган ҳужжатда бу аёлнинг 2015 йил 10 июлда Гулнора Каримованинг манфаатларини ҳимоя қилиши ҳақида тақдим қилган аризасига даъвони тасдиқловчи бирорта ҳужжат илова қилинмагани баён қилинмоқда.

Прокуратура томонидан берилган ҳужжатда даъвогар сифатида номи тилга олинган шахс - Марина Мельцева Алексеев ҳақида эса ҳозирча маълумотлар оз.

Озодлик шикоятда берилган манзил ва ширкатга боғланиб, Марина Мельцеванинг ўзи билан гаплашишга ҳозирча муваффақ бўлмади. Аммо, бу аёл билан шахсан гаплашганини иддао қилган Сафар Бекжон унинг даъвосида собит қолишини таъкидлаганини иддао қилмоқда:

- Мен гаплашдим у аёл билан. У: "Ҳа, мен Гулноранинг вакилиман, бунга ҳужжатим бор, мен сизга қарши даъво қилганман, бундан кейин сиз билан фақат полиция, прокуратура ва суд орқали гаплашамиз, мени бошқа безовта қилманг", деди. Жуда қўпол гаплашди мен билан, - деб иддао қилмоқда Сафар Бекжон.

Унинг иддаосича, бу аёл номига Швейцарияда ўнлаб ширкатлар очилган ва бу ширкатлар Ўзбекистон-Швейцария ўртасида пахта, тилла олди-сотдиси, сайёҳлик билан шуғулланувчи ширкатлардир.

Озодликда ҳозирча сиёсий фаол Сафар Бекжон иддаоларини тасдиқловчи маълумотлар йўқ.

Ўтган ойда АҚШ Адлия вазирлиги Европанинг беш мамлакатига мурожаат қилиб, Гулнора Каримова Ўзбекистонда фаолият юритувчи учта йирик телеком ширкатидан пора олгани иддаолари билан боғлиқ жиноят иши доирасида 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги активларни музлатишни сўраган эди. АҚШ терговчилари жумладан Швейцария банкларидаги 640 миллион АҚШ доллари ва Женевадаги виллани ҳибсга олишни ҳам сўраган.

The Wall Street Journal газетаси АҚШ тергов идораларидаги ишончли манбага таяниб берган хабарда вилла эгасининг исми келтирилмаган, лекин Женева кўли соҳилида Гулнора Каримовага тегишли қиймати 20 миллион доллар атрофидаги ҳашаматли вилласи борлиги маълум.

Швейцария Адлия вазирлиги америкалик ҳамкасблари сўровини қондирди. Лекин музлатилган маблағ 640 миллион доллардан камроқ эканини билдирди. Швейцария расмийлари вилла ҳибсга олинганми йўқми буни ҳам аниқлаштиргани йўқ.

Сиёсий ишғол

Швейцарияда истиқомат қилаётган сиёсий фаол Сафар Бекжон 2013 йилнинг 23 декабрида Гулнора Каримованинг Женева кантони 1223 ch Chemin de la Prévôté 7 кўчасидаги бир неча миллион доллар экани ишониладиган уйига ноқонуний кириб олган эди.

Ўзбекистонлик фаол ўзининг бу амалини “қонунга зид бўлмаган сиёсий акция”, деб атаган.

Бу уйда тўрт кеча қолган Сафар Бекжон виллада Ўзбекистон музейлари фондига оидлиги тахмин қилинган 60 та тасвирий санъат асари ҳамда Қуръоннинг 18-асрда кўчирилган нодир қўлёзмаси чиққанини фотосуратлар билан намойиш қилган эди.

Ҳуқуқ фаолининг сўзларига кўра, у виллага эшикларини бузиб эмас, балки калит билан қулфини очиб кирган. Аммо, Бекжон сўнгги ойларда қаровсиз қолган ва Швейцария полицияси бир неча марта тинтув ўтказган тўрт қаватли вилла калитини қаердан олганини очиқ айтишдан бош тортган.

Халқаро Ёзувчилар Парламенти аъзоси Сафар Бекжон 1996 йилдан буён Швейцариянинг Лозан шаҳрида сиёсий қочқин сифатида яшаб келади.

Ўзбекистон "Эрк" демократик партияси Марказий кенгаши аъзоси бўлган Бекжон 1993-96 йилларда Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтаган.

У Ўзбекистон қамоғида кўрган-кечирганлари ҳақидаги “Нариги дунё дарчаси олдида” номли китоб муаллифидир.

Сафар Бекжон Женева кантонидаги виллани ишғол қилганидан сўнг ўзини таҳдид остида, деб ҳис этаётганини ҳам айтиб келади. Шу кунга қадар у бир неча бор Женева полицияси ва прокуратураси томонидан сўроққа тортилди.

XS
SM
MD
LG