Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:46

Хотира: Равшан Гапиров - фақат Худодан қўрққан одам


Равшан Гапиров ҳаëт бўлса¸ бу йил 60 ёшни қаршилар эди.
Равшан Гапиров ҳаëт бўлса¸ бу йил 60 ёшни қаршилар эди.

Ўтган йилнинг 2 сентябрида вафот этган ўшлик ҳуқуқ фаоли Равшан Гапировни бугун ҳамкасблари, унинг ҳаракати билан қамоқхоналардан оқланиб чиққан юзлаб одам ва дўстлари ёдга олмоқдалар. Равшан Гапиров юзлаб диндор ва Ўш воқеаларида айбланган ўнлаб одамни ноҳақ жазоланишдан сақлаб қолган эди.

- Мен 2008 йилда ноқонуний қамалганман. Тўққиз ярим ой қамоқда ўтириб оқланиб чиқдим. Икки марталаб Олий судга бордим, оқланиш учун. Бунинг орасида 2010 йил воқеалари бўлиб кетди. Ўшанда ўғлимни қамашди. Ўғлимни уриб ногирон қилиб қўйишди, ҳозир касалманд. Ўғлим ҳам қамоқдан оқланиб чиқди. Мен мана шуларни ҳаммасини ҳисобга олиб маънавий зарар етказгани учун товон пули тўлаб бериш талаби билан ҳуқуқ тартибот тузилмаларини судга берган эдим…

Бу ўшлик ҳуқуқ фаоли Равшан Гапировнинг Озодликка берган сўнгги интервьюларидан бири эди.

2012 йилнинг 15 мартида Ўш шаҳар суди Равшан ва Фаррух Гапировларга 440 минг сўм товон пули тўлаб бериш ҳақида қарор чиқарган. 2013 йилнинг 20 февралида Қирғизистон Олий суди бу қарорни ўз кучида қолдирди. Аммо ҳар доим “адолатни қарор топтириш”га аҳд қилган Равшан Гапиров бу гал “адолатни қарор топтириш”ни қиёматга қўйиб, бу дунё билан хайрлашди. Унга вафот этгунига қадар ҳам, вафот этганидан сўнг ҳам Қирғизистон ҳукумати товон пулини тўлаб бермади.

2014 йилнинг 2 сентябрь куни 59 ёшида вафот этган Равшан Гапиров ҳамкасблари хотирасида ҳамон ўша жасур ва қайсар, адолатпарвар ва айтганидан қайтмайдиган шахссифатида сақланиб қолмоқда.

- Равшан Гапиров, сўзсиз, қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари орасида энг довюрак инсонлардан бири эди. У “Ҳар доим адолат қарор топиши керак”, деган ақидага таяниб иш кўрарди. Тўғри сўз, айтганидан қайтмайдиган, қайсар одам эди ва ўзининг мана шу хислатлари билан кўплаб одамларнинг асосиз қамалиб кетишининг олдини олган. Бу кишининг бу каби хислатлари ўзининг бошига ҳам кўп балоларни солган эди. Адашмасам, Равшан акани олти ёки етти марта қамашган ҳам. У кишининг ўрни ҳозир жуда билиниб қолди, - деди ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатулло Раҳматуллаев.

Июнь воқеаларидан сўнг ўшликлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, 2010 йил воқеалари бўйича айбсиз қамалганларни озод қилиш бўйича кўрилган ишларда Равшан Гапировнинг ўрни катта.

Дилмурод Ҳайдаров, Ғани Содиқжонов, Хайрулло Соипов, Шукрулло Қўчқоров, Дониёр Қодиров, Баҳодир Собиров... Бу одамлар 2010 йилдан сўнг Равшан ака иштирокида ўтган маҳкамаларда оқланганларнинг бир қисми холос.

Номи зикр этилган шахслар 2010 йил июнь ойида Ўш қирғини пайтида тартибсизликларда иштирок этганликда айбланиб қўлга олинган эди. Дилмурод Ҳайдаровга эса қотиллик айби қўйилган. Бироқ деярли тўрт йил давом этган ва турли даражадаги суд инстанцияларидан ўтган жараёнларда Равшан Гапиров судланувчилардан айбловларнинг олиб ташланишига эришган эди.

Равшан ака ўшанда жиноят ишидаги бир-бирига зид фактлар, қарама-қаршиликларни аниқлаб, бир умрга қамалиши мумкин бўлган Дилмурод Ҳайдаровдан қотиллик айбловининг олиб ташланишига эришган эди.

2008 йилда Ҳайит байрамини тантанали нишонлашни талаб қилиб митингга чиққани учун қамалган новқатлик 32 диндорнинг судда оқланишига эришилгани эса ҳуқуқ фаоли Равшан Гапировнинг энг катта ютуқларидан бири бўлган эди.

- Инсон қалбига бир қўрқув солади. Ё Оллоҳ Таолони азобидан ёки инсонлардан, Оллоҳ Таоло яратган махлуқлардан бўладиган қўрқув сиғиши керак экан. Равшан акани қалбида фақат Оллоҳ Таолодан бўлган қўрқув бор эди. Мен билганим 14 марта қамалган бўлса, бирор марта органдан қўрқишлик деган нарса бўлмаган бу одамда. Қўлидан келганича мўмин мусулмонларга доимо ёрдамини берган. Имконияти бўлмаса ҳам, касал бўлса ҳам имкон даражасидаги барча яхшиликларни қилган,- деди Равшан Гапировни хотирлар экан диндорлардан бири Дилёр Жумабоев.

2010 йил Ўш воқеаларидан сўнг Равшан Гапиров Ўшнинг собиқ ҳокими Мелис Мирзақматовни очиқчасига танқид қилиб келган ва бунинг ортидан турли тазйиқларга учраган эди. Масалан,2013 йилнинг мартида, ҳали Мелис Мирзақматов амалда пайтда Ўш шаҳар кенгашининг ўзбек депутатлари Равшан Гапировни миллатлараро вазиятни кескинлаштиришга ҳаракат қилаётганликда айблаб, Ўзбекистон ва Қирғизистон президентларига мурожаатнома йўллаган, унинг жазоланишини талаб қилган эди.

XS
SM
MD
LG