Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:37

Тожикистон ИИВ: Террорчилик ҳужумларига Мудофаа вазири ўринбосари раҳбарлик қилган


Душанбе аэропортига яқин ҳудудда тергов ишлари кетмоқда
Душанбе аэропортига яқин ҳудудда тергов ишлари кетмоқда

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳри ва Ваҳдат туманида милиция бўлинмаларига қилинган қуролли ҳужумлар оқибатида 10 киши ҳалок бўлди, бир неча киши жароҳатланди. Айрим хабарларга кўра, ҳалок бўлганлар сони кўпроқ бўлиши мумкин. Тожикистон Ички ишлар вазирлиги бу террорчилик ҳаракатлари бошида Мудофаа вазири ўринбосари турганини айтмоқда.​

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матубот хизмати Ваҳдат тумани ИИБга қилинган ҳужум тафсилотларини очиқлади:

"Бугун, 2015 йилнинг 4 сентябри, соат 04.28да уюшган жиноятчилар гуруҳи Ваҳдат шаҳри ички ишлар бўлимига ва Тожикистон Мудофаа вазирлигининг марказий биносига ҳужум қилиб, жуда кўп миқдордаги қурол-яроғни олиб чиқиб кетди.

Бу ҳужум натижасида 4 нафар ОМОН ходими ва Ваҳдат шаҳар ИИБнинг 4 нафар ходими ҳалок бўлган.

Ўтказилган тезкор чора-тадбирлар натижасида бу террорчилик гуруҳларига Тожикистон Мудофаа вазири ўринбосари, генерал-майор ҳожи Ҳалим Назаров раҳбарлик қилгани аниқланди.

Ҳожи Ҳалим Назаров Мудофаа вазирлиги ходимларини алдаб, йўлдан адаштириб ва ўз лавозимини суиистеъмол қилган ҳолда жиноий гуруҳ тузган ва террорчилик ҳаракатларига раҳбарлик қилган", дейилади ИИВ матбуот хизмати тарқатган хабарда.

ИИВ маълумотига кўра, террорчилик ҳаракатларида гумонланган яна 4 киши ҳибсга олинган.

Айни пайтда, генерал Ҳалим Назаров ва унга итоаткор қуролли гуруҳлар Душанбе шаҳрининг шарқида жойлашган Ромит дарасига яширингани ва уларни қидириб топиш ишлари бўйича махсус амалиёт ўтказилаётгани айтилади.

Воқеа тарихи

4 сентябрь куни Тожикистон пойтахти ва Ваҳдат туманида рўй берган қуролли ҳужум оқибатида 8 нафар милиция ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда Озодлик тожик хизматига ҳуқуқ тартибот идоралари вакиллари маълум қилди.
Озодлик суҳбатдошига кўра, ҳужумларда 2 нафар милиционер жароҳатланиб, касалхонага ётқизилган.

Бундан аввал Душанбе шаҳрининг аэропортга яқин ҳудудида тонгги соатларда рўй берган қуролли ҳужум оқибатида Тожикистон ички ишлар вазирлиги ОМОН кучларининг 2 ходими ва йўл ҳаракати хавфсизлигининг 1 нафар пост хизматчиси ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Хабарларга кўра, яна бир ЙХҲ ходими ўқ отар қуролдан яраланиб, касалхонага ётқизилгани ҳам айтилди.

Пойтахт Душанбедан 20 километр шарқроқда жойлашган Ваҳдат туманида ҳам жума куни тонгги соат бешларда қуролланган шахслар ички ишлар бўлимига ҳужум уюштирди. Расмийлар бу ҳужумда икки ҳужумчи ўлдирилганини айтаётган эди. Лекин айрим хабарларда Ваҳдатдаги отишмада 4 нафар милиция ходими ҳалок бўлгани айтилаётган эди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалар иккита ҳужум оқибатида камида 8 милициячи ва 2 ҳужумчи ўлдирилганини айтмоқда.

Озодлик тожик хизмати мухбирлари воқеа жойиларига бориб, у ерда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва прокуратура тергов ҳаракатларини амалга ошираётганига гувоҳ бўлишди.

Тожикистонда милиция бўлимларига қилинган икки ҳужумда камида 10 киши ҳалок бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:44 0:00

Озодлик тожик хизмати манбаларининг билдиришича, Душанбе шаҳар Шоҳмансур туманидаги Қоратегин маҳалласида уч нафар ҳужумчини қидириш ҳаракатлари давом этмоқда. Айрим хабарларга кўра, ҳужумчилар яширингани тахмин этилаётган Қоратегин маҳалласи милиция кучлари томонидан қуршаб олинган ва у ердаги хонадонларда бирма-бир тинтув ўтказилмоқда.

Айни пайтда, 4 сентябрь куни тонгда пойтахтга туташ Ваҳдат тумани Ички ишлар бўлимига ҳам қуролли ҳужум уюштирилди. Расмийлар икки ҳодисанинг бир-бирига боғлиқ эмаслигини таъкидлашмоқда.

Жума куни тонгги соат бешлар атрофида Душанбе шаҳридан 20 километр шарқроқда жойлашган Ваҳдат тумани милиция бўлимига уюштирилган қуролли ҳужум натижасида, расмий маълумотларда келтирилишича, ҳужумчилардан икки нафари ўлдирилган, яна уч киши жароҳатланган.

Тожикистон Бош прокуратураси Ваҳдат тумани милиция бўлимига қилинган қуролли ҳужум юзасидан жиноят иши очилганини билдирди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, тонгги соат бешлар атрофида рўй берган ҳужум учун Зиёвуддин Абдуллоев етакчилигидаги жиноий гуруҳ масъулдир.

“Ҳужум ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қайтарилди. Натижада Зиёвуддин Абдуллоев ва унинг шериги йўқ қилинди, яна уч киши жароҳатланди”, дейилади ИИВ баёнотида.

Расмий баёнотда Абдуллоев ким экани аниқлаштирилмаган, лекин Озодлик тожик хизмати манбаларининг билдиришича, у Ваҳдат шаҳридаги Роҳати милиция бўлими собиқ ходими бўлган ва бир неча ҳафта аввал номаълум сабабларга кўра, ишдан ҳайдалган.

“Ваҳдат ИИБ биноси атрофи темир панжара билан ўралган, лекин у (Абдуллоев) назорат пунктига кириб, ўзини Роҳати бўлими ходими, дея таништирган. Постда турган милиция ходими уни танигани ва унинг ишдан бўшатилганидан бехабар бўлгани боис, ичкарига киритилган”, дея билдирди манба.

Айни пайтда, Тожикистондаги “Азия-Плюс” агентлигининг ўз манбаларига таяниб, хабар қилишича, Ваҳдатдаги ҳужум оқибатида тўрт нафар милиция ходими ҳалок бўлган. Агентлик хабарида айтилишича, бу гуруҳ аввал Душанбе шаҳридаги ҳарбий қисмга кириб, қуролларни қўлга киритган, ундан кейин эса Ваҳдат ИИБсига ҳужум уюштирган.

4 сентябрь кунги ҳужумлар Ваҳдат туманида 23 ёшли йигитнинг милиция ходимлари тарафидан калтакланиши оқибатида оғир аҳволда касалхонада қолаётгани билан боғлиқ ҳодиса аҳоли орасида норозилик кучайган пайтда рўй бермоқда. Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги университет талабаси Умар Бобожонов, унинг яқинлари иддаоларига кўра, 28 август куни милиция ходимлари томонидан аёвсиз калтакланган. Умар Бобожонов Тожикистонга таътилга келган ва яқинларига кўра, милиция ходимлари 23 ёшли йигитнинг соқол қўйгани учун уни калтаклашган. У ҳозир касалхонада кома ҳолатида қолмоқда.

Бироқ расмийлар жума кунги ҳужумларнинг Умар Бобожонов ишига алоқаси йўқлигини таъкидлашмоқда.

XS
SM
MD
LG