Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:16

Пенсионерлар пахтага чиқиш ëки пенсиянинг 50 фоизидан воз кечишга мажбурланмоқда


Пенсионерларни пахтага чиқариш ўтган йилларда ҳам кузатилган¸ бироқ бу йил расмийлар пенсия пулининг кесилиши ҳақидаги таҳдид билан бу босимни янги босқичга чиқармоқда.
Пенсионерларни пахтага чиқариш ўтган йилларда ҳам кузатилган¸ бироқ бу йил расмийлар пенсия пулининг кесилиши ҳақидаги таҳдид билан бу босимни янги босқичга чиқармоқда.

Озодликка оддий ўзбекистонликлардан келаëтган хабарларга кўра¸ пенсионерлар бошланган яна бир пахта фронтининг янги қурбонларига айланган. Айрим туманларда маҳаллақўмлар уйида пенсионер бўлган хонадонларга пенсионернинг ўзини ëки унинг учун пахта терадиган одамни далага чиқариш¸ акс ҳолда пенсиянинг 50 фоизи кесилиши билан таҳдид қилмоқда.

Ҳокимият босимининг янги қурбони - пенсионерлар

“Бизнинг хўжаликда на давлат ташкилотида ишловчи одам¸ на болалар нафақаси олаëтган бор. Ўзимизнинг кунимизни ўзимиз кўриб юрибмиз. Давлатдан озгина пул олаëтган пенсионер бувамиз бор¸ холос. Энди маҳаллақўм келиб¸ пенсионер борми¸ бўлди¸ ë ўзи чиқсин¸ ўзи чиқмаса¸ ўрнига одам чиқарсин¸ деяпти. Бўлмаса¸ пенсиясининг 50 фоизини чегирамиз¸ деб қўймаяпти"¸ дейди Озодликка Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманидан боғланган манба.

Хавфсизлик боис ўз исми очиқланмаслигини сўраган суҳбатдошга кўра¸ ҳокимият вакиллари пенсионерни давлат боқаëтган текинхўрга чиқариб¸ “уйингда пенсионер борми¸ пахтага ë одам чиқарасан¸ ë бунинг ҳаққини тўлайсан”¸ деб таҳдид қилмоқда. Айни пайтда бу манба¸ мазкур таҳдиднинг ҳозирча амалга кўчмаганини қўшимча қилди.

Қорақалпоғистоннинг қўшни Беруний туманидан боғланган яна бир манбага кўра¸ айни кунларда пахта даласида пенсиясидан ажраб қолишдан қўрққан кексаларни кўриш мумкин:

-Жуда мункиллаб қолганларни кўрмадимку¸ лекин 60 ëшдан ошиб¸ қонуний пенсияга чиққанлар пахта тераяпти. Ўзи пенсияни кесиб-кесиб¸ униям пластикка ўтказиб қўйди. Шуниям ололмайсан¸ дегандан кейин нима қилсин бу бечоралар¸ дейди ўз оиласига айни шундай талаб қўйилганини таъкидлаган бу манба.

Озодликнинг Беруний ҳокимлигига яқин манбаси¸ давлат ташкилотлари ҳаммасининг пахтага чиқарилгани¸ маҳалла фаоллари айни кунларда уйма-уй юриб аҳоли¸ хусусан¸ пенсионерларни ҳам далага чиқишга ундаëтганини эътироф этди. Унинг таъкидича¸ бу жараëн таҳдид ва дўқ эмас¸ балки тарғибот-ташвиқот¸ тушунтириш йўли билан амалга оширилмоқда:

- Кексалар пахта тераëтганини кўрса¸ ëшларга баҳона қолмайди. Уялганидан ҳам чиқадида кейин¸ дейди расмий манба.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Зиëдулла Раззоқов ўз атрофида ҳам айни жараëн бошлангани ва бу йил энди давлат олдидаги хизматини ўтаб бўлиб¸ пенсияга чиққан қатламга ҳам босим бўлаëтганига ўзи гувоҳ эканини айтади:

- Бу йил¸ ҳақиқатан ҳам¸ пенсионерларга маҳалла фаоллари келиб¸ уларни пахтага чиқасизлар деб ëзма равишда огоҳлантираяпти. Ҳозирча пахтага чиқмадинг деб¸ пенсия пули кесилганидан хабарим йўқ¸ ўзи кампания энди бошланди. Мен шунақа огоҳлантирув олган пенсионернинг ҳангамасига гувоҳ бўлдим. "Чиқмайман¸ қўлингдан келганини қил"¸ деб ҳайдаб юборибди. Пенсионер керакли пайтда давлатнинг хизматини қилиб¸ энди дам олишга чиққан одам¸ уни пахтага мажбурлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Агар пахтага чиқмадинг¸ деб пенсиясидан ушлаб қолса¸ бундайлар устидан шикоят билан мурожаат қилишдан қўрқмаслик керак¸ дейди ҳуқуқ фаоли.

Озодликка оддий ўзбекистонликлардан келаëтган хабарларга кўра¸ вилоятларда давлат ташкилотлари¸ хусусан¸ касалхона ва таълим муассасалари ходимлари ëтоқлик пахтага олиб кетилган¸ коллежларнинг 3-курс ўқувчилари ва олийгоҳ талабаларини ҳам пахтага жўнатиш кампанияси қизғин паллаган кирмоқда.

XS
SM
MD
LG