Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:52

Қуйичирчиқда пахтасиз далага ташланган ҳашарчига 60 кило норма қўйилди


Қуйичирчиқ тумани, "Отажонов" жамоа хўжалигида ўт босган, пахтасиз пахтазор. Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси, 13 сентябрь куни тарқатган сурат.
Қуйичирчиқ тумани, "Отажонов" жамоа хўжалигида ўт босган, пахтасиз пахтазор. Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси, 13 сентябрь куни тарқатган сурат.

Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида бўлган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева пахтага ихтисослашмаган туманда бу йил ҳосил озлиги, шунга қарамай ҳашарчиларга 60 кило норма қўйилганини хабар қилди. У нормани бажармаганлардан ўтган йилгидек килосига 300 сўмдан пул талаб қилинишидан хавотир билдирди. Фаол пахта тераётганлар "бюджетчилар" орасида "ота-онасига кўмаклашаётган болалар"ни кўрганини ҳам қайд этди.

"Аксар теримчилар давлатдан пул оладиганлар"

Жумладан, Қуйичирчиқ туманининг "Отажонов" жамоа хўжалигидаги пахтазорларни айланган ўзбекистонлик фаол - Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева 10 сентябрдан туманда теримга оммавий сафарбарлик бошлаганини хабар қилди.

Унинг айтишича, теримга чиқарилганларнинг асосий қисмини давлатдан пенсия, бола пули ва ойлик олиб ишлайдиган ҳашарчилар ташкил қилмоқда:

Қуйичирчиқ тумани, "Отажонов" жамоа хўжалигида пахта тераётган бола. Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси 2015 йил 13 сентябрда тарқатган сурат.
Қуйичирчиқ тумани, "Отажонов" жамоа хўжалигида пахта тераётган бола. Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси 2015 йил 13 сентябрда тарқатган сурат.

- Мен Қуйичирчиқ туманида мониторинг ўтказдим. У ерда пахта далаларида мажбурий равишда медиклар, ўқитувчилар пахта тераётганини кузатдик. Мисол учун, "Отажонов" жамоа хўжалиги пахтазорларидаги теримчилар орасида болалар бор эди. Афтидан улар, ота-онасига ёрдам беришаётганди. Лекин, бу ҳолатга шанба куни тушгача гувоҳ бўлганим учун улар дарсни ташлаб, теримга чиққанини эҳтимолдан соқит қилмайман. Бу йил пахта теримига чиқарилаётганлар, асосан, маҳалла қўмиталарида тузилган бригадаларга бирлаштирилаётганига гувоҳ бўлдим, - деди Елена Уралева.

"Теримчи маҳаллақўмда рўйхатдан ўтиши шарт"

Унинг айтишича, теримчилар орасида пахта териб, пул ишлашни мақсад қилганлар ҳам бор. Аммо, бу йил теримчилар маҳалла қўмиталарида рўйхатдан ўтказилиб, кейин далага чиқарилаётганини қайд этмоқда ҳуқуқ фаоли.

Қуйичирчиқ тумани, "Красино" посёлкасидаги пахта штаби ва ётоқхонаси. Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси 2015 йилнинг 13 сентябрида тарқатган сурат
Қуйичирчиқ тумани, "Красино" посёлкасидаги пахта штаби ва ётоқхонаси. Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси 2015 йилнинг 13 сентябрида тарқатган сурат

- Теримчи отрядлар тузилмоқда ва улар маҳалла қўмиталарида тузилмоқда. Маҳалла қўмиталарининг ўзида далаларга тақсимланмоқда. Рўйхатга мажбуран тиркалганлар ҳам бор. Кўпчилиги пенсия ва бола пули оладиганлар. Лекин пахта териб, пул ишламоқчи бўлганлар ҳам шу отрядларга ёзилиши шарт экан Қуйичирчиқда. Мен шунақа аёлларни ҳам учратдим. Тошкент вилоятида теримчиларга ҳар кило пахта учун 240 сўмдан ҳақ ёзишяпти, - дейди инсон ҳуқуқлари фаоли.

"Нормани бажармаган килосига 300 сўмдан тўлайди"

Фаол Интернет орқали тарқатган хабарномада Қуйичирчиқ туманидаги пахтазорлар акс этган суратлар ҳам бор. Айрим суратларда пахта ҳосили ниҳоятда озлиги, гўза ёввойи ўтлар орасида қолиб кетганини кўриш мумкин. Елена Урлаевадан бундай далалар ҳақида шундай маълумот берди:

Қуйичирчиқ тумани, "Отажонов" жамоа хўжалигида ўт босган, пахтасиз пахтазор.Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси 2015 йил 13 сентябрь куни эълон қилган сурат.
Қуйичирчиқ тумани, "Отажонов" жамоа хўжалигида ўт босган, пахтасиз пахтазор.Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси 2015 йил 13 сентябрь куни эълон қилган сурат.

- Мен маҳаллий фермерлар билан бирга Қуйичирчиқ туманидаги кўплаб пахтазорларни айландим. Аслида бу туман пахта учун яроқсиз туманлардан биридир. Лекин, ёввойи ўт босиб кетган, пахтаси қарийб йўқ бўлган далаларга ҳам ҳашарчилар солинган ва уларга 60 килограммдан норма қўйилган. Агар улар нормани бажармаса, ўтган йилгидек қолганини пул билан ўташини талаб қилишлари мумкин. Ҳозир менда буни тасдиқловчи аниқ фактлар йўқ, аммо ўтган йили теримчиларни бунга мажбурлашганига оид фактлар бор. Бу йил ҳам Хоразм вилоятидаги фаолимиз нормани бажролмаган теримчилардан килосига 300 сўмдан пул талаб қилинаётганини қайд этди, - дейди инсон ҳуқуқлари фаоли - Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева.

Оммавий сафарбарлик 10 сентябрда бошланди

10 сентябрдан Ўзбекистонда пахта теримига оммавий сафарбарлик бошланди.

Озодликка келган хабарларга кўра, Тошкент Ирригация ва мелиорация институти, Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика институтининг барча талабалари шу куни поезд ва автобусларда кун давомида пахта даласига ташилган. Шунингдек, вилоятлардаги аксар бюджет ташкилоти ишчи-ходимлари ҳам ётоғи билан пахта теримига жўнатилган.

Ўзбекистондаги олийгоҳлар маъмурияти талабаларни мажбурий пахта теримига олиб чиқилаётганини хаспўшлаш учун улардан "ўз ихтиёри" билан пахта теримига чиққани ҳақида ариза ёздириб олаётгани аввал хабар қилган эдик.

Болалар ўрнига катталар мажбурий меҳнати

Ўзбекистон ҳукумати кучли халқаро босимлар ортидан 18 ëшга тўлмаган болаларни оммавий тарзда пахта теримига ҳайдаш сиëсатидан воз кечишга мажбур қолгани ортидан, пахта юки биринчи навбатда аҳоли, бюджет ташкилотлари ишчилари ва жамоат ташкилотлари зиммасига юкланмоқда.

Оқибатда, кейинги икки йил давомида мамлакат бўйлаб катталарни мажбурий меҳнатга жалб этиш мисли кўрилмаган кўлам касб этди ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланиш муаммоси халқаро ташкилотлар диққатига тушди.

Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнатига барҳам бериш ҳаракатларини олқишлаëтган халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти, Тошкент ҳукуматини катталарни пахта теришга мажбурлашни тўхтатишга чақирмоқда.

Бу йил катталар 1 млрд. долларлик пахтани теради

Ўзбекистон ҳукумати эса бу йил ҳам 1 миллиард АҚШ долларига тенг пахта толасини сотишни режаламоқда. Расмийларнинг билдиришича, Ўзбекистон президенти 15-16 октябрь кунлари Тошкентда XI Халқаро пахта ярмаркаси ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолаган.

Ўзбекистонда давлат ташкилотлари ишчилари оммавий тарзда пахтага сафарбар қилинаётган пайтда пайдо бўлган хабарга кўра, бу йилги ярмаркада 50 мамлакатдан мингдан ортиқ фирма ва ширкатлар вакилларининг иштирок этиши кутилмоқда.

Ўтган йилги пахта ярмаркасида Ўзбекистон қарийб 600 минг тонна пахта толасини 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқроққа сотган.

Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатдан фойдаланиши боис дунёнинг 150дан ошиқ ширкати ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон ҳар йили 1 миллиард долларлик пахта толасини хорижга сотади.

XS
SM
MD
LG