Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:37

Наманган тикувчилик цехида кучли портлаш содир бўлди


Наманган шаҳри марказидаги “Сўғдиёна файз текстил” тикувчилик цехида пайшанба тонгидарўй берган портлаш оқибатида икки одам жароҳатланди.

Наманган вилояти Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси расмийларига кўра, цехнинг қозонхонаси катта босим остида портлаган:

- Портлаш бугун эрталаб 7.10 да содир бўлди. Цехнинг буғ қурилмаси катта босимга дош беролмай портлаб кетган, деган гумон бор. Бу ҳали ўрганилмоқда. Портлаш шу қадар кучли бўлганки, чевархона дарвозаси ва деразаларини ўн беш метр нарига улоқтириб юборган. Бахтга кўра, чевархонада ишлайдиган қизлар бу вақтда ишга келмаган. Фақат цехда бир қиз бор экан, шу жабр кўрди, цех қoровули ҳам куйиш жароҳати олди, - деди Наманган вилояти Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг Озодлик боғланган расмийси.

Намангандаги портлаш ҳақидаги хабар дастлаб iжтимоий тармоқларда тарқалди.

Аббос Асад исмли наманганлик Facebook фойдаланувчиси портлашдан бир неча дақиқа ўтиб хабар йўллади.

“Ҳозиргина Наманган марказида кучли портлаш содир бўлди. Ҳатто унинг тўлқинини ҳам сездим. Болалар нима бўлганини билиш учун югуриб кетдилар.. Портлаш бизнинг кўчамизда бўлгани учун жуда қаттиқ билинди. Постни жойлаганимдан сўнг 10 дақиқа ўтиб сиреналарини чалиб милиция етиб келди”, - деб ёзди наманганлик Facebook фойдаланувчиси.

Ботирхўжа Жўраев исмли бошқа бир Facebook фойдаланувчиси:

“Чорсудаги Самарқанд кўчада жойлашган чевархонада буғ қурилмаси ишдан чиқибди. Катта босимда ишловчи ускуна (одатда унинг бир қисми цистерна идиш бўлади) отилиб, қўшнининг ҳовлисига тушибди. Ҳеч қандай талaфот кўрилмабди, фақат бир аёл киши салгина куйибди. Аллоҳ у кишига саломатлик ато қилсин. Элу-юртимиз тинч бўлсин”, - деб ёзди.

Цех ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, портлаш оқибатида цех жойлашган икки қаватли бинога жиддий зиён етган:

- Қоровул пархонага сув қўшган, ҳалиги бак сиғимни кўтаролмасдан портлаб кетган. Бу ерда Кореядан, Германиядан олиб келиб ўрнатилган қиммат тикувчилик ускуналари бор эди, шулар ҳам ишдан чиққан, - дейди цех ходими.

“Сўғдиёна файз текстил” тикувчилик цехида юздан зиёд одам ишлайди.
“Сўғдиёна файз текстил” тикувчилик цехида юздан зиёд одам ишлайди.

Наманганнинг Самарқанд кўчасида жойлашган “Сўғдиёна файз текстил” тикувчилик цехи 2010 йилда фаолиятини бошлаган.

Ширкат сайтида билдирилишича, юздан зиёд одам ишловчи корхонада кунда 60-70 дона замонавий эркаклар костюм-шими ва пальтоси тайёрланади.

Ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаслиги оқибатида Ўзбекистонда ёнғинлар тез-тез рўй беради.

Ўтган йили Наманган марказидаги “Ўзбегим” кафесида ёнғин содир бўлган, бунинг оқибатида бир қанча одам куйиш жароҳати олган эди.

XS
SM
MD
LG