Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:56

"Ўзметкомбинат"нинг 3,5 минг ишчиси Бекободга пахтага чиқарилди


Тошкент вилояти Бекобод туманини оталиққа олган "Ўзметкомбинат"нинг 3 ярим минг ишчиси 6 та жамоа хўжалигига ётоққа жойлаштирилди. Озодликка бир нусхаси йўлланган ҳужжатда 2015 йилги пахта йиғим-теримини ташкиллаштириш ишлари аниқ-тиниқ ифода қилинган. Бекободлик фаолдан олинган маълумотга кўра, Бекободдаги заводлар раҳбарияти бу йил ёлланма ишчи олиш практикасидан деярли воз кечган.

Тошкент вилояти Бекобод туманида жойлашган Ўзбекистон металлургия комбинати ишчиларининг бу йил пахта йиғим-теримига чиқарилиши назарда тутилган буйруқ нусхаси Озодликка йўлланди.

Завод директори А. Нуриддинов имзо чеккан 764-буйруқда 3 ярим минг ишчини Бекобод туманининг "Бекобод", "Навбаҳор", "Ойбек", "Ўзбекистон", "Мавлонов", "Авангард" фермер хўжаликларига ётоққа жўнатиш айтилган.

Буйруқ матнида штаб раҳбарияти, ишчи гуруҳлар, теримчилар гуруҳлари, уларга бош бўлган назоратчилар гуруҳи, теримчиларга хизмат кўрсатадиган жами 200 кишилик ошпаз, тиббиёт ходимлари ва маданий-маърифий тадбирларни ташкил қилувчи гуруҳлар таркиби аниқ ифода қилинган.

Теримчиларга ажратиладиган транспорт воситалари, уларнинг русуми ва сув ташувчи машиналаргача аниқ тақсимланган. Бу буйруқнинг ижроси устидан назоратни эса директор ўз зиммасига олган.

Озодлик завод маъмурияти билан боғланишга уринди, аммо муваффақ бўлмади. Ўзини таништирмаган биргина ходим завод ишчиларининг бир қисми "ўз ихтиёри пахта теримига кетганини" тасдиқлаш билан чекланди.

10 сентябрь куни "Мавлонов" фермер хўжалигига ётоққа жойлаштирилган завод ишчиларидан бири ҳар йили пахта теримига мажбурий тартибда ётоққа чиқарилиши, аммо ётоқхона, озиқ-овқат ва ювиниш учун шароитлар ёмонмаслигини айтди.

"Кўчма душевойлар берилган, кўчма туалетлар бор. Ювинишга иссиқ сув, икки маҳал иссиқ овқат берилаяпти. Кунига 60 килограм норма берилган, килосига 244 сўмдан иш ҳақи. Заводдаги ойлик ҳам юриб турибди", деди исмини ошкор этмаслик шарти билан Озодликка интервью берган ишчи.

"Мавлонов" жамоа хўжалигида давлат ташкилотларидан бирининг биносига жойлаштирилган теримчилар бўлимида 300дан ортиқ ишчи борлиги айтилди.

Муқаддам Бекободдаги металлургия заводида ишлаган ва исмини ошкор қилишни истамаган манба Бекобод тумани фермер хўжаликларига Бекобод цемент заводи ишчилари ҳам жойлаштирилганини айтди.

"Мен ҳозир "Навоий" жамоа хўжалигидаман. Цемент заводнинг 200 ишчиси шу ердаги боғчанинг биносига жойлаштирилди. Олдиндан оқлаб, тайёр қилиб қўйишди. Завтракка колбаса беришяпти, ишонасизми?! (кулади). Мен меткомбинатда ишлаган пайтда шалдираган сувга макарон ташлаб беришарди", дейди исмини ошкор қилишни истамаган собиқ ишчи. Унинг айтишича, бу йил заводлар ишчилари ўрнига теримчи ёллаш практикасидан қайриб воз кечган:

"Ўтган йиллари, масалан, Андижондан 60 та теримчи келган эди шу "Навоий" жамоа хўжалилига, цемент заводи ишчилари ўрнига. Бу йил деярли йўқ. Теримчи қиммат тушаётган эди, бу йил ўзининг ишчиларини чиқаришяпти", дейди бекободлик ишчи.

Ўзбекистон металлургия комбинати 1944 йилда ишга туширилган. 1994 йилда бу завод маъмурияти "Ширин машинасозлик заводи" бирлаштирилиб, "Ўзбекистон металлургия комбинати“ очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилган.

Комбинатда 9 йўналишда маҳсулот ишлаб чиқарилади. Жумладан, қора метал, мис ва унинг қотишмаларидан тайёрланган метал, метал буюмлар (сим, электрод, мих, тўқилган пўлат тўр, 43 ном ва 264 турдан иборат сирланган пўлат идишлар), бундан ташқари азот, аргон, кислород каби нометал маҳсулотлар, электромагнитлар ишлаб чиқарилади.

Заводнинг умумий ишчилари сони 10 мингга яқин. Заводнинг собиқ ишчисидан олинган маълумотга кўра, ҳар йили 2 мингга яқин ишчи пахта теримига чиқарилар эди, бу йил илк бор 3 ярим минг ишчи жўнатилган.

Расмий маълумотларга кўра, Бекободдаги металлургия комбинати 2014 йилда 1 триллион сўмдан (тақрибан 400 миллион АҚШ доллари) ортиққроққа тенг маҳсулот ишлаб чиқарган. Ўтган йилги рақамлардан келиб чиқиб, қўпол ҳисоб-китоб қилинса, 3,5 минг ишчи далада бир ой қоладиган тақдирда завод 30 миллиард сўмдан (тақрибан 11,5 миллион АҚШ доллар) ортиқ зарар кўриши мумкин.

Лекин 3,5 минг металлург мутахассис бир ойда терган пахтаси Ўзбекистонга қанча фойда келтириши мумкинлиги ноаниқ.

XS
SM
MD
LG