Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:05

Минода ўлганлар орасида ўзбекистонликлар йўқлиги айтилди


Саудия расмийлари 24 сентябрь куни Минода шайтонга тош отиш маросимида юзага келган тиқилинчда 717 одам ўлгани, 800дан ортиғи жароҳатланганини билдирди. Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур тиқилинчда ўзбекистонликлар бўлмаган, ҳодиса ўзбек ҳожилар Жамаротга етмай туриб юз берган, деб маълумот берди.

Жамаротда яна издиҳом

Қурбон ҳайити муносабати билан Маккада давом этаётгани Ҳаж зиёратининг муҳим қисми бўлган шайтонга тош отиш маросимининг бошланишидаёқ тиқилинчда қолган ҳожилар орасида тартибсизлик рўй берди.

Саудия Арабистони Фуқаролик мудофаа тизими ҳозиргача қурбонлар сони 717 нафарга етгани, жароҳат олганлар сонининг 800 дан ошганини маълум қилди.

Маккада шайтонга тош отиш маросимида 150 одам оёқ остида қолиб ўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:56 0:00

Фожеа 24 сентябрь куни тонгда юз берди. Тунни Муздалифада ўтказиб, Ҳаж ибодатининг сўнгги йирик амали бўлган шайтонга тош отиш маросимини ўташ учун Жамарот комплексига келган минглаб зиёратчи ўртасида тиқилинч бошланиб кетди.

Расмий хабарга кўра, зиёратчиларнинг иккита катта гуруҳи Жамаротга элтувчи икки йирик йўлакдан бири - 204 йўлакда қарама-қарши тарафдан келиб қолган.

Саудия Фуқаролик мудофаа тизими расмийлари тарқатган маълумотга кўра, тиқилинчда зиёратчиларнинг аксарияти ҳушидан кета бошлаган.

Йиқилиб қолганлар эса тирбанд зиёратчиларнинг оёқлари остида қолиб кетган.

Саудияда шу кунларда ҳаво ҳарорати 38-40 даражага етгани боис, иссиқдан кучсизланган ҳожилар тез-тез ҳушидан кетмоқда.

Жароҳатланганларнинг асосий қисми Минодаги фавқулодда вазиятларга мўлжалланган касалхоналарга ётқизилди. Жароҳатланганларнинг бир қисми Макка шифохонасига жўнатилди.

Ўзбекистонликлар тиқилинчга тушмади

Шайх Абдулазиз Мансур Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон делегацияси расмийлари ҳануз қурбонлар ёки жароҳатланганларга оид маълумотларни суриштираётганини айтди:

- Хабарни олибоқ, Маккадаги вакилларимиз билан боғландик. Менга ҳозир билиб беришди, бизникилар Муздалифадан ҳали етиб келишмаган экан. Тош отиш маросимини бошлашмаган экан. Энди мабодо, кимдир аввалроқ келиб, ўзича Жамаротга кетмаган бўлса, биздан қурбон ёки жароҳатланганлар йўқ. Лекин ҳали ҳам эҳтиёт шарт суриштиришяпти, янгиликлар бўлса айтаман, - деди Абдулазиз Мансур.

Ўзбекистон Дин ишлари қўмитасига кўра, бу йил 5200дан зиёд ўзбекистонлик Маккага кетган.

Ўзбекистоннинг Риёддаги элчихонаси ҳам ўзбекистонлик ҳожилар қурбон бўлгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқлиги, расмий маълумотлар эълон қилинишини билдирди.

Фожеа 1-йўлакда содир бўлди

Қирғизистондан Ҳаж зиёратига борган Абу Мустафо фожеа куни Мино водийсида бўлгани ва 4-йўлакдан Жамарот копмлексига кириб, шайтонга тош отиш амалини бажаргани ва асло тиқилинчга гувоҳ бўлмаганини ҳикоя қилиб берди:

- Бу йил жуда енгиллик билан Ҳаж зиёртини ўтадик. Биз 4-йўлакдан Жамаротга кириб, шайтонга тош отдик. Тиқилинч бўлмади, бизнинг йўлак салқинроқ ҳам бўлди. Ҳозир Маккада ҳаво 50 даража исиб кетди-ёв! Биз енгил ўтадик. Келсак, шунақа гап. Биз ҳам хабарлардан эшитиб, билдик. Бизнинг йўлакда тинчлик,- дейди ўзини Абу Мустафо, деб тақдим қилган қирғизистонлик зиёратчи.

У ўтган йилларда ҳам тиқилинчлар бўлиб, ҳожилар қурбон берилган Жамарот комплексининг ҳозирги кўриниши ва унда қандай қилиб тиқилинч содир бўлиши мумкинлиги ҳақидаги мулоҳазаларини ҳам билдирди.

Қуйида Абу Мустафо билан қурилган суҳбатни тингланг:

Абу Мустафо билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:44 0:00
Бевосита линк

Бир зиёратда икки фожеа

Бу галги Ҳаж маросими арафасида дунёнинг энг йирик жомеъ масжиди- Масжид ал-Ҳарамда краннинг қулаши оқибатида ҳам камида 107 нафар одам ўлган, 230 нафардан ортиқ одам жароҳат олган эди.

Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқароларининг йўқлиги расман маълум қилинган.

Ўтган йили Саудия Арабистони ҳукумати Ал-Ҳарам масжидини таъмирлашга киришган эди ва хабарларга кўра, кран масжиднинг шарқий қисмига ағдарилган.

Йилига 3 миллиондан зиёд одам Маккага бориб, Ҳаж ибодатини адо этади.

Шайтонга тош отиш амали пайтида ўтганда ҳам тиқилинч содир бўлган ва юзлаб ҳожилар ўлган. Хусусан, 2006 йилдаги тиқилинчда 363 одам ўлган эди. Энг кўп қурбон 1990 йилда берилган - ўшанда 1400дан ортиқ одам зиёратчилар оёқлари остида қолиб нобуд бўлган эди.

Бундай фожеа олдини олиш учун Саудия Арабистони Минода 1 миллиард 200 миллион долларга беш қаватлик кўприк қурдирган ва хавфсизлик чораларини кучайтирган.

The Economist нашри Саудия Арабистонининг бу йилги Ҳаж зиёратидан кўрадиган даромади 8 ярим миллиард долларга тенг, деб ёзди.

XS
SM
MD
LG