Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:22

"Ўқитувчилар пахтада, дарсларнинг аталаси чиқди"


Ўқитувчиларнинг пахтага олиб чиқилгани пахта чиқарилмаётган ўқувчилар таълим олиш жараёнига путур етказмоқда
Ўқитувчиларнинг пахтага олиб чиқилгани пахта чиқарилмаётган ўқувчилар таълим олиш жараёнига путур етказмоқда

Ўзбекистонлик мактаб ўқитувчиларнинг кўпчилиги пахтага мажбуран олиб чиқилиши оқибатида болаларнинг таълим олиш жараёнига жиддий путур етмоқда. Озодликка мамлакатнинг турли вилоятларидан мурожаат қилаётган ўқитувчиларнинг айтишларича, натижада аксар ҳолларда битта педагог бир пайтнинг ўзида бир нечта синфга дарс беришга мажбур бўлмоқда. Бундан ташқари пахтага чиқишни истамаган ўқитувчилардан 400 мингдан 800 минг сўмгача пул ундириш ҳолатлари давом этаётгани атйилмоқда.


Ўзбекистонда давом этаётган пахта кампанияси мажбурий меҳнат билан боғлиқ муамони янада мураккаблаштириш билан биргаликда мактаб болаларининг таълим олиш жараёнига ҳам жиддий таъсир ўтказмоқда.

Озодликка мамлакатнинг турли вилоятларидан мурожаат қилаётган ўқитувчилар шикоятларидан шуни хулоса қилиш мумкин. Педагоглар 10 кунлик ётоғи билан пахтага олиб чиқилаётгани оқибатида, дарслар ўтилмай, мактаб болалари қаровсиз қолмоқда, дейди Бухоро вилоятидан мурожаат қилган ўқитувчи.

“Ўқитувчилар пахтада. 7-9 синфларга 3 ўқитувчи қолган. Дарс берадиган одам йўқ. 10-12 соат дарси бор ўқитувчилар 10 кунга пахтага ётоғи билан чиқиши оғзаки айтилди. Уларга ҳужжатларни ҳам ёзиб юриш буюрилди. Лекин 10 кун пахтада бўлгандан кейин унга улгурмайди, конспект ва журналлар тўпланиб кетади. Пахтадан қайтганда улгурмадим, десак, уни тепадагилар тан олмаяпти”, дейди бухоролик ўқитувчи.

Фарғона вилояти Марғилон шаҳридан Озодликка гапирган ўқитувчи мактаб болалари қаровсиз қолиб кетганини хаспўшлаш мақсадида, битта ўқитувчи бир вақтнинг ўзида бир нечта синфга дарс ўтишига тўғри келаётганини айтади.

“Ҳамма мактбларда ўқитувчиларни мажбурий пахтага олиб чиқишяпти. Дарсларнинг расвоси чиқиб кетган. Битта ўқитувчи бир нечта синфни бирлаштириб дарс ўтяпти. Агар пахтага чиқмайман десангиз, 200 минг сўм беришингиз керак. 200 минг сўмни бериб, дарсингизни ўтаверасиз. Бундан ташқари Марғилон пахта штабида бошлиқлар ўқитувчиларга биров сўраб қолса, маҳаллий аҳолимиз, ўз хоҳишимиз билан теряпмиз, деганлар, деб тайинлашяпти. Ахир ўқитувчиларни пахтага олиб чиқиш мумкин эмас-ку”, дейди марғилонлик ўқитувчи.

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидан Озодликка келган мактубда, ўқитувчилар ҳатто ҳайит куни пахтага олиб чиқилгани айтилади.

“Шўрчи туманида мактаб ходимлари давлат раҳбари томонидан дам олиш куни дея белгиланган Қурбон ҳайити куни прокурор бошчилигида пахта даласига олиб чиқилди”, деб ёзди шўрчилик ўқитувчи.

Ўқитувчиларнинг нафақат пахтага мажбуран олиб чиқилаётгани, балки ўзларининг ўрнига одам ёллаш учун улардан юз минглаб сўм пул ундирилаётгани ҳолатлари жорий йилда айниқса кўп кузатилмоқда.

Самарқандлик ўқитувчилар ҳам Қурбон ҳайити куни далага олиб чиқилди. Вилоят туманларининг биридан Озоликка боғланган ўқитувчи ўзи ишлайдиган мактабда 40 нафар муаллимдан 15 нафари пахта тераётганини айтади.

“Ўқитувчилар пахтада, лекин дарслар номига бўлса ҳам ўтилмоқда. Битта ўқитувчи бир нечта синфга криб, 20 минутдан дарс ўтади. Бир вақтнинг ўзида бир синфхонадан бошқасига югириб юради ўқитувчи. Бунақада дарс ўтиб бўладими. Дарсларнинг аталаси чиқиб кетган. Чиқмайман десангиз бўлмаса. 10 кунлик пахтага чиқмаслик учун 400-500 минг сўмдан пул талаб қилади директор”, дейди ўқитувчи.

Бу суҳбатдошимиз ишлайдиган мактаб директорини Қурбон ҳайити куни пахта даласидан топдик. Озодлик билан қисқа суҳбатда мактаб директори бу иддаони илгари сурган ўқитувчини “фаҳм-фаросатсизлик”да айблади.

- Бирор фаҳм-фаросати етмайдиган ўқитувчи айтгандирда. Ҳеч кимдан, ҳеч қандай пул йиғилгани йўқ. Мен ўзим бугун пахтага чиқдим. Бу менинг давлатимнинг иши, менинг халқимнинг иши. Менга бошқа телефон қилманг,- дея гўшакни қўйиб қўйди мактаб директори.

Яқин йилларгача Ўзбекистон пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдалангани халқаро ҳамжамият томонидан қоралаб келинган. Халқаро ташкилотлар ҳар йили 2 миллионгача мактаб болалари камида икки ой давомида далаларда пахта теришига қарши бошлаган кампанияси жаҳондаги 150ка яқин етакчи чакана савдо ширкатларининг ўзбек пахтасига бойкот эълон қилишига сабаб бўлди.

Болалар меҳнатига қарши халқаро кампания натижасида Ўзбекистон ҳукумати сўнгги 2 йил давомида мактаб болалари пахта далаларига олиб чиқилмаслиги бўйича чораларни кўра бошлади. Лекин сўнгги 2 йил ичида болалар ўрнига пахта далаларига давлат ташкилотлари ходимари, хусусан, юз минглаб мактаб ўқитувчиларининг пахтага мажбуран олиб чиқилиши авж олганини кузатиш мумкин.

XS
SM
MD
LG