Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:29

“Ғиждувонда юзлаб савдогар бозордаги жойидан айрилиб қолди“


Ғиждувондаги янги бозордан бир кўриниш.
Ғиждувондаги янги бозордан бир кўриниш.

Бухоронинг Ғиждувони марказидаги бозорда “йиллардан бери ишлаб келган” савдогарлардан бир гуруҳи бозорнинг янги жойга кўчирилиши туфайли иш жойисиз қолганидан Озодликка шикоят қилди.

Уларнинг айтишича, янги бозордаги дўконларни “ё сотиб олиш, ёки ижара ҳақи тўлаб ишлаш” таклиф қилинмоқдаки иккала таклифни ҳам нарх ва тарифлар ўта қиммат бўлгани учун қабул қилиб бўлмайди.

Бозор раҳбарияти эса, савдогарларнинг иддаолари асоссиз эканлиги, барча ишлар мамлакат Президенти қарори доирасида амалга оширилаётгани таъкидлади.

“Шаҳар марказидаги эски буюм бозори бузилиб, патент ва солиқларни тўлаб қўйган 2000 дан ортиқ тадбиркор хонавайрон бўлмоқда”, деб бошланади Озодликка келиб тушган шикоятнома.

Хатдан Ғиждувон шаҳри марказидаги “Ҳўжаи жаҳон” бозори яқинда – жорий ой ўртасида ёпилгани, унинг ўрнига Юсуф Ҳамадоний кўчасида янги бозор қурилгани маълум бўлади.

Шикоятчиларга кўра, улар “Ҳўжаи жаҳон” бозорида расталарни ўз ҳисобларидан қайта таъмирлаган, ҳар бир бозорчи ойига солиқ идорасига 480 000 сўмдан патент учун, 2 метрлик жой ижараси учун бозор ҳисобига 210 000 сўмдан тўлар эди. 3500 дан ортиқ тадбиркор чакана савдо билан шуғулланадиган шаҳар маркзидаги ушбу бозор мижозлар учун ҳам қулай эди”.

Юсуф Ҳамадоний кўчасида қурилган янги бозордаги шартлар тўғрисида шикоятномада мана бу гаплар бор:

“Янги бозордаги энг кичик (4х4 м.) ҳажмли дўконнинг ойлик ижараси 400 – 500, каттароқ дўконлар нархи эса 1000 -1200 АҚШ долларидир.

Дастлаб, 4х4 ҳажмли дўкон нархи 18.000 000 сўм бўлса, кўп ўтмай 28.000 000 сўмга, 36.606 420 сўмлик 8х4 ҳажмли дўкон эса 56 987 537 сўмга кўтарилди”.

Шикоятга имзо чеккан савдогар аёллардан номидан улардан бири, Ҳўжаи жаҳон бозорида 9 йил ишлаган, ўзини Зебо, деб таништирган тадбиркор Озодлик билан суҳбатда норозиларнинг талабини мана бундай изҳор қилди:

- Шаҳар аҳолиси учун қулай жойдан ўртамиёна тадбиркорлар учун жой берсинлар. Ёки бизга ер берсинлар. 3 метрга 3 метр ер берсалар, бизлар 28 миллион 500 мингга эмас, 5 – 6 миллион сарфлаб, ўзимиз дўкон қуриб оламиз. Янги бозордаги дўконларни ижарага олишга кучимиз етмайди, деди Зебо.

Унинг айтишича, Ҳўжаи жаҳон бозоридан савдогарларни кўчириш жараёнида ҳам уларнинг ҳуқуқлари қўпол бузилган. “Ҳўжаи жаҳон” бозорини назарда тутиб, у бундай деди:

- Ғиждувон бозорида 3,5 мингдан ортиқ тадбиркор бор. Олдиндан огоҳлантирмай, сентябрь ойи учун патентлар пули тўлиқ олиб, бирданига босим ўтказиб, ҳаммани кўчирди.

Озодлик Ғиждувон туман бозори бошқаруви билан ҳам боғланди. Бошқарувнинг ўзини таништирмаган икки вакили “савдогарлар ҳуқуқлари бузилмагани, уларнинг ҳар бири бозор кўчирилиши тўғрисида олдиндан ёзма шаклда огоҳлантирилгани, огуҳлантирув хатларининг нусхалари бозорқўм ихтиёрида сақланаётгани” тўғрисида айтиб берди.

Уларнинг айтишича, Ғиждувон бозори янги жойга Ўзбекистон Республикаси Президенти 2010 йил 26 апрелда имзолаган ПҚ-1326 қарорига биноан кўчирилган. Янги бозордаги савдо расталари ва дўконлар учун ижара тарифларини эса, бозорқўм эмас, балки ҳукумат белгилаган.

Озодлик Ғиждувон туман ҳокимлиги билан ҳам боғланди. Ҳокимлик вакили воқеадан бехабарлигини айтар экан, мазкур масалалар билан шуғулланувчи ҳоким муовинига мурожаат қилишни маслаҳат берди. Муовин ва бозор раҳбари Вали Содиқов билан боғланишнинг ҳозирча иложи бўлмади.

XS
SM
MD
LG