Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:11

“Сассиқ туфлиларимизни ёстиқ қилиб ухлаяпмиз”


Қашқадарё вилояти Нишон тумани далаларида пахта тераётган шаҳрисабзлик ўқитувчиларнинг кийим-кечаклари ўғирлаб кетилди. Наманган вилояти Учқўрғон туманида эса ҳашарчи-ўқувчилар ариқ сувини ичишга мажбур бўлмоқда. Пахтага мажбурий ҳайдалган ишчи-хизматчилар, талаба ва ўқувчилар Озодликка боғланиб даладаги шароитлардан нолишмоқда.

Нишонда ўқитувчиларнинг кийимлари ўғирланди

Нишон тумани Самарқанд қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги далаларда пахта тераётган Шаҳрисабздан келган мактаб ўқитувчиларининг кийим-бошлари ўғирлаб кетилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган ҳашарчи-ўқитувчиларга кўра, улар 8 сентябрдан буён Нишонда пахта теришаяпти ва шу вақт ичида икки марта уларнинг кийимлари ўғирланган.

Ўқитувчиларнинг айтишича, Шаҳрисабздаги 5та мактабнинг ўқитувчилари Самарқанд қишлоғидаги МТП биносига жойлаштирилган бўлиб, ўғирлик ҳам шу ерда содир бўлган:

“МТПда Шаҳрисабзнинг 3, 4, 5, 6 ва 7- сонли мактабларидан келганлар ётоқда ётибди. Жами 100дан зиёд одам. Аёллар алоҳида, эркаклар алоҳида жойлаштирилган. Ўқитувчилар пахта тергани кетган пайти уларнинг ётоқда қолдирган кийим-бошларини ўғирлаб кетишди. Маҳаллий одамлар ўғирлашган. Чунки ўғри ўзимизнинг орамизда бўлганда ошкор бўларди”, деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда шаҳрисабзлик ўқитувчилардан бири исмини ошкор қилмаслик шарти билан.

Бошқа бир ўқитувчининг айтишича, ўғрилар ҳашарчиларнинг барча оёқ-кийимларини олиб кетган:

“Икки марта кийимларимизни ўғирлаб кетишди. Келганимиздан икки кун ўтиб, ҳамма кийимларимизни олиб кетишди, даладан қайтгандан кейин киядиган. Кеча эса далада киядиган оёқ киймларимизни ўғирлашди. Деярли 20 та одамнинг оёқ-кийими ўғирланган. Кроссовки, калиш, тапочка- ҳаммасини олиб кетишган. Энди ҳамма фақат битта оёқ кийимда қолдик. Буни ҳам ўғирлаб кетмасин деб, ҳидланган оёқ-кийимларни ёстиғимиз тагига қўйиб ётаяпмиз”, дейди ўзини таништирмасликни сўраган шаҳрисабзлик ўқитувчи.

Ўқитувчилар ўғирликлар ҳақида мутасаддиларга айтишгани, бироқ ҳеч қандай чора кўрилмаганини билдиришди:

“Бу ҳолатга ҳеч ким чора кўргани йўқ. На отряд бошлиғи, на хавфсизликни таъминлаш учун юборилган командир. Участковой милиционер ҳам келди. Лекин ҳеч қандай чора кўришмади. Биз кийимларсиз қолдик”, дейди шаҳрисабзлик ўқитувчи.

Ушбу ўғирлик тафсилотларидан хабардор нишонлик манбага кўра, ўқитувчиларнинг кийимлари ўғирлангач, воқеани ошкор бўлишини истамаган маҳаллий раҳбарлар ўғирлик учун масъулиятни ўқитувчиларнинг ўзига юклаган:

“Ўқитувчиларнинг пахта штаби бошлиқлари “Айб ўзимизда, навбатчи тайинламаганмиз" деб ёзиб беришган. Ўғирликни маҳаллий болалар қилган. Лекин айбни ўқитувчилар бўйнига олгач, ҳеч кимга чора кўрилмади”, деди тафсилотлардан хабардор манба.

Самарқанд қишлоқ фуқаролар йиғини мутасаддилари ўғирлик борасида ҳеч қандай изоҳ беришмади. Фақат ўғирликдан сўнг ҳар куни навбатчи тайинланаётганини айтишди.

Учқўрғондаги ўқувчилар ариқ сувини ичаяпти

Шаҳрисабзлик ўқитувчилар ётоқхонадаги шароитларнинг яхши эмаслигини ҳам айтишди. Худди шундай шикоят Озодликка Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида пахта тераётган ҳашарчилардан ҳам келди.

Наманган юридик коллежи ўқувчилари пахта мавсуми бошлангандан буён вилоятнинг Учқўрғон тумани Янгиобод қишлоғи далаларида пахта тераяпти.

Ўқувчи-ҳашарчиларнинг ётоғи эса Янгиобод педагогика коллежи биносида жойлашган. Ўқувчиларнинг айтишича, коллеж биносида улар учун умуман шароит яратилмаган:

“Бизга коллежнинг спорт залини очиб бериб, шу ерда ётасизлар дейишди. Бизга ётишимиз учун ҳеч нарса берилгани йўқ. Олиб келган кўрпа-тўшакларимизни спорт зал полига тўшаб ухлаяпмиз. Кечаси совуқ, заҳ жонимиздан ўтиб кетади. Кийим-бошимизни ечмасдан шундоқ ухлаяпмиз”, дейди юридик коллеж ўқувчиларидан бири.

Коллеж ўқувчиларидан бирининг ота-онаси ҳам Озодликка мурожаат қилиб, Янгиободда пахта тераётган ўғлидан яқинда хабар олиб келгани ва ўқувчиларнинг жуда ночор аҳволда яшаётганига гувоҳ бўлганини айтишди:

“Спорт залига 185 нафар бола жойлаштирилган. Зал чанг, шароит умуман йўқ. Битта кроват бор, унда ҳам ўқитувчиси ётар экан. Болаларга ичгани сув ҳам йўқ. Ариқдан ичаяпти. Еяётган овқатини гапирмаса, ҳам бўлади, сувга макарон қайнатиб берар экан”, дея хабар йўллади ота-оналардан бири.

Ҳашарчи-теримчиларга яратилган шароитлар яхши эмаслиги борасидаги шикоятлар Озодликка деярли ҳар куни келаяпти.

Жумладан, Жиззахнинг Дўстлик тумани Ойбек қишлоғида пахта тераётган ҳашарчилар кичкина бир чодирга 20 киши жойлаштирилгани ҳақида ёзишди. Андижоннинг Улуғнор тумани Дўстлик массивидаги ҳашарчилар эса дала шийпонига жойлаштирилгани, фақат макарон билан мастава берилаётганидан нолишди.

XS
SM
MD
LG