Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:33

Якшанба куни маҳаллалардан теримчи сонини 3 баробар ошириш талаб қилинди


Ўзбекистондаги давлат корхоналари, ташкилот ва маҳаллалардан шанба-якшанба куни пахтага чиқариладиган теримчилар сонини икки-уч баробарга ошириш сўралди. Хусусан, Фарғона, Андижон, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида дам олиш кунлари маҳаллалардан 10-15 кишини бир кунлик теримга чиқариш талаб қилинди.

Жумладан, Қўқон шаҳридаги маҳалла қўмиталаридан бирининг ходими иш кунлари 3 кишини кунлик теримга юборган маҳаллалар шанба-якшанба кунлари 10-15 кишини теримга чиқариш ҳақида кўрсатма олганини айтди:

Ўзи камида уч кишини 10 кунлик ётоққа жўнатганмиз, ҳар бир маҳалладан. Яна 3-5 киши кунлик теримга чиқади. Фермерми, давлатми билмадим, йўлкирасини тўлаб, кунига пахтага обориб келаяпти. Энди манави шанба, айниқса, якшанба куни ҳар битта маҳалладан 10-15 кишни чиқарасизлар, дейишди. Чиқардик, чиқмагани 10-15 минг сўмдан берди, ўрнига одам ёллаб жўнатдик”, дейди Фарғона вилоятидаги маҳалла қўмиталардан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз котиби.

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги давлат ташкилотларидан бирида ишлайдиган ва исмини ошкор қилишни истамаган ходимларидан бири ҳам, одатдагидек, дам олиш кунлари давлат ташкилотларининг дам олишга чиққан ходимлари ёппасига теримга юборилаёганини айтди.

“Ташкилотлар ходимларнинг учдан бири пахтада. Ҳар ташкилотда ҳар хил. Бир ташкилотлар 10 кунга, яна бири 15 кунга, баъзилари бир ойга жўнатяпти. Шу ҳар доимгидай, ҳамма ташкилотлар ходимлари чиқиб ётибди пахтага”, деди исмини ошкор қилишни истамаган ишчилардан бири.

Андижон ва Самарқанд вилоятларида ҳам айни манзара – давлат ташкилотлари, маҳалла қўмиталари ва мактаблар дам олиш кунларида ходимларини ёппасига пахта теримига йўлламоқда.

Жумладан, Самарқанд шаҳридаги мактаблардан бирида дарс берадиган ўқитувчи якшанба куни ётоққа борганини айтди:

Мана ҳозир келдим ётоққа, жойлашяпман. 10 кунга келдим. Биздан олдин келган ўқитувчиларнинг бир группаси кетди”, деди умумий ўрта таълим мактабида физикадан дарс берадиган ўқитувчи.

Айни пайтда, республиканинг айрим вилоятларида шанба-якшанба кунлари коллеж ўқувчилари пахта теримига ҳашарга чиқарилгани хабар қилинмоқда.

Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидаги Озодлик манбаси коллежларнинг 3-босқич ўқувчилари, яъни 18 ёшга тўлган ўқувчилар ётоққа олиб чиқилганини хабар қилди. Самарқанд вилоятининг айрим туманларида ҳам коллежнинг юқори синф ўқувчилари ётоққа ёки кунлик теримга олиб чиқилаётган ҳақида хабарлар бор.

Аммо, Хоразм вилоятида бу шанба-якшанба куни айрим коллежлар, жумладан, ўтган якшанба куни ўқувчилари пахтага олиб чиқилган Қўшкўпир тумани Политехника ва тадбиркорлик коллежи ўқувчилари далага олиб чиқилмаган.

Коллежнинг исмини сир сақлаган ўқувчисидан олинган маълумотга кўра, пайшанба куни БМТ вакиллари коллежга боришган:

“Пайшанба куни БМТни одамлари келди коллежимизга. Биз билан гаплашмади, лекин келганини кўрдик. Шунга ўқитувчилар энди дам олиш куни пахтага чиқмайсизлар, дейишди. Чиқмадик бу сафар. Учинчи курслар ҳам чиқмади. Бошқа коллежларда ҳам чиқармади, деб эшитдик”, деди исмини сир сақлаган ўқувчи.

Айни коллежнинг 15 ёшли ўқувчисидан ўтган дам олиш кунлари пахта теримига мажбуран чиқарилгани ҳақида мактуб келган ва Озодлик у ўқувчи билан суҳбатлашиб, у каби вояга етмаган ўнлаб ўқувчи сентябрь ойи бошидан буён ҳар шанба-якшанба кунлари пахта теримига чиқилаётгани ҳақида маълумот олган эди.

Озодлик бу мурожаат ортидан мазкур коллеж директори Ҳурмат Ибрагимов билан боғланган, директор 18 ёшга тўлмаган ўқувчиларнинг пахтага чиқарилганига оид ўқувчи даъвосини қатъиян инкор қилган.

Аммо, бу суриштирув натижасида вилоят бўйича 18 ёшга тўлган ўқувчиларнинг 18 минг нафардан ортиғи ўтган шанба-якшанба кунлари оммавий равишда пахтага чиқарилгани тасдиқланган эди.

XS
SM
MD
LG